9-мавзу. Феминизм ғояларининг шаклланиши ва ривожланиши
Режа
Хотин-қизларнинг анъанавий социал мақоми.
Хотин-қизлар социал мақоми ва андроцентристик ёндашув.
Ғарб давлатларида феминизм ҳаракатининг шаклланиши.
Феминизм ҳаракатининг ривожланиш босқичлари.
Феминизм ҳаракатининг устувор йўналишлари.
Шарқ мамлакатларида феминизмнинг оммалашиш хусусиятлари.
Феминизмнинг замонавий шакллари
Ғарб давлатларида илк синфий жамиятлар пайдо бўлиши муносабати билан ўрнатилган патриархал тартиблар шарқ давлатларида бўлгани каби эркаклар устуворлиги асосида хотин-қизлар итоаткорлигини тарғиб этди. Француз тадқиқотчиси Симона де Бовуар ёзганидек:«Патриархал тартиботлар шаклланган даврдан бошлаб эркакларнинг иқтисодий манфаатларига мос келди»138. Натижада,хотин-қизларнинг матриархат даврига хос ижтимоий-иқтисоий етакчилик роли уй хўжалигидаги кундалик маиший юмушларга ўз ўрнини бўшатиб берди.
Ота уруғи даври хусусиятларини тадқиқ этган К.Миллетнинг фикрига кўра, эркаклар ҳукмронлиги «патриархал институт сифатида барқарор бўлиб, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий стратификация (каста ёки тоифа, феодализм ёки бюрократия)нинг барча шаклларида илдиз отган ҳамда ўзининг тарихий ва географик ранг-баранглиги билан ажралиб туради»139. Зеро, Ф.А.Брокгаузь ва И.А.Ефронь таъбири билан айтганда: «Аёлни камситиш, унинг жамиятдаги ўрнини фақат қозон-товоқ олдида, деб белгиловчи ёндашув анъанаси жаҳон цивилизациясининг барча даврларида амал қилган»140. Шу тариқа, патриархал муносабатларнинг мураккаб тизимига хос мафкура тарихий тараққиётнинг ҳар бир даврида хотин-қизларни тобе мавқеда ушлаб туришга хизмат қилди.
Ғарб давлатларида хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолати дастлаб Қадимги Юнонистон ва Рим давлатчилиги ижтимоий тузилмаси борасидаги манбаларда ўз аксини топди. Хусусан, юнон-рим ҳуқуқига кўра, оила бошлиғи бўлган патриархнинг моддий бойликлари ва мулки сирасига унинг хонадонига мансуб барча хотин-қизлар, болалар, қуллар ҳам кирган. Шу сабабли, қадимги Юнонистонда ҳатто аслзода хотин-қизлар дастлаб ота ёки ака-укаларнинг, турмушга чиққач эса эрнинг хусусий мулки бўлиб, эркаклар қатори эркин фуқаро ҳисобланмаган. Ўрганилаётган даврда хотин-қизлар кундалик ҳаёти асосан гинекеяларда уй-рўзғор учун зарурий буюмларни тайёрлаш билан ўтган. Улар таълим олиш, ишлаб чиқаришда фаол иштирок этиш, ўзи ихтиёри ва иродасини мустақил ифодалаш ҳуқуқига эга бўлмаган. Жамият ижтимоий муносабатлари тузилмасида ўрнатилган социал меъёрлар эркакларнинг мутлақ ҳукмронлигини қўллаб-қувватлаган.
Хотин-қизларнинг уй-рўзғор юмушлари доирасида ўта чекланган тор ижтимоий ҳолати антик давр мутафаккирларининг асарларида ўз аксини топди. Хусусан, Аристотеь асарларида хотин-қизлар эркаклар измидаги ожиз ва эрксиз мавжудот сифатида таърифлаган. Унингча: “Эркаклар ўз табиатига кўра, аёллардан юқори туради. Биринчиси (эркаклар) ҳукмронлик қилиш учун яратилган бўса, иккинчиси (аёллар) эса бўйсунишга мажбур. Бутун инсониятда айни тамойил ҳукмрон бўлиши шарт”1. Аристотель жамият ижтимоий тузилмасида хотин-қизларнинг ўрни борасида тор патриархал қарашлар билан чегараланган. Унингча, аёлларнинг яккаю-ягона ижтимоий аҳамиятли вазифаси авлодлар давомийлигини таъминлаш холос. Мутафаккир ўз даврида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда бевосита иштирокини ёқламади. Аммо, уларнинг кўп сонли эканлигини ҳисобга олиб, давлат сиёсатига мос кайфиятда тарбиялаш заруратини кўрсатди.
Платон эса Аристотелдан фарқли ўлароқ хотин-қизларни жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида кўради. Унингча, аёллар худди эркаклар сингари тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Мутафаккир ўз даврида ҳукмрон андрогонистик қарашларни кескин қоралаб, аёлларнинг ижтимоий аҳамиятли фаолиятда эркаклар билан тенг шуғулланишларини, поэзия, мусиқа, гимнастика, математика каби фанлардан таълим олишлари, ҳарбий ва давлат даражасидаги лавозимларни эгаллашларини қўллаб-қувватлайди1. Бу маънода, Платон аёлни нафақат она, уй бекаси сифатида балки, инсоний ва фуқаролик ҳуқуқларига эга эркин шахс сифатида талқин қилди. Шу боис, у антик давр мутафаккирлари ичида хотин-қизлар тенглиги масаласида илғор фикрлаган дастлабки мутафаккир бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Платоннинг “Давлат” асарида кўрсатилган идеал давлат ва унда хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ғоясининг шаклланишга қадимги Спарта давлати кундалик ҳаётида хотин-қизларнинг эркин ва тенг ҳуқуқли мавқеини ўрнатилганлиги сабаб бўлди. Зеро, спарталик хотин-қизлар ҳарбий санъатни мукаммал эгаллаган ва давлат бошқарувида эркаклар билан тенг иштирок этган. Айни омиллар боис, Спарта хотин-қизлари Юнонистоннинг бошқа аёлларига нисбатан эркин ва ижтимоий фаол саналган2. Платон спарталик хотин-қизларнинг кундалик эркин ҳаётидан келиб чиқиб ўзининг идеал давлат ғоясида хотин-қизлар тенглигини илгари сурган.
Юнонистон билан бир қаторда қадимги Рим қонунчилигида ҳам хотин-қизлар ижтимоий эрки чекланган. Рим хотин-қизлари одатда ота ёки эрнинг васийлигида бўлган. Аммо, Э.Г.Мнацаканян ва Т.И.Белюшиналар Рим қонунчилигини ўрганиб, унда хотин-қизлар жамиятдаги ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлганликларини аниқладилар. Муаллифлар таърифича, бу аёлларнинг мутлақ ҳуқуқсизлиги ва итаоткорлиги ўрнатилган антик давр учун ноёб ҳодиса эди. Шу сабабли, Римда хотин-қизлар юнон аёлларига нисбатан бирмунча эркин ва мустақил эди. Хусусан, римда ўсмир қизлар аралаш мактабларда ўғил болалар қаторида саводхонлик ва ҳисоб-китобга ўқитилган. Балоғат ёшига етган қизларга хонадонда ўқитувчи ёллаб чуқур билим берилган.
Римлик аёллар оилавий-никоҳ муносабатларида ўзининг қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Манбаларда келтирилишича, 3 фарзандни дунёга келтирган аёл эри билан қонунан ажраша олган. Ажрим пайтида ўзига тегишли мол-мулк, моддий бойликларини ажратиб олиб, уларга мустақил эгалик қилган3. Шунингдек, Римнинг аслзода аёллари жамоатчилик жойларида бемалол юрган ва ижтимоий-сиёсий йиғинларда иштирок этган. Аёллар эркаклар қаторида тижорат билан шуғулланган, суд жараёнларида гувоҳлик бериш ҳуқуқига эга бўлган.
Римнинг бадавлат хонадонларига мансуб турмушга чиққан аёлл (матроналар – Г.М) ўзларининг турли уюшмаларини тузиш ҳуқуқига эга бўлган. Ушбу уюшмалар орқали давлат бошқаруви, жамиятнинг тузилмаси борасида билимга эга саводхон аёллар ижтимоий-сиёсий жараёнларга таъсир кўрсата олган. Уюшмалар Рим аёлларининг ҳокимият қарорларига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиш усули бўлган. Худди шундай уюшмалардан бири “Аёллар сенати” деб номланиб, аслзода хотин-қизлари томонидан эрамиздан олдинги 3 асрида ташкил этилган. Кейинчалик ушбу уюшма “Кичик сенат” деб номланиб, унинг фаолият йўналишлари Рим шаҳарларида аҳлоқий муҳитни сақлаб туриш, ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар учун имтиёзлар учун кураш, шунингдек, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар барча хотин-қизлар манфаатларини ҳимоялаш бўлган1. Шу боис, қадимги Рим давлатчилиги хотин-қизлар мақомининг қонунчиликда мустаҳкамлаган илк давлатлардан бири сифатида Европа давлатлари роман-герман ҳуқуқий тизимнинг дебочаси бўлди.
Илк ўрта асрлар (V-Х1 асрлар) Европада диннинг мутлақ ҳукмронлиги шароитида хотин-қизлар ижтимоий фаоллигининг ҳар қандай кўриниши ортодоксал кучлар томонидан кескин танқид отига олинди. Рим давлатчилиги даврида эркин яшаган хотин-қизлар ўрта асрларга хос биқиқ жамиятнинг ижтимоий иерархиясида деярли ўз ўрнига эга бўлмади. Черковнинг якка ҳукмронилиги шароитида хотин-қизларнинг мутеъ ҳолати янада мустаҳкамланди. Аёлларнинг машғулоти анъанавий равишда болалар тарбияси, кекса ва беморларни парваришлаш, уй хужалиги билан чекланган. Уларнинг таълим олиш, ижтимоий аҳамиятли масалаларда эркаклар билан тенг иштирок этиш ҳуқуқи қатъий чекланди. Жак Ле Гоффнинг ёзишича. 1Х-Х1 асрларда юқори табақага мансуб аёллар кундалик ҳаётини ўтказадиган ягона машғулот ҳалиям ўша гинекеялар бўлиб, аёллар ип йигирув устахоналарида уй хўжалиги учун зарурий мато тўқиш билан банд бўлганлар1.
Европа хотин-қизлар кундалик ҳаёти турмушга чиқиши оиланинг эркак вакиллари, яъни, ота, ака-укаларнинг иродаси билан ҳал этилган. Масалан, Иккинчи Орлеан синоди (541 й) да: “Отанинг розилигисиз ҳеч ким қизга уйланишга ҳақли эмас. Аксинча черковнинг ланъатига учрайди”2 - деб кўрсатилган. Ҳатто, аслзода хонадон хотин-қизларининг ижтимоий аҳволи қуйи табақа вакиллариникидан катта фарқ қилмаган. Айнан ушбу зиддиятли жараёнлар даврида Кристина де Пизан каби ёзувчи шоира етишиб чиқди. Кристина де Пизан Европада аёлларнинг шафқатсиз партирахал тартиблардан чеккан азиятини ўз ижодида ёритиб берди. Унинг “Аёллар шаҳри ҳақида”(О Граде женском)трактатида аёлларнинг аянчли аҳволи эркаклар устуворлиги тўлиқ таъминланган, диний қобиққа ўралган жамиятнинг шафқатсиз муносабати сифатида талқин қилинади.2 Синфий жамиятларда гендер муносабатларни ўрганган Ю.Семёнов аниқлашича:“Бу даврда аёллар иқтисодий жиҳатдан эркакларга тўлиқ қарам бўлган. Иқтисодий тенгсизлик ўз ўрнида қонунчиликда акс этилган”141. Натижада хотин-қизлар қатор фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум этилган, жамиятни сиёсий ҳаётида иштирок этишдан четлатилган. Хотин-қизлардаги ижтимоий фаолликнинг ҳар қандай кўринишида уларни жодугарликда айблаб, таъқиб этиш давом этди. Дунёвий қонунчиликда хотин-қизларнинг олий таълим олиши, мансабдор лавозимларга тайинланиши тақиқланганича қолаверди.
Ўрта асрлар Европасида хотин-қизлар ижтимоий мақомининг ижобийлашуви Х11-ХV асрларда кузатилди. Ўрта асрларда Европа хотин-қилари кундалик ҳаётини ўрганган Мари-Мадлен де Лафайет фикрича, хотин-қизлар ижтимоий мақомининг ўсиши ва ҳуқуқларининг мустаҳкамланишининг асосий омилларидан бири эркакларининг салб юришларига оммавий равишда жалб этилгани бўлиб, уй-рўзғор ва пул топиш ташвиши аёлларнинг зиммасига тушди. Натижада, ихтиёрсиз равишда аёлларнинг ижтимоий фаоллашувида кўтарилиши кузатилди.
Европада бошланган Уйғониш (реформация)жараёни хотин-қизлар мақомининг секинлик билан бўлса-да ўсиб боришига туртки бўлди. Бу даврда бутун Европа ижтимоий-сиёсий тарихида из қолдирган Маргарита Наваррская, Мария Стюарт каби аёллар етишиб чиқди3. Улар давлат бошқарувида бевосита иштирок этдилар ва бу билан хотин-қизларга бўлган муносабатнинг ижобийлашувига хизмат қилдилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ХIV-XVI асрларда Европада патриархал тартиблар ҳамон аёлни меросдан маҳрум қилса-да, бева қолган аёллар бунда истисно эди. К. Уикхем тадқиқотларига кўра, Европа хотин-қизлари орасида нисбатан ўз эрки ва мустақил ижтимоий фаоллигини кўрсата олган қатлам айнан бева аёллар бўлди1. Муаллиф кўрсатишича, шаҳарлик бадавлат бева аёллар эрининг вафотидан сўнг “оилавий тадбиркорликни” ўз зиммаларига олиб, аёлларга хос бўлмаган уддабуронлик билан қурол тайёрлаш цехлари, заргарлик устахоналари, ёчоғга ишлов бериш, пойбазалчилик, тош йўниш каби соҳаларда катта ютуқларга эришди. Айниқса, халқ табобатига хос амаллар аёллар томонидан муваффақиятли амалга оширилди.
Йирик савдогарларнинг бевалари эса катта кемаларни жиҳозлаб денгиз орти давлатлари билан савдо алоқаларини ўрнасалар, банкирларнинг собиқ хотинлари иш бошқарувчиларни ёллаб уддабуронлик билан молиявий ишларни давом эттирдилар ва ўзининг ижтимоий фаоллиги боис бадавлат хонимларга айландилар. Бевақт вафот этган қиролларнинг бевалари эса тахт вориси бўлган гўдак шаҳзодаларнинг расмий регенти сифатида фарзанди вояга етиб қироллик тожини кийгунга қадар давлатни бошқариб борди. Бундай регент аёллардан Екатрина Медичи - йигирма йили, Анна Австрийская эса – ўн саккиз йил давомида қиролича сифатида давлат бошқарди 3. Шу боис, ўрта асрларнинг сўнгги босқичида мафкуравий жиҳатдан аёлларга нисбатан ўта қаттиққўл сиёсат юритилса-да, амалда вазият ўзагариб бошлади. Бунга, янги давр арафасида Европада етилиб келаётган ижтимоий-иқтисодий ўсиш қонуниятлари сабаб бўлди.
Янги даврнинг дастлабки босқичи ўрта асрларга хос бидъатчиликдан ҳоли бўлмаган ҳолда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий инқилоб, сиёсий бурилишлар хотин-қизлар манфаатлари муҳофазасида катта ўзгаришларга олиб келмади. Ушбу давр маърифатпарварларидан Жан Жак Руссо хотин-қизларни фуқаролик жамиятининг компоненти сифатида кўрмаган, уларнинг ижтимоий ҳолатини уй хўжалиги ва оилавий вазифалар доираси билан баҳолаган. Германия кайзери Вильгельм II нинг фикрича, немис аёлининг тақдири тўртта «К», яъни – «кinder» – болалар, «kiche» – ошхона, «kleider» – кўйлак, «kirche» – черков билан чекланади142. Яъни, Н.Усачёванинг таъбири билан айтганда: «Ибтидоий қулчилик даврида бўлганидек, янги даврда ҳам аёл эркакка муте»143лигича қолди. Аммо, янги даврнинг ривожланган босқичида ўзгарувчан ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий муносабатлар доирасида хотин-қизларга нисбатан бу каби бир ёқлама муносабатларни сақлаб туриш тобора мушкуллашиб борди.
Янги даврда ғарб давлатларида дунё хотин-қизлари ижтимоий мақомининг ўсишига туртки бўлган жараёнлар бошланди. Бунда, етилиб келаётган ижтимоий-иқтисодий инқилоблар руҳи билан суғорилган ижтимоий-гуманитар фанлар вакилларининг ҳиссаси сезиларли эди. Европа хотин-қизлари тақдиридаги туб бурилишлардаври XVIII асрда – жамиятда хотин-қизлар тенглиги ва эркинлигининг қарор топиши, улар фаоллигига тўсиқ бўлаётган ақидалар, хурофот ва бидъатлар, жинсий сегрегация, гендер тафовутлар билан боғлиқ дискриминациянинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг имкониятларга эга бўлишини ҳимоя қилувчи «феминизм» (лот. – «аёл») мафкураси ва ҳаракатининг шаклланиб, жадаллик билан ривожланиши асосида содир бўлди.
Айнан ўрганилаётган даврда илк бор аёллар эмансипацияси муаммоси илмий доираларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, жамиятда аёллар эмансипацияси даражаси табиий умумэмансипация ўлчови эканлиги ғоясини илк бор социал-утопист Ш.Фурье144 илгари сурган бўлса, Сен-Симон ўз илмий ижодида аёллар ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаган бўлсалар, ушбу даврдаги таъсирчан концепцияларидан бири ижтимоий дарвинизмнинг таянч таъбири «табиий танлов» аксинча аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ролига нисбатан бир ёқлама чегараланган муносабат билдирди. Ижтимоий дарвинизмнинг биодетерминистик йўналишдаги хулосасига кўра «оналик» аёлнинг энг олий вазифаси, миллат равнақининг ажралмас омили бўлди.
Ижтимоий дарвинизмдаги бу ёндашувга ҳамоҳанг тарзда энди шаклланган позитив социологиянинг классик вакиллари аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий фаолият соҳларидаги иштироки борасида зиддиятли фикрларни илгари сурди. Хусусан, ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан ижтимоий фанлар таркибида социология мустаҳкам ўрнашиб борар экан аёлларнинг жамият социал тузилмасида тутган ўрни ва ижтимоий фаоллиги борасидаги баҳслар янада қизғин тус олди. Жамиятни – инсониятга тенглаштирган О.Конт уни – олий борлиқ (sui generis) сифатида талқин этаркан, унинг тузилмаси асносида турувчи ижтимоий институтлардан – оила, давлат, динни алоҳида ўрганди145 Ўз даври ижтимоий-сиёсий вазиятига мутаносиб ҳолда Контнинг оила институти позитив назариясига кўра аёлнинг ижтимоий мавқеи эркаклар фаолиятига таъсир кўрсатиш нуқтаи назаридан тизимлаштирилди. Контнинг ушбу қарашлари соф патриархал бўлиб, аёлнинг жамиятда тутган мевқеи дағал эркак табиатини юмшатиш, уларни бирдамликка асосланган ижтимоий ғояларга чорлаш ва ўсиб келаётган авлодни тарбиялаш билан чекланди.
Т.Парсонс яхлит «тузилмали-функционал мактаб»га бирлаштирди. У жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч – факторларнинг маълум хатти-ҳаракатни амалга оширишдаги индивидуал тафовутларига қарамасдан, айнан кишиларнинг йирик гуруҳларидаги тенгсизлик, жумладан, жинсий дифференциаллашиш – хатти-ҳаракатнинг органик асосини ташкил этиши ғоясини илгари суради146. Т.Парсонснинг таъкидлашича, меҳнат тақсимоти жинслар ўртасидаги ўзига хос бўлиниш асосида яъни, эркак киши ҳаётидаги «инструментал» вазифалар, яъни ҳимоялаш, оилани моддий таъминлаш, қўриқлаш ва бошқа шунга ўхшаш масалаларни ечиш орқали, аёл киши эса бошқаларга нисбатан ғамхўр бўлиш, сақлаш сингари вазифаларни бажариши доирасида амалга оширилади.
Э.Дюркгейм фикрича, жамиятдаги дифференциация мезонлари орасида энг адолатлиси ижтимоий имтиёзлар тақсимоти эмас, шахснинг индивидуал қобилияти бўлиб, меҳнат тақсимотидаги меъёр, мувозанат талабларининг қўпол тарзда бузилиши органик бирдамликдан оғишни шакллантиради147 [3.25. Б.301]. У ижтимоий тафовутларидан қатъи назар, «иқтидорининг табиий тақсимоти» ижтимоий адолат мезони эканлигини таъкидлайди148. Т.Парсонс ва Э.Дюркгеймларнинг жамият ижтимоий тузилмасида хотин-қизлар социал қиёфасидаги ўзгаришлар борасидаги илмий қарашлари О.Контнинг консерватив фикрларига нисбатан прогрессивлиги билан аҳамиятлидир. Т.Парсонс ўз тадқиқотларида жинсий дифференциация жамият органик тузилмасининг таркибий элементи сифатида ижтимоий мувозанат сақланишига хизмат қилишини билдирса149, айнан шу тафовут боис, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдан четлатилганлиги Э.Дюркгейм150 илмий қарашларида танқид остига олинган.
Ўз даврида бу каби андроцентрик* ёндашувлар аёлнинг жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигига танқидий муносабатларнинг сақланиб келаётганлигидан дарак эди. Аммо, XVIII асрда ғарб дунёсида бошланган феминизмнинг илғор вакилларидан бири француз файласуфи Ж.А. Кондорсе 1789 йилда хотин-қизларнинг ижтимоий аҳволи, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига бағишланган «Хотин-қизларни фуқаролик ҳуқуқига киритиш ҳақида»ги мақоласини чоп этди, бу билан хотин-қизлар масаласини кенг миқёсда тадқиқ қилиш, уларни ҳал этишга жамоатчиликни жалб этишни бошлаб берди. 1792 йилда эса Мария Уольстон-крафт «Хотин-қизлар ҳуқуқи ҳимояси» номли китобини нашр эттирди. Китобда хотин-қизларнинг пассив яшаш тарзи кескин танқид қилинди, улар ҳам сиёсий ишларда эркаклар қатори тенг ҳуқуқли бўлиши лозимлиги баён қилинди. 1793 йили Олимпия де Гуж ва Луиза Лакомб «Хотин-қизлар ҳуқуқи» Кодексини ишлаб чиқиб, унда «хотин-қизлар аҳволи давлат миқёсида ҳал этилиши зарурлиги ва хотин-қизлар дорга чиқиш ҳуқуқига эга бўлганидек, минбарга чиқиш ҳуқуқига ҳам эга бўлиши лозим»лиги уқтирилади151. Кейинчалик немис ёзувчиси Т.Г.фон Гиппелнинг «Хотин-қизларнинг фуқаролик аҳволини яхшилаш ҳақида152» номли асари нашр этилди. Муаллиф бу асари билан хотин-қизлар тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш жамият ва давлат масаласи, ушбу муаммо ҳал қилинмагунча, ижтимоий тараққиётни тезлатиш мумкин эмас, инсоннинг инсонларча яшаши ҳам хавф остида қолаверади, деб ўз даври учун инқилобий ғояни ҳимоя қилиб чиқди.
Маданий-маърифий феминистик ҳаракатнинг таниқли арбоби Фрэнсис Пауэр Коббнинг фаол саъй-ҳаракатлари туфайли хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари 1878 йилга келиб янада кенгайди153. Бу даврда инглиз феминистлари хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тенглигига эришиш оқими – суфражизмга асос солдилар. Хотин-қизларни ана шундай фаолигига сабаб бўлган омил эса, уларнинг фидойилиги, теран ақлу-заковатга, тадбиркорликка мойилигидир. «Аёлнинг ақли - жозибалидир, - деб ёзади немис файласуфи И.Кант, -эркакнинг ақли теранроқдир, аммо, бу дегани аёлнинг ақли носиқлиги маъносида эмас, балки ноўрин хатти-ҳаракатлардан сақланишда аёл жозибасини устунлиги, унинг фидойилиги, барқарорлиги маъносида англанади. Ҳеч қандай «керак» деган нарсага, ҳеч қандай мажбурловга аёл тоқат қила олмайди. У нима қилган бўлса, ўзига ёққанлиги учун қилади»154.
АҚШда ушбу ҳаракат ХIХ аср ўрталарида авж олди. Ушбу ҳаракатга Френсис Райт, Элизабет Кэди Стентонлар раҳбарлик қилди. Европа давлатларида феминистик ҳаракат хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини қўлга киритишни мақсад қилган бўлса, Америкада бирмунча ўзгача тус олди. Яъни, АҚШ феминистик ҳаракати қуллик ва ирқчиликка қарши кураш билан узвийликда кечди. Жамиятдаги тенгсизликнинг қатор шакллари қоришмасидан азият чекаётган хотин-қизлар ушбу ҳаракатда фаол иштирок этдилар.
Бинобарин, хотин-қизларнинг бўйсинувчанлик ҳолати хусусий мулкчилик ривожланишининг, меҳнат ва синфий жамият, энг аввало капиталистик жамият ижтимоий бўлинишининг натижасидир. Инсонни синфий зулмдан озод қилиш энг эзилган синф сифатида пролетариат амалга ошириши керак бўлган социалистик революция натижасида юз бериши мумкин. Аёллар эмансипацияси ҳам ишлаб чиқаришнинг капиталистик усулини тугатиш оқибатидагина юз бериши мумкин. Зеро, эмансипация – (лот. – emansipatio) - мутъелик, чекловларнинг ҳар қандай шаклидан озод бўлиш, ҳуқуқлар тенглигига эришишдир1. Хотин-қизлар эмансипацияси – ижтимоий, меҳнат ва оилавий ҳаётда хотин-қизлар ҳуқуқлари тенглигини таъминланиши, эркаклар ва аёллар ўртасида тенг ҳуқуқлиликка интилиш саналади.
Шу сабабли аёллар пролетариат олиб бораётган синфий курашда фаол иштирок этишлари, ва ўзлари ёлланган ишчилар қаторига қўшилиб кетишлари керак. Бунда шуни таъкидлаш ўринлики, марксизм хотин-қизлар масаласини алоҳида масала сифатида кўриб чиқмаган, аёл марксчилар учун тарихнинг мустақил субъекти бўлмаганлиги боисидан, бу масала социалистик харакатнинг мақсади бўлмаган. Немис социал-демократи Август Бебелнинг “Аёллар ва социализм” (1878) китоби социалистик феминизм учун назарий база бўлиб хизмат қилган энг катта асарлардан бири бўлган, чоғи. Бебель ҳам Ф. Энгельс сингари аёлларни камситиш синфий жамият ривожининг натижаси эканлиги тўғрисидаги ғоядан келиб чиққан холда, революция натижасида бунинг ўрнига социалистик жамият келади ва унда аёллар тўла эркин бўладилар, чунки янги давлат болаларни тарбиялаш тўғрисидаги барча ғамҳўрликларни ўз зиммасига олади ва хотин-қизларнинг елкасидан уй ишларининг барча оғирликларини олади, деган фикрни олға суради. Шу билан бирга Бебель муайян даражада Энгельсдан ўзиб кетади. Шундай қилиб, марксист феминизм мафкурачилари аёллар эмансипацияси масаласи ечимига ўз ёндошувини таклиф қилдилар. Унда эмансипация фақат пролетариатнинг синфий кураши ва меҳнаткаш омманинг социалистик инқилобнинг амалга ошиши натижасида озод бўлиши доирасида кўриб чиқиларди. ХХ аср иккинчи ярмининг социалист феминизми аслида “биринчи тўлқин” марксист феминизмининг давомчиси бўлди.155
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, аёллар эмансипацияси нисбатан янги ижтимоий ҳодиса бўлиб, уни аксарият вазиятларда феминизм билан бир хил маънода қўллаш кузатилади. Феминизм – аёлларнинг ижтимоий ҳаракати бўлса, хотин-қизлар эмансипацияси – бу аёлларнинг оилавий, меҳнат, ва ижтимоий ҳаётда эркаклар билан тенг ҳуқуққа эришиш кураш жараёнидир. Бунда асосий масала жинсий мансублик бўйича чекловларни бекор қилиш ҳаракати саналади. аёллар эмансипацияси атамаси илк бор ХIХ асрнинг ўрталарида қўлланилган бўлиб, хотин-қизларнинг социал гуруҳ сифатида дифференциаллашган социал мобиллиги жараёнини англатади. Аёллар эмансипацияси уларнинг социумда ўз индивидуаллигини кўрсатиш ва манфаатларини ҳимоя қилиш тажрибаси билан боғлиқ.
М. Рабжаева хотин-қизлар эмансипацияси турли даражаларда кечшини аниқлайди ва бу даражаларни қуйидагича туркумлайди: 1) ҳуқуқий даража – эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиш; 2) ижтимоий даража – хотин-қизларнинг алоҳида социал гуруҳ сифатида бошқа қатламлардан дифференциаллаштириш ва ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш тажрибасини ошиши; 3) индивидуал даража – аёл шахсияти қадрият эканлигини англаш, оммавий маконда ўзини намоён этиш тажрибасини орттириш1.
ХIХ асргача жамиятдаги жинсий дифференциация талқинлари эркаклар устуворлиги ғоясига асосланган бўлса, ХIХ аср охири - ХХ аср бошларидан айнан ллар эмансипацияси боис хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва ролининг умумжаҳон миқёсида ўзгариши тенденциялари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий янгича қиёфаси, имиджини шакллантирди. Бу эса, уларнинг давлат ва жамиятни бошқаришда ижтимоий тўсиқ (барьер)ларсиз эркаклар билан тенг шартлар асосида фаол иштирокини қўллаб-қувватловчи илмий-назарий ёндашувлар ишлаб чиқилишига туртки бўлди.
XX аср бошларига келиб, «хотин-қизларни озод қилишнинг инсонпарварлик йўллари» га доир янги ғоялар туғила бошланди. Бу ғоялар тарғиботчиси Ш.П.Гильман хотин-қизлар ижтимоий онгини ошириш хотин-қизлар курашининг муҳим шакли, дея ҳисоблади. У хотин-қизларни озод қилишнинг мавжуд анъанавий ғояларига қарама-қарши равишда «социализм ғоялари билан хотин-қизларнинг тинч йўл билан жамоавий чиқишлари» ни йўлга қўйишнинг инсонпарварлик назариясини ишлаб чиқди. Бу борада қатор мамлакатларда хотин-қизлар ўзлари орзу қилган сиёсий ҳуқуқларнинг анчасини қўлга киритдилар.
Ривожланган мамлакатларда хотин-қизлар ўзлари орзу қилган сиёсий ҳуқуқларнинг маълум қисмини қўлга киритдилар. Хотин-қизларнинг халқаро фаоллиги 1919 йилда Миллатлар Лигасининг Уставида эркаклар билан тенг шартлар асосида барча лавозимларда ишлаш қонунан тан олинди. Энди аёллар халқаро ташкилотларда эркаклар билан баб-баравар ишлаш, мунозараларда қатнашиш, миллий делегацияларга кириш учун расмий имкониятга эга бўлдилар156 1934 йилда Бутунжаҳон Хотин-қизлар конгрессида халқаро Хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилди. 1945 йилда хотин-қизларнинг Париж конгрессида тузилган Хотин-қизлар халқаро демократик федерацияси хотин-қизлар манфаатлари муҳофазасида қатор тадбирларнинг ташаббускори бўлди. Лекин бу ҳуқуқлар уларнинг ҳаётини унчалик яхшиламади. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда хотин-қизлар ҳуқуқлари учун курашган америкалик ва англиялик хотин-қизлар демократик ҳуқуқларни ҳимоя қилиш курашларига қўшилиб кетдилар.
БМТ ташкил этилгач, хотин-қизларнинг тенглик учун кураши янада уюшган ҳолда мақсадли тус олди. БМТ уставида илк бор одамларнинг ирқи, жинси, тили ва динидан қатъи назар, тенглиги эълон қилинди. 1946 йилда БМТ Кенгаши таркибида Хотин-қизлар ишлари бўйича комиссия ташкил этилди. 1948 йилда БМТ Бош ассамблеяси умумжаҳон «Инсон ҳуқуқлари Декларацияси»ни қабул қилди. Аммо, ушбу Декларацияда хотин-қизлар ҳуқуқи инсон ҳуқуқига тенглаштирилмай, «ўзига хос ҳуқуқлар» сифатида берилди. Натижада хотин-қизлар ҳуқуқларининг поймол этилиши ҳолати яна эътибордан четда қолди. “Совуқ уруш” шароитидаги қутблашиш сиёсати даврида эса, хотин-қизлар масалалари иккинчи даражага тушиб қолди. Бунда хотин-қизларнинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари таъминланишидаги зарурий ижтимоий механизмлар ишлаб чиқилмаганлиги ҳамда иқтисодий шарт-шароитларнинг етарли эмаслиги сабаб қилиб кўрсатилди.
Бироқ, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан амалга оширилган кенг қамровли саъй-ҳаракатларга қарамасдан, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги тенгсизли ги сақланиб қолганлигидан ҳафсаласи пир бўлган илғор феминист хотин-қизлар ушбу ҳаракат сафларини тарк этиб, демократик жараёнлар учун курашнинг бошқа шаклларига қўшилиб кета бошладилар. Психоанализдан феминистик мақсадларда фойдаланилган дастлабки асар Жулиет Митчеллнинг “Психоанализ и феминизм” (Психоанализ ва феминизм) (1974) асаридир. Митчеллнинг эътиқодига кўра, хотин-қизларни эзиш сабаблари одам психикасининг тубларида ётади. Шунинг учун у либерал феминистларнинг аёлларга эркаклар билан тенг ҳуқуқ берадиган ижтимоий ислоҳотлар жамиятда тенглик ўрнатилишинингсамарали воситаси бўла олади, деган фикрини рад этади. Таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ҳуқуқининг тенглиги, шунингдек капиталистик иқтисодий муносабатларга барҳам бериш аёлларнинг жамиятдаги аҳволига жиддий таъсир кўрсатмайди, деб ҳисоблайди Митчелл. Митчелл шунингдек репродуктив технологиялар аёллар эмансипациясида жиддий аҳамиятга эга бўлиши мумкинлиги хусусида радикал феминист аёлларнинг фикрига қўшила олмайди, чунки биологик усуллар психологик муаммоларни ҳал эта олмайди. Хотин-қизларнинг бўйсинувчанлик холатида бўлишига барҳам бериш учун уларнинг чуқур шахсий кўникмаларини ўзгартириш зарур.
Аммо, феминистик ҳаракатнинг айрим жиҳатлари ХХ асрнинг 70-80 йилларидан жамиятда зиддиятли муносабат ва хатти-ҳаракатларни шакллантирди. Айниқса, радикал феминизм вакиллари хотин-қизларга хос муаммолар негизида патриархал тартиблар ва эркак жинсини кўрар экан, унга қарши курашда маънавий тубанликка бориб етган намойишкорона ҳулқни қўллаб-қувватлади.
Америкалик феминист хотин-қизлар фаоллашуви Б.Фриданнинг «Аёллик мистикаси» (1963 йил) номли китобини нашр этилиши билан боғлиқдир. Бу китобнинг асосини социологик тадқиқотлар (хотин-қизлар сўровномаси, хотин-қизлар матбуоти таҳлили) ташкил этди. Унда хотин-қизларнинг уй-рўзғор ишларидан толиқиши ва ўзининг мавжуд эканлигини ҳис этмаслик ҳолатлари таҳлил этилди. Б.Фридан хотин-қизларнинг бу ҳолатдан чиқиш учун исёнга чақиради ва шундай хулосани ўртага ташлайди: «Фақат бемор жамият ўз муаммоларига тик қарай олмайди, ўз аъзоларига кенг имкониятлар яратиб беролмайди, хотин-қизларнинг қобилиятларига аҳамиятбермай қўяди. Фақат бемор ва етилмаган жамиятгина ҳаётга кириб келаётган тенгликни кўришни истамайди. Бунинг сабаблари эркаклар хотин-қизларни уй ичига қамаб қўйиб, маиший турмушда яшашга ва уни умрларининг асосий мақсадларига айлантиришга уринишларидан келиб чиқади».
Б.Фриданнинг бу китоби ўртахол хотин-қизлар қатламининг қомусига айланди. Унинг маслакдошлари хотин-қизларнинг миллий ташкилотини туздилар. Бу ташкилот талабларидан бири - «хотин-қизлар меҳнатига ҳақ тўлашда камситилишга барҳам бериш ва хотин-қизлар имкониятларини чекловчи қонунчиликка ўзгартиришлар киритишдан» иборат эди. Бу ташкилот ўз мафкурасида либерал феминизм кайфиятини ифодалади ва мамлакат хотин-қизларини эркинликка чиқариш ҳаракатининг таркибий қисмига айланди.
Бунда, асосан, АҚШда оммавий маданиятнинг шакли сифатида хотин-қизлар орасида «эркин муҳаббат» оқими, қарама-қарши жинс вакилларига нисбатан толерантликнинг ҳар қандай шаклини қоралаш ва уларни шахсий ҳаётдан бутунлай истисно этиш, бир жинсли муносабатларга йўл очиб бериш, шунингдек, бола тарбиясини зиммасидан соқит этувчи онгли фарзандсизлик ҳаракатига туртки берди. Феминизм фонида юзага келган ушбу ижтимоий аномиялар Ғарб давлатларида оилавий муносабатларда акс-садо берди ҳамда жамият барқарорлигининг пойдевори саналган оила институтининг таназзулига сабаб бўлди. Глобаллашув жараёни эса «оммавий маданият»нинг бу каби элементларини миллий давлатлар доирасига кириб бориши ва қайтма таъсир занжирида, аввало, ўсиб келаётган ёш авлод ҳулқ-атворида девиантлик, деликвентлик шакллари сифатида намоён бўлишига олиб келди. Бундан албатта ўсмир қизлар мустасно эмас эди.
Ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб, хотин-қизлар ҳаракатининг асосий мақсади нафақат тенглик, балки хотин-қизлар орасида камбағаллик, ижтимоий ночорлик, соғлиқ, таълим олиш каби ижтимоий муаммоларга йўналтирилди. 1995 йилда Пекинда бўлиб ўтган тўртинчи Бутунжаҳон хотин-қизлар конференцияси хотин-қизлар ҳаракати тарихидаги энг йирик ва ноёб тадбир бўлди. Унда 189 мамлакатдан 47 минг аёл иштирок этиб, хотин-қизлар ижтимоий социал қиёфасидаги ўзгаришларни ошириш бўйича ҳаракат Платформаси қабул қилинди157. Ушбу Платформага кўра, хотин-қизлар аҳволига доир қабул қилинган қарорларда уларнинг ижтимоий мавқеларини юксалтириш соҳасидаги муаммолар кўрсатиб берилди.
Аёллар масаласини, улар муҳофазасини таъминлашнинг тарихий асосларини ўрганишда айтилган фикр ва қарашларга боғлиқлиги шундаки, ўтмишда аёлларга берилган имконият билан уларнинг ҳуқуқини чеклаш, қадрини менсимаслик орасидаги тафовутни аниқлаб олиш, унинг асл сабабларини ўрганиш учун ҳам тарихий ўтмишда аёллар муаммосидаги реал воқелик билан ундаги зиддиятларни таҳлил этиш учун ҳам ўзаро қиёслаш, солиштириш зурурияти юзага келади.
Биринчидан, хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ижтимоий-гуманитар фанларда ўрганилиши биодетерминизмга асосланган консерватив ғоялардан иборат бўлиб, унга кўра аёлнинг жамиятдаги асосий вазифаси «уй бекаси» ва «оналик» билан чекланди.
Иккинчидан, ижтимоий стратификация тури саналган жинсий дифференциациянинг стререотиплашган қонуниятлари патриархал жамиятларда андроцентрик ғоялар устуворлигини ўрнатди ва аёлларнинг ижтимоий пиллапоялардан юқорилашида сунъий баръерларни яратди.
Учинчидан, инсоннинг жамиятдаги идеал ва реал ижтимоий мансублиги ўртасидаги узилиш инсоннинг турғун ижтимоий меъёрларга мос келмасалиги оқибатида «тамға»ланишига сабаб бўлади.
Тўртинчидан, феминистик назарияни сингдириш ва уни ижтимоий ҳаракат сифатида кенг жамоатчилик эътиборига чиқариш орқали миллий ва халқаро даражада хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоялашда муайян натижаларга эришилди. Ушбу ҳаракат боис, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлашда халқаро ҳамжамият билан маънавий, ҳуқуқий ва ижтимоий бирдамликка эришилди.
Олтинчидан, гендер тенглиги масаласида социологик қарашлар прогрессивлик руҳи кузатилиб, бунда ижтимоий стратификациянинг хотин-қизлар ҳолатига таъсир кўрсатувчи кескинликлар танқид остига олинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |