3-боб. Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш 19-модда. Оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби Оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказиш деб юритилади). Оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза рўйхатдан ўтказувчи органга белгиланган тартибда муассис томонидан берилади.
Муассиснинг оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризаси рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак.
Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказганлик ҳамда қайта рўйхатдан ўтказганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда рўйхатдан ўтказиш йиғими олинади.
20-модда. Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
муассис тўғрисидаги маълумотлар;
оммавий ахборот воситасининг номи, тили ва тури;
мақсад ва вазифалари;
ихтисослашуви;
тарқатилиш ҳудуди;
даврийлиги;
молиялаштириш манбалари;
таҳририятнинг жойлашган ери (почта манзили) ва таҳририят тўғрисидаги бошқа маълумотлар;
ҳажми;
муассис ва таҳририят бошқа қайси оммавий ахборот воситаларига нисбатан муассис, ишончли бошқарувчи, ношир, тарқатувчи эканлиги ҳақидаги (барча аффилланган шахсларнинг ва улардан ҳар бирининг таҳририят устав фондидаги улуши миқдорлари кўрсатилган) маълумотлар.
Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризага оммавий ахборот воситасининг таъсис ҳужжатлари илова қилинади.
Агар муассис битта шахсдан иборат бўлса, рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этиладиган оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризага фақат таҳририят устави (низоми) илова қилинади.
Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган тақдирда веб-сайтнинг домен номи кўрсатилади, бунда ушбу модда биринчи қисмининг олтинчи ва ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган маълумотларни тақдим этиш талаб қилинмайди.
Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишда ушбу моддада назарда тутилганидан бошқа талаблар қўйиш тақиқланади.
Ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи—бешинчи хатбошиларида, шунингдек иккинчи қисмида кўрсатилган маълумотлар ва ҳужжатларга оммавий ахборот воситаси рўйхатдан ўтказилганидан сўнг ўзгартишлар киритилган тақдирда, у белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтиши шарт. Қолган ҳолларда муассис ёки таҳририят киритилган ўзгартишлар тўғрисида рўйхатдан ўтказувчи органни бир ой муддатда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.