60-модда. Таълимни ривожлантириш жамғармалари
Таълимни ривожлантириш жамғармалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат бюджети маблағлари, давлат ташкилотлари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари ва ихтиёрий бадаллари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ташкил этилиши мумкин.
61-модда. Таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик
Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритувчи юридик шахслар ташкил этилиши мумкин.
Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган таълим ташкилотларида таълим жараёни давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқ ташкил этилади.
Таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шакллари жорий этилади:
нодавлат таълим ташкилотларининг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари тақдим этиш;
нодавлат таълим ташкилотлари биноларини қуриш учун фаолият юритаётган давлат таълим муассасаларининг ҳудудида бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари ажратиб бериш;
мавжуд давлат таълим муассасаларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан нодавлат таълим ташкилотлари объектларини қуриш учун бепул асосда ер майдонларини тақдим этиш;
концессия асосида қурилиш учун ер участкаси ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш;
бўш ётган давлат мулки объектларини, шу жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат таълим муассасаларининг биноларини “ноль” харид қийматида сотиш;
тўлиқ бутланмай қолган давлат таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган хоналари ёки корпусларини узоқ муддатли бепул мақсадли фойдаланиш учун хусусий шерикларга топшириш;
хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган нодавлат таълим ташкилотларини моддий-техник ва молиявий таъминлаш;
оилавий мактабгача нодавлат таълим ташкилотларини моддий-техник ва методик таъминлаш;
оталиқ шаклидаги хайрия фаолиятини олиб бориш.
Таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатиладиган бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Давлат-хусусий шериклиги шаклига қараб хусусий шерик зиммасига инвестиция мажбуриятларининг қуйидаги турлари юкланиши мумкин:
ижтимоий мададга муҳтож оилалардан муайян миқдордаги тарбияланувчилар ва ўқувчиларни ўқитиш, улар учун ота-оналар тўловининг имтиёзли миқдорларини (мазкур жойдаги давлат таълим муассасалари учун белгиланганидан ошмайдиган миқдорларда) белгилаб қўйиш;
хусусий шерикка бириктирилган давлат таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш борасидаги ишларни амалга ошириш;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутиладиган бошқа мажбуриятларни бажариш.
Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари давлат томонидан шерик сифатида хусусий шерик билан битим тузади ҳамда ушбу битим шартларини хусусий шерик томонидан қандай бажарилаётгани мониторингини олиб боради.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар амал қилишининг қуйидаги муддатлари белгиланади: нодавлат таълим ташкилотларининг биноларини қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари тақдим этиш битими – камида 30 йил;
бўш ётган давлат мулки объектларини, шу жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат таълим муассасаларининг биноларини “ноль” харид қийматида сотиш битими – камида 30 йил;
тўлиқ бутланмай қолган давлат таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган хоналари ёки корпусларини узоқ муддатли бепул мақсадли фойдаланиш учун хусусий шерикларга топшириш битими – камида 30 йил;
нодавлат таълим ташкилотлари биноларини қуриш учун фаолият юритаётган давлат таълим муассасаларининг ҳудудида бепул асосда доимий фойдаланишга ер майдонлари ажратиб бериш битими – камида 30 йил; мавжуд давлат таълим муассасаларини реконструкция қилиш
ва жиҳозлаш, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан нодавлат таълим ташкилотлари объектларини қуриш учун бепул асосда ер майдонларини тақдим этиш битими – камида 30 йил;
концессия асосида қурилиш учун ер майдони ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш битими – 15 йилгача;
хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган нодавлат таълим ташкилотларини моддий жиҳатдан таъминлаш битими – камида 10 йил;
оилавий мактабгача нодавлат таълим ташкилотларини моддий-техник ва методик таъминлаш битими – камида 3 йил;
оталиқ шаклидаги хайрия фаолиятини олиб бориш битими – камида 1 йил.
Ўз фаолиятини олинган имтиёзли кредит асосида ёки давлат-хусусий шериклик шартларида тадбиркорлик субъектларига топширилган объектларда бошлаган нодавлат таълим ташкилотларининг фаолиятини у ташкил этилган кундан бошлаб 30 йил мобайнида қайта ихтисослаштириш тақиқланади.
Таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |