34-модда. Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш
Давлат хавфсизлик хизматига қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари белгиланган тартибда махсус касбий тайёргарликдан ёки қайта тайёргарликдан ёхуд малака оширишдан ўтади.
Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Давлат хавфсизлик хизматининг таълим муассасалари ва бошқа таълим муассасалари, шу жумладан хорижий таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.
35-модда. Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш
Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилишни давлат меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, уларнинг ва оила аъзоларининг соғлиғини сақлаш, уй-жой ва ер участкалари билан таъминлаш, имтиёзли узоқ муддатли ипотека ва транспорт кредитлари бериш, соғлиғи ва мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, давлат пенсия таъминоти, давлат суғуртаси, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий ҳимоянинг бошқа турлари орқали кафолатлайди.
Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини ҳамда уларга берилган имтиёзлар ва преференцияларни амалга ошириш тартиби умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланади.
Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари томонидан хизмат мажбуриятларининг виждонан бажарилиши ва улар эришган ижобий натижалар маънавий ва моддий рағбатлантиришлар билан тақдирланиши мумкин.
Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари хизмат фаолиятида кўрсатган мардлиги ва жасорати ҳамда Ўзбекистон Республикаси олдидаги бошқа хизматлари учун Давлат хавфсизлик хизмати раиси томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин.
Давлат хавфсизлик хизматининг раиси Давлат хавфсизлик хизматининг хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ҳарбий хизматчиларига, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига, шунингдек бошқа ҳолларда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда ва миқдорларда бир маротабалик нафақалар тайинлашга, бошқа турдаги ижтимоий ёрдам кўрсатишга ҳақли.
Давлат хавфсизлик хизматининг тезкор тадбирлар кўрувчи махсус гуруҳлари ҳарбий хизматчиларига пенсиялар тайинлаш учун белгиланган хизмат муддатига хизматнинг бир куни икки кунга, жанговар ҳаракатларда ёки террорчиликка қарши операциялар ўтказишда иштирок этган вақтида эса хизматнинг бир куни уч кунга тенглаштириб ҳисобланиб қўшилади.
Давлат хавфсизлик хизматининг тезкор тадбирлар кўрувчи махсус гуруҳлари ҳарбий хизматчиларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими қонун ҳужжатларида белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |