Омма диққатини чалғитиш. Жамиятни бошқаришнинг асосий унсури одамлар эътиборини муҳим муаммолар ҳамда сиёсий ва иқтисодий қарорлардан чалғитишдир. Бунинг учун эса ахборот майдони кам аҳамиятли хабарлар билан тўлдирилади.
Фуқароларга замонавий фалсафий оқимлар, илғор илм-фан, психология, АКТ соҳасидаги муҳим маълумотларни олишга имкон берилмайди. Бунинг ўрнига ахборот майдони спорт ва шоу-бизнес хабарлари, енгил-елпи материаллар билан тўлдирилади. Фуқароларнинг эътиборини ҳақиқий аҳамиятга эга бўлмаган муаммоларга қаратиб, чинакам ижтимоий муаммолардан чалғитиш керак бўлади. Одамлар ҳар доим нима биландир банд бўлишига ва уларнинг тафаккур учун вақти қолмаслигига эришилади.
Дастлаб муаммолар яратилиб, кейин уларнинг ечимини таклиф этиш. Мазкур усул “муаммо – реакция – ечим” деб ҳам аталади. Муаммо, қандайдир мураккаб вазият юзага келтирилади, бундан мақсад аҳоли орасида муайян реакцияни келтириб чиқариш ва одамларнинг ўзи ҳукмрон доираларга керакли қарорларнинг қабул қилинишини талаб этишидир. Масалан, шаҳарларда зўравонликларга эътибор берилмайди, пировардида одамларнинг ўзи хавфсизликнинг кучайтирилишини кўзда тутувчи қонунлар қабул қилинишини ва фуқаролик эркинликларини чекловчи сиёсат олиб борилишини талаб қилади.
Ёхуд қандайдир иқтисодий ёки техноген инқироз келтириб чиқарилади. Шунда одамлар ижтимоий ҳуқуқлари поймол бўлса-да, инқирознинг оқибатларини бартараф этиш чоралари ҳақида ўйлай бошлайди.
Аста-секинлик билан муросага олиб келиш. Бирор бир мақсадли чоранинг қўлланишига эришиш учун уни кунма-кун, йилма-йил татбиқ этиш кифоя. Ўтган асрнинг 80 ва 90-йилларида принципиал янги ижтимоий-иқтисодий шартлар (неолиберализм) айнан шу усулда жаҳон бўйлаб тарқатилди. Давлатнинг функцияларини минимумга тушириш, хусусийлаштириш, ишончсизлик, беқарорлик, оммавий ишсизлик, рисоладагидек кун кечиришга етмайдиган маош. Буларнинг бари бир пайтнинг ўзида содир бўлганида, шубҳасиз, инқилобга олиб келади.
Ижрони кечиктириш. Қарорни сингдиришнинг бошқа бир усули уни “муҳим ва зарур” чора сифатида тарғиб қилиб, унинг келажакда амалга оширилиши учун фуқароларнинг розилигини олишдир. Айни пайтда эмас, келгусида қурбон беришга рози бўлиш осонроқ.
Биринчидан, чунки бу бирданига амалга ошмайди.
Иккинчидан, омма ҳар доим “эртага ҳаммаси яхши бўлиб кетади” деган умид билан яшашга мойил ва ундан талаб қилинадиган қурбонликлар рўй бермайди деган илинж билан яшайди. Шу тариқа фуқароларнинг ўзгаришлар ҳақидаги ўйларга кўникиши учун кўпроқ вақти бўлади ва вақти келганида ўша ўзгаришларни муроса билан қабул қилади.
Аҳолига кичик боладек мурожаат қилиш. Кенг оммага мўлжалланган аксар тарғибот чиқишларида гўёки мактаб ўқувчилари ёки кичик ёшли кишилар ҳақида кетаётгандек важлар, қаҳрамонлар, сўзлар ва оҳанг қўлланади. Юқорида ва қуйидаги тилга олинган усулларга дучор бўлган кенг аудитория учун мўлжалланган пуч сиёсий мулоҳазалар ва сийқаси чиққан ахборотлар тиқиштирилган бўлади ва у тезда ўзлаштирилади.
Ҳиссиётга иложи борича кўпроқ эътибор бериш. Ҳисларга таъсир кўрсатиш нейролингвистик усули бўлиб, одамларда тўғри таҳлилни, охир-оқибат содир бўлаётганларни танқидий тафаккур қилишни тўхтатиб қўйишгача олиб боради.
Бошқа томондан, ҳиссий омилдан фойдаланиш онг остига фикрлар, истаклар, қўрқувлар, хавфсирашлар, мажбурлашлар ёки халқ-атворнинг барқарор моделларини сингдириш имконини беради. Ҳислар – доим мантиқнинг душмани.
Одамларни тор ахборот маконида ушлаб туриш. Одамларни – уларни бошқариш учун қўлланаётган усулларни тушунмайдиган даражага тушишига эришиш. Жамиятнинг тегишли қатламига тақдим этилаётган ахборот сифати иложи борича ҳаминқадар ва ўртамиёна бўлиши керак, токи маълум мақсадга эришишга имкон берадиган ахборотга эга бўлмасин.
Фуқароларни ўртамиёналикдан завқланишга ундаш. Аҳолининг онгига ўртамиёналикнинг афзал томонларини сингдириш. Замонавий дунёда ҳар қандай ижтимоий соҳалар – дину илм-фан, санъату сиёсатда ўртамиёналик катта миқдорда намоён бўлмоқда. Жанжаллар, оммавий чиқишлар, бўлар бўлмас, арзимас масалаларда муносабат билдирмаслик ва популистик тадбирлар – буларнинг бари одамларда нафс балоси, чексиз эҳтиёжларини кенгайтирмаслигига хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |