Концепция нима учун илм-фан керак? – деган саволга жавоб беради. Ундан шуни англаш мумкинки:
– жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви ва унинг янги технологик ривожланишга ўтиш жараёни;
– рақамли технологиялар;
– рақобатнинг тобора кучайиши;
– тўртинчи саноат инқилоби;
– экономиками, экологиями ёки инсон омилими? – деган савол ва фактлар бугунги рақобат шароитида илм-фан зиммасига йирик ижтимоий юк – илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион ишланмаларни амалга оширувчи экотизимни шакллантиришни асосий вазифа қилиб қўйди.
Концепцияда қайд этилганидек, ривожланаётган мамлакатлар рақобатбардошликни ошириш ва мустаҳкамлаш бўйича юқори технологияли ишлаб чиқаришни ва глобал маркетингни фаол ўзлаштириш, устувор йўналишларда ўз илмий мактабларини ташкил этиш, тажрибали ва малакали мутахассисларни жалб этиш, инновацион салоҳиятга эга истиқболли стартапларни қўллаб-қувватлаш, узоқ муддатли барқарор ривожланишнинг молиявий ва институционал асосларини яратиш учун давлат имтиёзларидан мақсадли фойдаланиш каби чораларни кўрмоқда. Хўш, бизда аҳвол қандай?
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 декабрь куни илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борадаги ҳақиқий аҳвол қайд этилди. Соҳа учун ҳам моддий, ҳам ташкилий жиҳатдан барча шароит яратилмоқда. Лекин 100 дан зиёд илмий ташкилотлар фаолиятида, улар томонидан олиб борилаётган изланишларда ҳали сезиларли ўзгариш бўлгани йўқ.
Бугун мамлакатимизнинг илм-фан сектори 100 дан ортиқ академик ва тармоқ илмий муассасаларидан иборат бўлиб, ҳозирги кунда 65 та илмий-тадқиқот институти, 31 та илмий марказ (шундан 14 та ихтисослаштирилган илмий-амалий марказ) ва 8 та бошқа турдаги илмий ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида ҳам илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Шу маънода Ўзбекистонни 2030 йилга қадар глобал инновацион индекс рейтингида дунёнинг 50 та етакчи давлатлари қаторига киритиш бўйича улкан мақсадга эришишда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган стратегик режа эълон қилинди.
Энг муҳими, илм-фан соҳасининг жамиятдаги мавқеи оширилди, ёшларнинг соҳага бўлган фикри-муносабати ижобий томонга ўзгарди. Аммо, тан олиш керак, ҳануз алмисоқдан қолган мавзуларда илмий ишланмалар мавжуд. Айрим соҳалардаги тадқиқотлар (хусусан, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, нанотехнологиялар, ген инженерияси, криминалистика) жиддий ортда қолган. Иқтисодиётнинг илм-фанга эътибори юқори эмаслиги, учрашувда қайд этилганидек, олимларга буюртмаларнинг мавжуд эмаслиги; технопарклар, стартаплар яратилаётган илмий ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликнинг сустлиги; барча соҳаларда бўлгани каби соҳада прогнозлашнинг етарли эмаслиги; илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштиришнинг сустлигини назарда тутсак – менежерлик илмининг етарли эмаслиги; илмий салоҳиятни ривожлантиришга хусусий секторнинг фаол эмаслиги; илм-фан ва илмий фаолиятга молиявий ресурларнинг етарли даражада йўналтирилмаётганлиги; илм-фан ютуқларининг реклама қилинмаслиги кенг кўламли ислоҳотлар фонида бизларни ортга тортмоқда.
Ҳозирда WEB of Science, SCOPUS каби маълумотлар базасида индексация қилинадиган халқаро илмий журналларда чоп этилган мақолалар орасида Ўзбекистоннинг ялпи улуши 0,1 фоизга яқин. Ўз ичига 5 мингдан ортиқ нашриётларнинг 22 минг номдаги илмий журналларини олган Scopus маълумотлар базаси асосида SJR (ScimagoJournal&CountryRank) ресурсининг таҳлилларига кўра, Ўзбекистон битта мақолага ҳаволалар кўрсаткичи бўйича жаҳоннинг 239 давлати ўртасида 220-ўринни эгаллаб (6,52), мамлакатимизнинг H-index кўрсаткичи 86 ни ташкил этмоқда.
Қувонтирадиган нарса: юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш борасида фан докторлари (DSc) ва фалсафа докторлари (PhD)ни тайёрлаш доирасида устувор илмий йўналишлар бўйича илмий кадрларни мақсадли тайёрлашга ўтилиши. Зеро, тан олиш керак, муҳандислик соҳасида бирмунча ортда қолдик.
Хулласи, концепцияни амалга оширишдан қуйидаги натижалар кутилмоқда: илмий тадқиқот дастурлари мувофиқлаштириш; илм-фаннинг давлат ва хусусий сектор томонидан мувозанатли молиялаштиришга эришиш; Good Scientific Practice (GSP) ва Good Laboratory Practice (GLP) стандартларини жорий этиш, GLP ва Good Manufacturing Practice (GMP) стандартлари бўйича халқаро мезонларга мос келадиган миллий илмий лабораториялар фаолиятини ташкил қилиш; плагиат ва илмий ғояларни ўзлаштириш ҳолатларини бартараф этиш; илм-фан соҳаси ходимларини моддий рағбатлантириш. Бир сўз билан айтганда, илм-фан ютуғини тижорий қийматга эга бўлдириш. Демак, давлатимиз раҳбари айтганидек, икки соат кам ухлаб, икки соат кўп ишлашга!
Do'stlaringiz bilan baham: |