Жиноий жазоларни либераллаштириш - қонун устуворлигининг муҳим шарти
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан инсонпарварлик, адолатпарварлик ғояларига асосланган жиноят, жиноят-процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, жиноий жазоларни либераллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари Олий Мажлисга киритилди. Уларнинг қабул қилиниши мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида ўзининг самарасини бермоқда.
Масалан, Республикамиз Президенти томонидан лойиҳаси киритилиб, 2001 йил 29 августда Олий Мажлис томонидан қабул қилинган «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақиқида»ги Қонун билан жиноятларни таснифлаш енгиллаштириш маъносида такомиллаштирилди, ярашув институти жорий этилди, Жиноят кодексидаги ўлим жазосини назарда тутувчи моддалар сони кескин камайтирилди, мол-мулкни мусодара қилиш жиноий жазо сифатида бекор қилинди ва шу каби инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар қўлланилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги 2001 йил 29 августда янги таҳрирда қабул қилинган Қонунининг 20-моддасига мувофиқ «Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ҳарбий қисмлари, ҳарбий тузилмалари, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан қонунларнинг ижро этилиши, шунингдек, улар томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги назорат предмети ҳисобланади».
Қонун устуворлигини таъминлаш - ҳуқуқий давлат барпо этишнинг асосий мезони
Ҳуқуқий давлат тушунчаси демократик давлат тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, демократик, ҳуқуқий давлат куч, инқилоб билан эмас, балки табиий-тарихий эволюцион йўл билан барпо этилади. Албатта, ҳар қандай жамиятда ҳуқуқий давлат тушунчаси у ёки бу қонунларнинг мавжудлиги билан белгиланмайди. Негаки, қонунлар ҳуқуқ сифатида ҳар бир давлатда мавжуд ва ҳар қандай ҳокимият улардан фойдаланади. Ҳамма гап ўша қонунларнинг қандайлигида ва уларнинг қандай бажарилишидадир.
Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг биринчи сессиясидаги маърузаларида «Ҳуқуқий давлатнинг мазмун-моҳиятини белгилайдиган амалдаги кодекслар, қонунлар, меъёрий ҳужжатларни танқидий баҳолаган ҳолда ҳуқуқий давлатни шакллантириш борасида биринчи галда қабул қилишимиз зарур бўлган янги қонун ва меъёрий ҳужжатларни аниқлаб олишимиз керак» деб таъкидлаб ўтдилар1.
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашда юртбошимизнинг 1996 йил 31 октябрдаги «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази»ни тузиш тўғрисидаги фармони алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда. Бугунги кунда Миллий марказ мамлакатимиз ва бутун жаҳондаги инсон ҳуқуқлари, эркинликларини жаҳон халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳимоя этишнинг таъсирли воситаси сифатида фаолияти ҳам ибратли бўлмоқда. Бироқ бу борада демократик тамойилларнинг ҳаётга тўлиқ жорий этилишида жиддий айрим муаммолар ҳам мавжуд. Улардан бири том маънодаги суд мустақиллигига эришишдан иборатдир. Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек, «Судлар том маънодаги мустақил бўлган ҳолдагина қонунларнинг қатъий ижроси, уларнинг ҳақиқий устуворлиги сўзсиз таъминланади. Қаерда суд мустақил бўлмас экан, шу ерда қонун талаблари ва адолат бузилиши муқаррар»2. Дарҳақиқат қонун устуворлигини, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминламасдан туриб, демократик ва фуқаролик жамиятини қуриш ҳақида сўз юритишга ҳеч қандай асос қолмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |