10-модда. Касбий таълим Касбий таълим ихтиёрийлик асосида касб-ҳунар мактабларида, кўп тармоқли коллежларда ва олий мактабларда ҳамда ушбу йўналишдаги таълим ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Касбий таълим эгалланган касблар ва мутахассисликлар бўйича ишлаш ҳуқуқини берадиган бошланғич касбий таълим, ўрта касбий таълим ва ўрта махсус касбий таълимни беради.
Касб-ҳунар мактаблари, кўп тармоқли коллежлар ва олий мактаблар ҳамда ушбу йўналишдаги таълим ташкилотлари таълим жараёни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда давом этадиган, ўқувчиларнинг танланган касблар ва мутахассисликларни эгаллаб олишини, амалий кўникма ва малакасини чуқур ривожлантирилишини таъминлайди.
Касб-ҳунар мактабларида касбий таълим IX синф битирувчилари ҳисобидан икки йиллик қисқартирилган умумтаълим фанлари дастурлари билан биргаликда бепул амалга оширилади.
Олий мактабларда бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган бошланғич бакалавриат (associate degree) таълим дастурлари амалга оширилиши мумкин.
Бошланғич бакалавриат таълим дастурлари битирувчилари олий таълим ташкилотларида ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга.
Касбий таълим давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Фуқаролар иккинчи ва ундан кейинги касб-ҳунар таълимини шартнома асосида олишга ҳақлидирлар.
11-модда. Олий таълим Олий таълим олий маълумотли кадрлар тайёрлашни таъминлайди.
Олий маълумотли кадрлар тайёрлаш олий таълим ташкилотларида (университетлар, академиялар, институтлар ва бошқа олий таълим муассасаларида) умумий ўрта маълумотга (ўн бир йиллик таълим) ёки ўрта махсус маълумотга (тўққиз йиллик ўрта таълим ва икки йиллик ўрта махсус таълим) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига (тўққиз йиллик умумий ўрта таълим ва уч йиллик ўрта махсус ёки уч йиллик касб-ҳунар коллежи) эга бўлган фуқаролар учун амалга оширилади.
Олий таълим икки босқичга, давлат томонидан тасдиқланган намунадаги олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар билан далилланувчи бакалавриат ва магистратурага эга.
Бакалавриат олий таълим йўналишларидан бири бўйича пухта билим берадиган, ўқиш муддати камида уч йил бўлган таянч олий таълимдир.
Магистратура аниқ мутахассислик бўйича бакалавриат негизида камида бир йил давом этадиган олий таълимдир.
Тиббиёт соҳасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлашда унинг ўзига хос хусусиятлари инобатга олинади.
Фуқаролар иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни шартнома асосида олишга ҳақлидирлар.