11-мавзу Мустақиллик йилларида Қорақалпоғистон Республикаси (2-соат)
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиётини ривожланиш тенденциялари
Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзгаришлар. Маънавий-маданий соҳадаги янгиланишлар.
Қорақалпоғистониннг маданий ва маънавий ҳаёти.
Қорақалпоғистон Республикасида экологик аҳвол. Орол фожиаси. Экологик ҳолатни яхшилаш борасидаги давлат сиёсати.
1.Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиётини ривожланиш тенденциялари.
Мустақиллик йилларида Қорақалпоғистон Республикасида институционал ва таркибий ўзгаришларни амалга оширишда маълум ижобий силжишларга эришилди. Ноқулай экологик шароитга қарамасдан минтақада макроиқтисодий ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ислоҳотларни амалга ошириш ўзининг ижобий самараларини кўрсатмоқда.
Амалиётда асосан минтақани ривожланиш стратегияси давлат томонидан ишлаб чиқилган мақсадли дастурлар орқали амалга оширилади. Мисол учун минтақани комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устувор вазифалар қаторига киритилганлиги сабабли, Қорақалпоғистон Республикасини 2017-2018 йилларда комплекс ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки минтақада иқтисодий ўсиш суръатлари 2005-2017 йилларда умуммамлакат кўрсаткичларига нисбатан юқори бўлган. Таҳлилларни кўрсатишича ушбу юқори иқтисодий ўсиш суръатлари авваламбор минтақада қурилиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳисобига эришилди. Айниқса, 2016 йилда юқори иқтисодий ўсиш (18,7 фоиз) янги қурилган Қўнғирот сода заводи ва Устюрт газкимё мажмуаси ҳисобига тўғри келади.
Иқтисодиётнинг айрим тармоқларида ўсиш суръатлари турлича бўлиб, уларнинг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига таъсири турлича бўлган. Қишлоқ хўжалиги, инвестициялар ва истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда охирги йилларда маълум даражада номутаносиблик кузатилмоқда. Ички истеъмолни шакллантирувчи товар айирбошлаш ва хизматларнинг ўсиш суръатларининг кескин камайиши аҳоли турмуш сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Қорақалпоғистон Республикаси умумдавлат меҳнат тақсимотида табиий газ (2017 йилдаги улуши 3,0 фоиз), пахта толаси (4,0 фоиз), ош тузи (32,0 фоиз), сода (100 фоиз), гуруч (31,0 фоиз) ишлаб чиқариш бўйича юқори салоҳиятга эга.
Эришилган натижаларга қарамасдан минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси мавжуд табиий салоҳиятга мос келмайди. 2017 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 3,3 фоизни, мос равишда саноат ишлаб чиқариши 4,6 фоизни, қишлоқ хўжалиги 2,8 фоизни, экспорт 2,0 фоизни, хизматлар 3,0 фоизни ташкил қилган. Асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси бошқа минтақаларга нисбатан, қишлоқ хўжалиги ва чакана товар айирбошлаш бўйича пастроқ натижаларга эга1.
Қорақалпоғистон республикаси ялпи ҳудудий маҳсулот, истеъмол товарлари, пуллик хизматлар индекси бўйича ҳам мамлакат минтақалари орасида охирги ўринлардан бирини эгаллаган. 2005-2017 йиллар давомида асосий ижобий силжиш саноат соҳасига тўғри келади. Ушбу ҳолат минтақада охирги йилларда ишга туширилган йирик кимё корхоналари ҳисобига эришилган.
Минтақа ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижалари иқтисодиёт таркибини шаклланиши билан ҳам тўғридан тўғри боғлиқ. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ялпи ҳудудий маҳсулотнинг таркибида, яъни диверсификация жараёнида маълум ўзгаришлар кузатилган.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг тармоқлараро таркибида 2005-2017 йилларда бир қатор ижобий силжишлар юз берди. Жумладан, ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 14,2 фоиздан 26,7 фоизга ошган бўлса, қишлоқ хўжалигининг улуши 30,1 фоиздан 19,2 фоизга камайган. Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган ички ҳудудий маҳсулотнинг таркибий ўзгаришида ушбу тенденцияни кузатиш мумкин. Бунда саноатнинг улуши кескин ошган (9,5 фоиздан 32,7 фоизга), қишлоқ хўжалигининг улуши эса камайган (21,3 фоиздан 15,2 фоизга). Ушбу вазиятни минтақа иқтисодиёти таркибини шакллантиришда юз берган маълум сифат ўзгаришлар билан изоҳлаш мумкин. Агарда Қўнғирот сода заводи ва Устюрт газкимё мажмуаси ҳисобга олинмаса, саноатнинг улуши камайган ва хизматлар соҳасининг ривожланиш даражаси талабларга жавоб бермаслиги, экологик вазиятнинг (Орол денгизи инқирози, сув ва ернинг сифат кўрсаткичлари тушиб кетганлиги) салбий натижалар эканлигини қайд этиш лозим2.
Шунингдек, минтақа иқтисодиёти таркибини шакллантиришда олиб борилаётган таркибий ва инвестицион сиёсатда мавжуд табиий, экологик, демографик омилларга тизимли эътиборнинг йўқлиги, йўналтирилаётган молиявий маблағларнинг бир қатор хориж давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган грантларнинг самарадорлиги пастлиги билан боғлиқ.
Ўрта ва узоқ муддатли минтақа стратегиясини ишлаб чиқишда монографик кузатув натижалари орқали аниқланган рейтинг, яъни энг асосий тизимли муаммоларни ҳал қилиш, аҳоли турмуш сифатини тубдан яхшилашга қаратилиши мақсадга мувофиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |