34-модда. Давлат таълим муассасаларига мақсадли қабул Давлат таълим муассасаларига ўқишга мақсадли қабул қилиш кадрларга бўлган реал эҳтиёждан келиб чиқиб тегишли ҳудудлар, соҳа ва тармоқлар бўйича белгиланган тартибда амалга оширилади.
Мақсадли қабул давлат таълим муассасалари, кадрлар буюртмачилари ва фуқаролар ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.
35-модда. Таълим тўғрисидаги ҳужжатлар Давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари асосида таълим олган ва давлат аккредитациясига эга бўлган таълим ташкилотларининг битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, аттестат, диплом, сертификат, гувоҳнома) берилади. Давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат оилада таълим олган ёки мустақил равишда билим олган ва аккредитация қилинган давлат таълим муассасаларида тегишли таълим дастурлари бўйича экстернат тартибида имтиҳонлар топширган шахсларга ҳам берилади, давлат таълим муассасаларида ўқитилиши шарт бўлган ва рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйиладиган касблар, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бундан мустасно.
Ўрта махсус (академик лицей), касбий таълим ва олий маълумот тўғрисидаги дипломга ўзлаштирилган фанлар рўйхати, уларнинг ҳажмлари ва фанларга қўйилган баҳолар ёзилган варақа илова қилинади.
Диссертация ҳимоя қилган шахсларга белгиланган тартибда фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражаси берилади ва давлат томонидан тасдиқланган намунадаги диплом топширилади.
Ўзбекистон Республикаси билан хорижий давлатлар ўртасидаги икки томонлама битимлар асосида ҳар икки томоннинг таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари белгиланган тартибда ўзаро тан олиниши мумкин.
Тегишли босқичдаги таълимни тугалламаган шахсларга белгиланган намунадаги маълумотнома берилади.
Давлат тасдиқлаган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат узлуксиз таълим тизимининг навбатдаги тури (босқичи) бўйича таълим олишни давом эттириш ёки тегишли ихтисослик бўйича касбий фаолият юритиш ҳуқуқини беради.
Иккита таълим муассасаси (улардан бири хорижий) ўртасида тузилган шартнома бўйича амалга оширилган таълим асосида битирувчига икки томонлама диплом (Double Diploma)лар берилиши мумкин.