3. Оролни сақлаб қолиш мумкин бўлган чора - тадбирлар
Очиқ каналларни бетонлаштириш, сувни меъёрида тақсимлаш, янги (томчилатиб, ёмғирлатиб) суғориш усулларини жорий қилиш сел сувларидан оқилона фойдаланиш. Бу тадбирлар Орол сувини кўпайтириш билан бирга, унинг ҳавзасидаги табиий, ижтимоий – иқтисодий жараёнларни яхшилайди.
Оролнинг асосий манбаи ҳисобланган Амударё ва Сирдарё ҳавзаларини қаттиқ назорат қилиб иложи борича икки дарё сувини кўпайтириб Оролга ташлаш лозим. Амударё ҳавзасидаги Сарез кўли сувининиг бир қисмини Рангун, Норак, Жанубий Сурхон, Толимаржон, Қўйимозор, Занд, Туямўйин, Дауткўл сув омборларини, Вахш, Қарши, Аму-Бухоро каналлар сувининг маълум қисмини Амударёга қайтариш керак. Ҳозирги вақтда биргина Қорақум канали орқали Амударёдан ҳар йили 12 км3 сув олинмоқда. Мутахассислар фикрига кўра шунинг 7 км3 гача ҳажми буғланиб ва қумга сингиб йўқ бўлмоқда.
Каналнинг энини қисқартирилиб бетонлаштирилса 5 - 6 км3 сувни иқтисод қилиб Амударёга қайтариш мумкин.
Сирдарё ҳавзасидаги Тўхтагул, Андижон, Қайрақум, Чорвоқ, Чордара сув омборлари, баъзи каналлар сувининг бир қисми ва Ҳайдаркўл сувининг ҳаммасини тозалаб Сирдарёга юбориш лозим.
Яна бир кечиктириб бўлмайдиган муҳим масалалардан бири суғоришни жадаллаштириш мақсадида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида ташкил этилган сув омборларининг ҳолатидир. Бу сув омборларига Амударё ва Сирдарёдан кўп сувлар олиниб дарёлар сувининг кескин қисқаришига сабаб бўлмоқда. Лекин сув омборлари сувининг кўп қисми буғланиб кетмокда, йилдан - йилга лойқалар ҳисобига уларнинг сатҳи ҳам қисқариб бормоқда. Энг ачинарли томони шундаки, деярли барча сув омборлари атайин ташкил этилгандек жўғрофий ўрнига кўра аҳоли зич яшайдиган шаҳарлар ва қишлоқлар юқорисида (устида) қурилган. Маълумки бу ҳудудлар янги тектоник ҳаракатлар зонасига киради. Шундай ҳолатда бу жойларда кучли ер қимирлаш бўлмайди деб ким кафолат бера олади? Шуларни ҳисобга олиб кўпгина сув омборларининг баҳридан ўтиш керак.
Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Чоржуй воҳаларида вужудга келаётган барча қайтарма, оқова ва зовур сувларини йиғувчи махсус коллекторлар қазиб, сувни Оролга оқизишни зудлик билан амалга ошириш керак.
Сариқамиш кўлига қўйиладиган Ларемок ва Озерний коллекторларини ҳам Оролга йўллаш керак. Бу тадбирлар Сирдарё ҳавзаси ва бошқа воҳаларга ҳам тааллуқлидир. Албатта юқорида айтилган чора - тадбирларни амалга ошириш учун катта куч ва маблағ талаб этилади. Бунинг учун Марказий Осиё мамлакатлари ажратадиган маблағларни кўпайтириш, хайриҳоҳ жаҳон жамоатчилигидан оқилона фойдаланиш, Орол ҳайриясига тушган пуллар шу мақсадларда ишлатилиши маъқул бўлади.
Келтирилган тадбирлар тўла амалга оширилса, яқин орада Оролга ёғин сочин ва ер остидан сизиб тушадиган сувлар билан бирга йилига тахминан 30 - 35 км3 сув қўшиш мумкин. Бу эса Оролнинг ҳозирги ҳолатини сақлаб қолишга имкон беради. Унинг қимматга тушмайдиган яна бир чораси ҳаммаси бўлиб йилига 10 - 12 км3 сув олиб келинадиган ёпиқ сув қувурларини ётқизишдир. Бу хайрли ишни Иртиш дарёсидан тахминан Тобольск шаҳри атрофидан бошланиб Тўрғай дарвозаси орқали тўғридан-тўғри Оролга олиб борилади. Бунинг афзалликлари шундаки, сув буғланмайди ва бошқа хил исрофгарчиликка йўл кўйилмайди, экологик ўзгаришларга таъсир кўрсатмайди. Орол денгизи суви кўпайиши билан бирга у чуқурлаша бориши, тез орада амалга ошиши мумкин ва ҳоказо. Бу лойиҳани Марказий Осиё давлатлари Россия билан келишган ҳолда амалга оширишлари мумкин, чунки Оролнинг мудҳиш ҳолати Россияга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |