2.6. Талабаларнинг ўқишини кўчириш, четлаштириш ва ўқишга тиклаш механизми
Болонья декларациясида тушунарли, шаффоф ва таққосланувчан даражалар тизимларидан дипломларга иловалар берган ҳолда фойдаланиш (битирувчиларнинг ишга жойлашишини таъминлаш ва олий таълим тизимининг рақобатбардошлигини кучайтириш); ECTS кредитлар тизими қабул қилувчи таълим муассасалари томонидан тан олинганда уни олий таълимнинг барча босқичларида талабалар мобиллигини оширувчи восита сифатида қабул қилиш; мобилликни рағбатлантириш ва талабалар, ўқитувчилар, таълим менежерлари, тадқиқотчилар ва ҳ.к. ларнинг эркин ҳаракатланиши учун шароитлар яратиш кўзда тутилган.
Европа таълим муҳитининг 2010 йилгача шаклланиши битирувчиларнинг ишга жойлашиш қобилиятини ошириш, фуқароларнинг мобиллигини ошириш, олий таълимнинг рақобатбардошлигини кучайтириш билан боғлиқ бир нечта вазифаларга қаратилган эди.
Болонья жараёнининг асосий ҳолатларидан бири талабаларнинг мобиллигини таъминлаш ҳисобланади, бу эса мамлакат бўйлаб ва унинг ташқарисида эркин ҳаракат қилиш имкониятини англатади. Шубҳасиз, талабаларнинг мавжуд чизиқли таълимдаги мобиллик тизими имконсиз даражада эскирди, шу сабабли у фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилиши шарт. Шундан келиб чиққан ҳолда, талабаларни кўчириш, четлаштириш ва тиклашнинг кредит таълим тизими хусусиятларига мос келувчи янги механизмини ишлаб чиқиш зарур. Шу сабабли, кўрсатилган масалаларни амалга оширишда кредит таълим тизими қоидаларидан фойдаланиш тавсия қилинади.
1-қоида. Имтиҳон сессиялари натижалари бўйича академик қарзи бўлган талабаларни четлаштириш лозим бўлмайди.
2-қоида. Талабалар олий ўқув юртларидан ўз хоҳишларига кўра, тиббий кўрсатмалар асосида, Устав ва ички тартиб-қоидалар бузилиши билан боғлиқ ҳолатларда четлаштирилиши мумкин. Четлаштирилган талабага белгиланган шаклдаги академик маълумотнома (Transcript) тақдим этилади.
3-қоида. Талабани курсдан курсга ўтказиш унинг GPA кўрсаткичини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим. Белгиланган ўтиш балини тўплай олмаган талаба қайта ўқиш учун курсида қолдирилади. Шундай қилиб, талаба битта курсда бир неча марта ўқиши мумкин.
4-қоида. Талаба қачон четлаштирилганлигидан қатъий назар тикланиш ҳуқуқига эга. Бунда талаба камида битта семестрни тугатган бўлиши шарт. Талабаларнинг четлаштириш вақтигача бўлган кредитлар миқдори олий ўқув юрти томонидан тўлалигича ҳисобга олинади. Четлаштирилган талаба унинг транскриптида зарур пререквизитлар мавжуд бўлганда ҳоҳлаган мутахассисликка ва ҳоҳлаган курсга тикланиши мумкин. Ушбу қоидага амал қилиш, таълим соҳасида марказий ижро органи томонидан мазкур жараённи марказлаштиришган тарзда бошқаришдан воз кечишга имкон беради, бу эса ўз навбатида таълимни демократлаштиришга, олий ўқув юртларининг академик эркинлигини кенгайтиришга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |