Ҳаракатлар стратегиясида хотин-қизларнинг ва коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида:
«Маҳалланинг энг намунали тадбиркор аёли» танловининг маҳаллалараро ва туман (шаҳар) босқичларини ўтказиш;
«Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси – 2017» республика танловини ўтказиш;
Қўрғонтепа, Олот, Пахтакор, Деҳқонобод, Косон, Нурота, Узун ва Қўшкўпир туманларида аёлларни касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш;
педагогик маълумотга эга бўлган, бироқ бола парваришлаш муносабати билан вақтинча ишламаётган аёлларга оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатида касаначилик фаолияти ташкил этиш.
Бу тадбирларнинг амалга оширилиши хотин-қизларда ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчи қизларида тадбиркорлик кўникмалари шакллантиради, уларнинг ҳуқуқий ва иқтисодий билимларини оширади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 7 февраль куни хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилишда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Ушбу маърузада ўтган йилларда бу борада муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да бироқ шу пайтгача хотин-қизлар манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича самарали механизм яратилмаганлиги қайд этилди.
Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари йиллар мабойнида фақатгина турли тадбирлар ва йиғилишлар ўтказиш билан чекланиб, ижтимоий вазияти оғир оилалар, аёллар ва ёш қизларга чинакам ёрдам бериш бўйича самарали фаолият олиб бормаган. Бунинг оқибатида жойларда кўплаб масалалар тўпланиб қолган, уларнинг ечими бўйича аниқ манзилли ишлар амалга оширилмаган.
Ўтган йил жамоатчилик назорати гуруҳлари ташкил этилиб, хотин-қизлар ҳаётидаги муаммолар ўрганилди. 2017 йил жами 5 млн.дан ортиқ хонадонга кириб борилди. Оилалар томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Жумладан, 22 минг оилани ажралиб кетишини олди олинди. 36 минг хотин-қиз ишга жойлаштирилди. 14,5 минг юртдошимиз имтиёзли кредит олишда ёрдам берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шу мақсадда қабул қилинди.
Фармонга кўра, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, энг аввало, қуйидагилар учун шахсан жавобгар этиб белгиланмоқда:
Жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, манзилли қўллаб-қувватлаш;
хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш.
Фармонга биноан 2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига тегишли штат бирликларини туман(шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмаларига ўтказган ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилмоқда. Бундай мутахассислар ҳар бир маҳаллада биттадан, оилалар сони 2000 тадан кўп бўлган маҳаллаларда иккитадан жорий этилади.
Сабаби, ушбу соҳада амалдаги ишлар чуқур таҳлил этилганда хотин-қизлар қўмиталари фаолияти қониқарсиз экани, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак бериш, эрта никоҳлар, ажралишлар ва аёллар жиноятчилигининг олдини олишга етарлича эътибор берилмаганлиги маълум бўлди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, аниқ вазифалари, мақоми белгилаб берилди.
Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органи фаолиятини мувофиқлаштириш туман ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилди. Бу билан хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари ва Республика қўмитасининг имкониятлари ва таъсири кучайтирилди.
Оналар ва гўдаклар ўлими қайд этилаётганлиги, ногирон болалар туғилаётганлиги – хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини таъминлаш бўйича ишлар мутлақо қониқарсиз эканлигини кўрсатмоқда. Ҳар йили 95 фоиз ҳомиладор аёллар перинатал скрининг текширувчидан ўтказилса-да, натижаси амалда сезлимаяпти. Шу боис, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида “аёллар маслаҳатхоналари” ташкил этилиши белгиланди. Сабаби, биргина 2014 йилда хавфли ўсма касалликларига чалиниш аёлларда 2,1% эркакларда 1,5% ни ташкил этган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткичда ўсиш тенденцияси кузатилди (аёлларда 2,4%, эркакларда 1,7%1).
Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ва ногирон хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, улар билан якка тартибда ишлаш тизими жорий этилди.
“Оила” маркази ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Судлар томонидан қарор қабул қилинаётганда, биринчи навбатда, ажралишларнинг олдини олиш, мазкур жараёнда аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Ишлаш истаги бўлган хотин-қизларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш, аёлларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Хотин-қизларнинг тиббий маданиятини ошириш, кам таъминланган оилаларга манзилли тиббий ёрдам кўрсатиш, республика скрининг ва репродуктив марказлари хизматларини янада ривожлантириш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилади.
Оиланинг моддий-молиявий, маънавий танг ҳолати оқибатда ижтимоий оғишлар, кескинликларга олиб келиши, айниқса, ўсиб келаётган фарзандларнинг зарарли одатларга берила бошлашига сабаб бўлади. Ҳукуматимиз томонидан, бундай ҳолатларни олдини олиш, оилани барқарор ривожини таъминлашда маҳалла йиғинлари масъулияти оширилди. Уларнинг зиммасига оғир ҳаётий шароитдаги оилалар ва уларнинг фарзандларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий-психологик хизмат билан таъминлаш, бандлик масалаларини ўрганиш, оила ва боланинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш каби кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш вазифалари юклатилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |