ОНА ТИЛИМ — ДИЛДАГИ ДАРДИМ МЕНИНГ
Она тилим, омон бўл мангу,
Сен борсан-ки, мен ҳам ўлмайман,
Тилдан қолсам, сени Ойбекдай
Мен кўзларим билан сўйлайман.
(Хуршид Даврон)
Ҳар тонг Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини тинглаганимда ана шундай жаннатмакон юртда яшаётганимга шукроналар келтираман. Мадҳия матнидаги “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон, Оламни махлиё айлаган диёр” сатрлари эса ўзбек халқининг ниҳоятда қудратли эканлигини бизга англатиб туради. Шу онда бир зум бўлса-да ўтмишдаги боболарни эсга олиб, улар қолдирган бой маънавий мероснинг ҳам қудрати ғоятда кучлилигини англаб етаман. Айниқса, миллатимизнинг руҳи саналган она тилимизда ижод қилган аждодларимизнинг асарларини ўқир эканман, ўзбек тилининг бир неча минг йиллик тарихга эгалиги қалбимга ғурур бағишлайди.
Бироқ бугунги кунда она тилимизни назарга илмайдиган, ўзини “ўзбек” дея атаб, лекин рус тилида “сайрайдиган” кимсаларни кўриб, очиғи, улардан нафратланиб кетаман. Ахир ўзбек миллати собиқ СССР таркибидан чиқиб, мустақил давлат дея эътироф этилганига чорак асрдан кўпроқ вақт ўтганини барчамиз яхши биламиз. Шунингдек, миллатимиз ўз тилини давлат тили даражасига кўтарганига ҳам 30 йил бўлди. Шунга қарамасдан, бугун ҳамон рус тилида сўзлашаётганлар, тилимизнинг жозибасини йўқотиб, уни бузиб гапираётганлар орамизда талайгина. Улар ҳақида кўпгина қалам аҳллари томонидан вақтли матбуотларда, ОАВ да бот-бот айтиб ўтилаётгани боис мен бу масалага тўхталмоқчи эмасман. Мен бугун ҳаётий воқеалардан бирини келтириб ўтмоқчиман. Буни менга энг яқин дугонам айтиб берган эди.
Дугонам бундан қарийиб 15 йил муқаддам турмуш ўртоғининг иши юзасидан пойтахт шаҳар Тошкентга кўчиб кетганди. У вақтда катта фарзанди дунёга келганди. Бир куни қизининг тоби қочиб, уни шифокорга кўрсатиш мақсадида уйи ёнидаги оилавий поликлиникага (бугунги кунда шундай номланади, унинг ўзбекча муқобили топилмаган,шекилли ) олиб борган. Ҳудуд шифокори ҳузурига кириб, унга фарзандининг ҳолатини айтиб берган. Уни диққат билан тинглаган оқ халатли “хоним” ўртоғимга рус тилида мурожаат этган. Ўзбеклиги юз-кўзидан маълум бўлган шифокор ҳамширасига имо қилиб, сўзларига тушунмасдан қараб турган дугонамни кўрсатган ҳолда: “Кишлакдан келииишадиида, русчани тушунмасдан, гапиириишнии биилмай бошииимизни огриитиишадии”,-деб аранг ўзбек тилида гапирган. Шунда бу сўзларни эшитган дугонамнинг жаҳли чиқиб,унга қарата: “Мен-ку рус тилини билмаганимдан уялмайман, лекин сиз ўзбек бўлатуриб, ўзбекча гапира олмасликдан уялинг”,- дея шифокор хонасидан чиқиб кетган ва бошқа ўша шифокорга мурожаат этмаган.
Бу воқеани ўқиб ўйлашингиз мумкин, рус тилини ўрганиш қийин эмаску деб. Тўғри, кўп тилни билиш барча киши учун фойда бўлса бўладики, зарар келтирмайди. Ўртоғим гарчи вилоят марказида яшаган бўлса ҳам, бироқ ўзбек маҳалларидан бирида истиқомат қилгани боис рус тилини ўрганмаган. У пайтларда тил ўрганишга бўлган қизиқиш ҳозирги даврдаги сингари юқори даражада бўлмаганлиги сабабли бунга ҳаракат қилмаган. Ҳатто бугунги кундаги каби тил ўргатишга ихтисослашган ўқув марказлари ҳам йўқ эди. Ҳа майли, дугонамку она тилимиздан бошқасини билмабди, лекин ўзбек бўлатуриб ўз тилида гапира олмаган шифокорчи? У рус тилини ўрганиб, ўзбекчани ёдидан чиқариб юбордимикин? Бу ҳолат она тилига бўлган ҳурматсизликнинг белгиси эмасми? Нима учун у давлат тилини иккинчи даражага қўйди?
Ваҳоланки, ўша пайтда тилимизнинг Давлат тили дея эълон қилинганига 15 йил тўлганди. Бу давр қисқа эмас,албатта. Бу бир гўдакнинг дунёга келиб, ўсмир сифатида камолга етишигача бўлган муддат. Ана шу муддат оралиғида, менимча, ҳар бир инсон ўзлигига қайта олса керак.
Ушбу воқеани эшитганимдан сўнг нуқул мени бир нечта саволлар қийнайди. Наҳотки, шифокор ўзбек бўла туриб она тилисини унутиб қўйган ёки ўз тилида гапиришдан ор қилган бўлса? Наҳотки, олий маълумотли инсон назарига илмай гапирган гапи орқали одамлар кўнглига озор етказишдан қўрқмаган бўлса? Ахир биз ўзбеклар бировнинг қалбини оғритишдан, уни ранжитиб қўйишдан андиша қиладиган халқмиз. Шу ўринда яна бир савол, шифокорнинг фарзандлари бугун қайси тилда сўзлашяпти? Ўйлайманки, юқоридаги саволларга аниқ жавоб топиш бироз мушкул. Аммо сўнгги саволга халқимизнинг ажойиб мақоли орқали жавоб бермоқчиман, яъни,“Қуш уясида кўрганини қилади”. Балки бугун шифокорнинг фарзандлари ҳам ўзбекнинг фахри бўлган она тилида эмас, миллатимизни юз йиллик қарамликда олиб ўтирган эски тузум тилида гаплашаётгандир. Агар шундай бўлса, минг афсуски, уларга жуда ҳам ачинаман. Уларни ўзлигини унутган манқуртга қиёс этгим келади.
Дугонам эса рус тилини билмаганидан уялмаса ҳам бўлади. Чунки у бугун юртимиз эртаси бўлган келжагимиз эгаларига она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бериб, қулоғимизга она алласининг жарангги билан сингган ўзбек тилининг гўзалликларини, аждодларимиз қолдирган маънавият хазинасининг нодир дурдоналарини ўргатиб келмоқда. Бу хазиналар ўзимизнинг соф туркий тилда битилган ва ўзбекнинг номини мангуликка муҳрлашга хизмат қилади.
Бинобарин, бугун миллатимиз руҳи саналган она тилимизнинг шаъни, қадр қимматини юксакларга кўтариш ҳақида сўз юритилаётган экан, ана шундай онларда она тилим- дилимдаги дардим менинг дегим келади. Бу дард билан яшаш эса мени хаста қилмайди, аксинча, менга куч-қувват бағишлайди. Зеро, шоирлардан бири айтгани каби:
Маним Машҳаргача равон йўлим бу,
Олам айвонида мангу тилим бу.
Юрагим тараннум этган баётман,
Она тилим бордир, мен барҳаётман.
Do'stlaringiz bilan baham: |