ВАҲДАТ УЛ-ВУЖУД ВА ВАҲДАТ УШ-ШУҲУД
“Ҳазрати шайх Аҳмади Жом бир мажлисда ўтирардилар. Суҳбат асносида мутакаллим билан сўфий орасида мунозара бошланади. Мутакаллим дейди: ит ва мушукда зуҳур этган худодан безорман. Сўфий эса унга жавоб қайтариб: мен ит ва мушукда зуҳур этмаган худодан безорман, дейди. Мажлис аҳли: бу икковидан бири албатта кофир бўлди-ю, деб ўйлайдилар. Шунда шайх сўз олиб, мунозарага сабаб бўлган масалани тушунтириб, дейди: мутакаллим эътиқодига биноан ит ва мушук энг паст махлуқ ва улар жисмига нурнинг қўшилиши, тажаллий зуҳури айни нуқсондир, бас, унинг мақсади нуқсонли худодан безор бўлиш, яъни худода нуқсонни кўрмасликдир. Ва сўфий ҳам мўътақиддирким, ит ва мушукда илоҳий нурнинг қўшилиб, зуҳур этишида ҳеч бир нуқсон кўринмайди, агар худо ит ва мушукда зуҳур этмаганида эди, у нуқсонли бўларди. Бас, сўфийнинг ҳам мақсади худони нуқсонлардан холи кўрмоқчи ва ҳеч шубҳа йўқки, Худо барча нуқсонлардан покдир”1.Бундай мунозаралар Ибн ал-Арабийдан олдин ҳам, кейин ҳам бўлиб турган, аммо ҳамма вақт ҳам Шайх Аҳмади Жом сингари адолатли ҳакам бўлавермаган. Шу сабабдан, Ибн Таймия каби калом илмининг ашаддий тарафдорлари томонидан ҳужумлар кучайган пайтларда ваҳдат ул-вужуд таълимотига субъектив тус бериш ҳолатлари кўп кузатилади. Натижада ваҳдат ул-вужуд назариясига нисбатан уч хил қараш юзага келди:
1. Ваҳдат ул-вужуд назариясини тамомила қўллаб-қувватлаш. Уни айни ҳақиқат ва маърифат деб билиш.
2. Ваҳдат ул-вужуд назариясини бутунлай инкор этиш.
3. Ваҳдат ул-вужуд назарияси ўрнига ваҳдат уш-шуҳуд назариясини тақдим этиш.
Аммо Нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган арбоби, улкан олим ва сўфий Имом Раббоний (971-1034 ҳижрий саналар ва 1563-1625 милодий саналар) бу хил қарашга ўзларининг тўртинчи йўлларини қўшдилар.
У кишининг фикрларича, ваҳдат ул-вужуд соликка ориз бўладиган бир ҳолдир. Ўшанда сўфий одамга кўринадиган ҳамма нарса бир вужуд бўлиб қолади. Аммо солик илоҳий тавфиқ ила набавий ҳадийга рафиқ бўлиб турса, бошқа бир мақомга эришади. Бу мақом ваҳдат ул-вужуд мақомидан устун мақом бўлиб ваҳдат уш-шуҳуд деб аталади. Ваҳдат уш-шуҳуд даражасига етган соликнинг шоҳидлиги фақат вожиб ул-вужуд(Аллоҳ)нинг ёлғиз ўзи бўлиб қолади. Бошқа нарсалар ўзлари мавжуд бўлса ҳам унга йўқдек бўлиб қолади. Чунки, қуёш чиққанда юлдузлар кўринмай қолганидек, Аллоҳга етишганда бошқа нарсалар кўзга кўринмай қолади1”
Бир қатор тадқиқотларда ваҳдат ул-вужуд ва ваҳдат уш-шуҳуд назариялари қарама-қарши қўйилган ҳолатда талқин қилинади. Жумладан, таниқли инглиз олими Ричард Никольсон бу борада қуйидагича фикр билдирган: “Ибн ал-Арабий ваҳдат ул-вужуд назариясининг асосчисидир ... Чунки унинг фикрлари Боязид, Ҳаллож ва ҳатто замондоши бўлмиш Ибн ал-Форизнинг сўзларига мутлақо ўхшамайди. Сўфийлар Худога бўлган муҳаббатлари воситасида ўзлари ва мосиваллоҳдан фоний бўлиб, ўз вужудларида Ундан ўзгани кўрмадилар; бу эса ваҳдат ул-вужуд эмас, балки ваҳдат уш-шуҳуддир. Тариқат соликининг ўз кўнглида Парвардигор ягоналигини мушоҳада этиши ва илоҳий жазба туфайли ҳосил бўлган муҳаббат туғёни билан илоҳиётда фалсафий тизим яратган назариётчининг сўзлари ўртасида катта фарқ бор.”
Лекин Ибн ал-Арабийнинг қуйидаги сўзлари Никольсон ва унинг тарафдорлари билдирган фикрларни шубҳа остида қолдириши табиий: «Мадҳуш (ҳушсиз) шундай бир ҳол соҳибидирким, Илоҳ Жалоли уни фано мақомига етказибдир ва ё Илоҳий Жамол уни бехуд қилибдур; ҳар ҳолда ақл унга бегона бўлмиш... Мен ўзим бир неча марта шу ҳолатга тушганман... Намозимда ҳам Худодан бошқа нарсага таважжуҳ қилмасдим»(“Фусус ул-ҳикам”, 218-бет).
“Футуҳот ул-Маккия” асарида ҳам наҳв илми билимдони бўлган бир дўстининг аҳволини ҳикоя қилади. Дўсти ҳам фано ва фонийликни рад этувчилар тоифасидан бўлган. Аммо бир куни ислом лашкари Андалусиядан Фес шаҳрига кетаётганда лашкарбоши – амиралмўъминийннинг шавкати ва ҳайбатига шу даражада маҳлиё бўладики, атрофдаги минглаб аскар ва томошабин одамларнинг гап-сўзлари, отларнинг кишнаши, дуҳул ва ноғоранинг қулоқни қоматга келтирувчи овозини умуман эшитмайди; амиралмўмининнинг салобати уни шу даражада босадики ҳатто ўзидан ҳам хабарсиз қолади, унинг бутун вужуди кўзга айланиб қолгандек эди гўё... Ибн ал-Арабий шу ҳодисани шарҳлаб, жумладан, шундай дейди: «Эй биродар! Бу яралганга фоний бўлишнинг бир кўринишидир, энди Яратганга фано бўлиш ҳақида не дерсан?»
Мазкур асарнинг бошқа бир жойида Имом Раббоний томонидан ваҳдат уш-шуҳуднинг моҳиятини шарҳлашда далил сифатида келтирган юлдузлар ва қуёшнинг муносабати тўғрисида айнан бир хил мулоҳаза юритгани Ибн ал-Арабий ва Имом Раббоний таълимотлари бир-бирига қарама-қарши таълимот эмас, балки ваҳдат уш-шуҳуд ваҳдат ул-вужуд таълимоти қобиғида етишиб чиққан назария эканлигининг яна бир исботидир. Ибн ал-Арабий “Муслим саҳиҳи”да келтирилган “Инна лиллоҳи сабъийна ҳижобан мин нурин ва зулматин ла кашафаҳо лааҳрақат сабаҳоту важҳаҳу мо адракаҳу басараҳу мин халқиҳи” ҳадисининг шарҳида қуйидагича мулоҳаза юритади: «Бу ерда куймоқ улвий нурга қуйи нурнинг индирожи (дохил бўлмоқ, қамраб олинмоқ)дан иборатдир; бу юлдузлар нурининг Қуёш нурига индирож бўлишига ўхшайди. Юлдуз агар Қуёш нури шуъласига қолиб кетса, ўзидаги мавжуд нурлар йўқолиб кетмайди, аммо кўринмай қолади. Урфиятда ҳам “юлдуз сўнди” деган ибора ҳам унинг йўқолиб кетишини эмас, балки ҳолати ўзгарганини англатади.»
Ибн ал-Арабийнинг наздида ваҳдат ул-вужуд ва ваҳдат уш-шуҳуд мақоми иккаласи бир нарсадир. Вужуд сўзи “важд” (арабча – топиш; севги, интилиш) ва “виждон”(туйғу; ички маънавий дунё; қалб; ички ҳис) сўзлари билан ўзакдош бўлиб, бошқа мусулмон Шарқи файласуфларидан фарқли ўлароқ, Ибн ал-Арабийда бу сўз фақат “борлиқ” маъносини англатмайди, балки Парвардигорнинг ўзи ёки халқ қилган олам орқали Уни топмоқ, Унинг Жамолини мушоҳада этмоқ, кашф қилмоқ маъносини билдиради. Қолаверса, вужуд сўзининг ўзаги бўлмиш “важада” феълининг асосий маъноси “топмоқ”дир. “Вужуд” ва “шуҳуд” сўзлари қарама-қарши қўйилган ҳолатларда эса, Вужуд Ҳақ таолони, шуҳуд эса Уни ўз қалбида мушоҳада этаётган бандани англатади. Парвардигор ҳамма нарсада мавжуд бўлиб, барча ашёда ўзини кўради, банда эса ўз истеъдоди андозасида Унинг ҳузурини мушоҳада этади. Вужуд ботин (Ҳақ)га тааллуқли бўлиб, шуҳуд зоҳир (халқ)га хос ҳодисадир.
Мазкур босқичда ойдинлашиши лозим бўлган муҳим масалалардан бири – вужуд ва илмнинг ўзаро муносабатидир. Вужуд ҳам, илм ҳам айни Парвардигордан ўзга эмас. Қаердаки вужуд ёки илм бўлса, ўша ерда Парвардигор тажаллий этган. Ориф ўзидан кечиб, вужуд, яъни Аллоҳнинг ҳақиқатини англайди, натижада, оламга Аллоҳнинг илми орқали қарайди. Аллоҳ ўз вужудида барча оламни кўради, бас, шу ваҳдатнинг бир бўлагига айланган ориф ҳам бу бирликни ўзида кўра бошлайди. Ваҳдати офоқийни ваҳдати анфусий орқали идрок этади ва ваҳдати шуҳуд (шоҳид ва машҳуд – Аллоҳ ва банда бирлиги) йўлидан ваҳдати вужуд (Мутлақ Борлиқ ягоналиги)га етишади. Шу тариқа объект ва субъект, офоқ ва анфус ўртасидаги кўринаётган иккилик ҳам барҳам топади. Зотан, ориф қалбида ҳосил бўлган ваҳдат мушоҳадаси ҳамда касрат оламда мавжуд бўлган ваҳдат мавжудлиги аслида ягона Вужуд – Аллоҳ таоло тажаллийсининг икки зуҳуридир. Демак, субъект ва объект – мушоҳада этувчи ориф ва ўзидан шоҳидлик – гувоҳлик бераётган Илоҳий жамол аслида ўз моҳиятига кўра ягона Вужуднинг икки хил аёнлашувидир. Бу борада Ибн ал-Арабийнинг қуйидаги фикри алоҳида аҳамиятга эга: “Илоҳий мазҳарким, тажаллиёт деб аталур, уларда акс топган асл нур биз учун пинҳондир. Тажаллий уларда содир бўладиган сурат (шакл, шамойил)лар эса шу тажаллий зоҳир бўладиган макон ҳисобланади. Демак, бизнинг мушоҳадамиз асл нурни эмас, балки ўша нур мазҳари бўлган ашёларда чекланиб қолади.”
Do'stlaringiz bilan baham: |