Республика ихтисослаштирилган терапия ва
тиббий реабилитация илмий-амалий
тиббиёт маркази тўғрисида
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу Низом Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.
Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида" 2007 йил 19 сентябрдаги ПФ-3923-сон Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Терапия ва тиббий реабилитация илмий-тадқиқот институти ҳамда Гастроэнтерология илмий маркази негизида терапия ва тиббий реабилитация соҳасида даволаш-профилактика, илмий-тадқиқот ва методик фаолиятни амалга оширадиган ҳамда аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатадиган ихтисослаштирилган мустақил тиббиёт муассасаси сифатида ташкил этилган.
2. Марказ давлат муассасаси шаклида ташкил этилади, юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, Марказнинг номи тўлиқ кўрсатилган муҳрга эга бўлади.
Марказ терапия ва тиббий реабилитация соҳасида ихтисослашиш турлари бўйича тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича клиник ўқув базаси ҳисобланади.
3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруқлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.
4. Марказ фаолиятнинг барча соҳаларидаги ўз муносабатларини қонун ҳужжатлари доирасида, шунингдек Марказнинг мақсади ва фаолияти предметига мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар билан белгиланган тартибда тузилган шартномалар асосида амалга оширади.
5. Марказнинг тўлиқ номи:
давлат тилида - Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази;
рус тилида - Республиканский специализированный научно-практический медицинский центр терапии и медицинской реабилитации.
6. Марказ қуйидаги манзилда жойлашган: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Хуршид кўчаси, 4-уй.
7. Марказ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига бўйсунади.
Do'stlaringiz bilan baham: |