“Севишнинг ҳам нафратланишнинг ҳам ўз қоидалари бор.
Душманларимиз ҳам бу қоидаларни жуда яхши билади ва ўз ўрнида
фойдаланишади.
Ёшларимизга кино, театр ва шунга ўхшаш йўллар билан таъсир
кўрсатишяпти. Баъзида биргина карикатура ҳам уларнинг дунёқарашини
ўзгартиришга етиб ортяпти.
Сабаб?
Сабаби ғоятда аниқ. Биз болаларимизга душманларимиз ва уларнинг
ҳийлаларини умуман ўргатмадик. Уларга таҳорат, намоз, Қуръонни
ўргатиш етмайди. Бироқ биз етади, деб ўйладик.”
Ёқуб имом кўз ёшларини тута олмади:
“Қайси ота ўз фарзанди билан сайр қилгани чиқади? Қайси ота-она
жигарбандини суйиб, эркалаб намоз ўқишни ўргатяпти? Қайси ота-она
фарзандлари билан дўст тутинган? Бу хислатлар жуда камчилигимизда
мавжуд. Қоп-қора тахтада оқ нуқталар тахтани оқартира олмайди-ку”.
Кўзёшлар имомнинг яноқлари-ю, бурнидан оқар эди... Бошини кўтариб
жамоага назар ташлади.
- Биродарлар, мен бу ёзилганларни бажара олмадим. Чиройли муомала
етади, деб ўйлар эдим, етмас экан. Келинг ҳаммамиз бир бўлиб бу
хатоларимизни тўғрилайлик. Ичингизда бирортангиз шу сифатларга эга
бўлсангиз, айтинг, дуоингизни олайлик, қўлингизни ўпайлик.
Ҳеч кимдан садо чиқмади. Кутилмаганда у Диний қўмита тарафидан
юборилган тафтишчига кўзи тушди. Тушунарли... Дарҳол курсидан тушиб,
тафтишчининг олдига келди.
- Хуш келибсиз. Ҳойнаҳой мени қидириб келган бўлсангиз керак.
- Ҳа, сизни сўраб келдим.
- Марҳамат, эшитаман.
- Устингиздан шикоят тушган. Масжид ҳовлисини бозорга айлантириб
юборибсиз. Шу тўғрими?
- Бир аравачада озгина мева сабзавот сотяпман, лекин бу хизмат вазифамга
салбий таъсирини кўрсатгани йўқ.
- Бу ишни Давлатимиз ман қилган. Протокол тузишга мажбурман.
Буниси энди ортиқча, Ёқуб имомнинг дармони қолмаган эди.
- Неча йилдирки сургунликда азоб чекдим. Бола чақам ҳам мен билан бирга
қийналишди. Агар яна сургунлик ҳақида фармон келса, кўтара олмайман.
Шундоқ ҳам дардим тоғлардан ошиб кетган.
- Ким шикоят қилибди? – гапга аралашди Аҳмад.
- Жамоатдагилардан...
Ёқуб имом жамоатга бир назар ташлаб олгач деди:
- Йўқ, жамоадагилар бундай қилишлари мумкин эмас, ахир мен уларга
умримни сарфлаганман. Илтимос протокол (баённома) ёзманг, ёлвораман.
- Давлатнинг ҳам ўзига яраша қонуни бор.
- Унда давлат маошимизни кўтариб қўйсин. Етмаяпти ахир. Олган пулимиз
еб-ичишдан ортмайди. Илгари бир шаҳарда яшасак ҳам, ота-онамни кўргани
бора олмас эдим. Энди эса кун ора хабар олиб келаман. Сал кўкрагимга шамол
тегди десам, бу хайфсан иши. Ёлвораман, шундоғам дардим кўп.
Тафтишчи ўйланиб турар экан, жамоат ўрнидан турди:
- Йўқ, биз имомимиздан жуда мамнунмиз. Орамиздан ундай одам чиқиши
мумкин эмас. Кимлигини айтинг ёки жамоамизни ёмон отлиқ қилманг. Акс
ҳолда, устозимиз биздан шубҳаланиб қоладилар.
- Айта олмайман.
Сўнгра тафтишчи имомни ташқарига имлади.
- Бирор ҳолироқ жойда гаплашайлик.
- Марҳамат, уйга чиқайлик.
Ёқуб имом яна зиналардан зўрға кўтарилар эди. Уйга киришгач, тафтишчи
ўзига кўрсатилган курсига ўтирди, имомга бошдан оёқ разм солгач деди:
- Майли, протокол тузмайман. Бориб ҳеч қандай шубҳали нарсага кўзим
тушмаганини айтаман. Бироқ сиз ҳам у ишингизни йиғиштиринг, келишдикми?
Ёқуб имом қизига берган ваъдасини ўйлади. Буёғига нима қилади? Қизини
қандай қилиб тўғри йўлга бошлайди? Лекин мажбуран сўз берди.
Тафтишчи кетгач дарров уйдан чиқди. Телбаларча қадам ташлар, ҳеч
нимани ўйламас эди. Бироз вақт ўтгач, Усома ёдига тушди. Дарров бориб уни
топгиси келди. Қизини ўйлаб яна ўғли хаёлидан кўтарилибди. Усома ўртоқлари
билан ўйнар эди. Аввал бир чеккада ўтириб уларни томоша қилди. Усома
отасини кўрган заҳоти югуриб келди.
- Тинчликми дадажон, бирор нима бўлдими?
Ёқуб имом мажолсиз жавоб берди:
- Нима бўларди, ўғлим. Шунчаки олдингга келдим.
Усома ҳайрон бўлганди.
- Яхши-ку лекин нега келдингиз?
- Ота-ўғил бир айланиб келайлик, дедим-да. Юр, Лунапаркка борамиз.
Тавба дадасига нима бўлди экан?
- Хўп дада, юринг.
Ўғли билан бир неча соат сайр қилди. Чиройли суҳбатлар қуришди, Усома
қайси арғимчоққа ўтиргиси келса, ўшанга миндирди.
Do'stlaringiz bilan baham: |