Прогрессив адабиёт. Шу даврда яшаган йирик ёзувчилардан бири драматург Бенжамин Жонсон (1573-1637) абсолют ҳокимият реакциясига қарши курашувчи сифатида майдонга чиқди. «Сеян: унинг емирилиши» (1603), «Катилина: унинг исёни» (1611) трагедияларида Жонсон Рим тарихидан материал олиб, монархияга қарши республикачилик ғояларини илгари сурди. У «Вольпоне» (1607), «Эписин ёки индамас хотин» (1609), «Алхимик» (1610), «Авлиё Варфоломей кунидаги ярмарка» (1614) комедияларида инглиз ҳукмрон доираларининг сатирик образларини яратди. XВИИ асрнинг 40-50-йилларида сиёсий кураш давом этаётган бир даврда демократик руҳдаги кучли публицистлар Жон Лильберн (1618-1657) ва Жерарда Уинстенли (1609-1652) етишиб чиқадилар.
XВИИ асрнинг 60-70-йилларидаги реставрация даври ва чириган аристократия маданиятини қаттиқ танқид қилган ёзувчилар Мильтон ва Бэньян бўлдилар. Жон Бэньян (1628-1688) реставрация даврининг бутун ярамасликларини ўз кўзи билан кўрган кишидир. У «Зиёратчининг сафари» (1678) повестида сохта шуҳрат шаҳрининг зиқна, нодон ва қўрқоқ кишилари орқали юқори гуруҳ вакилларини қоралади. Жон Бэньян «Мистер Бэдменнинг ҳаёти ва ўлими» (1680) повестида буржуа типи - «тентак киши»ни танқид қилди. «Муқаддас уруш» (1681) позестида 40-йиллардаги гражданлар урушини, революцион армиянинг феодал-абсолют монархияси армияси устидан қозонган ғалабасини акс эттирди.
ЖОН МИЛЬТОН(1608-1674)
Ҳаёти ва адабий фаолияти. XВИИ аср инглиз адабиётининг йирик вакили Мильтон 1608 йилда Лондонда нотариус оиласида туғилди. Бошланғич маълумотни авлиё Павел черкови қошидаги мактабда олди. Сўнгра Кембридж университетида ўқиди. Университетда монархияга қарши пуританлик руҳидаги эркин фикрлар кенг тарқалган эди. Мильтон хам феодал реакцияси тарафдорлари ва монархия тузумига қарши курашади. У сиёсий масалада университет ўқитувчилари билан тортишиб қолади ва вақтинча ўқишдан четлатилади. Метльтон университетга қайтгач, ўқишни аъло кўрсаткичлар билан тугатади; магистр даражасини олади. Лондон яқинидаги отасининг мулкига бориб, бир неча йил адабиёт билан шуғулланади. 1638 йилда Европа бўйлаб саёҳат қилади. Францияга боради, узоқ вақт Италияда яшаб, унинг адабиёти ва санъати билан танишади. Англияда революцион воқеаларнинг ривожланиб бораётгани ҳақидаги хабарни эшитиши биланоқ дарҳол ватанига қайтиб, унинг сиёсий ҳаётида актив қатнашади. Мильтон дастлаб публицист сифатида ўз фаолиятини бошлаб, индепендентлар билан алоқасини мустаҳкамлайди. 40-50-йилларда Мильтон республика учун тинмай хизмат қилади. Иш оғирлигидан унинг кўзи ожизланиб қолади, лекин шунда ҳам у ишини давом эттиради. Бирин-кетин жанговар руҳда памфлетлар ёзади. 1660 йилда Стюартлар реставрацияси бошланган вақтда Мильтон учун ўлим хавфи туғилади. Роялистлар республикачи шоирга қарши памфлетлар ёзиб, уни масхара қиладилар. Бироқ Мильтон руҳан таслим бўлмайди ва феодал реакциясини фош этишни изчиллик билан давом эттиради. 60-70-йилларда ёзган жанговар руҳдаги асарлари бунинг далилидир.
Республика тузумининг келажакдаги ғалабасига тўла ишонган Мильтон 1674 йилда вафот этади.
Мильтон ижодининг илк босқичи XВИИ асрнинг 20-30-йилларини ўз ичига олади. Мильтон университетда ўқиётган вақтлардаёқ (1626-1632) шеърлар ёза бошлайди. Бу даврдаги шеърлари хали заиф, уларда умумлаштирувчи фикрлар бўлмаса ҳам, лекин шоирнинг феодал-католик реакциясига қарши чиқиши очиқ кўринади. Отасининг мулки Гортонда яшаган йиллари ёзган шеър ва пьесаларида халқ ижоди традицияларини давом эттириб, тушкун феодал адабиётининг тубан образларига қувноқ ва билимдон ёш йигитни қарши қўяди.
Мильтоннинг «Комус» (1637) номли лирик пьесаси асосида ҳис-туйғу билан ақл-идрок ўртасида уйғунлик бўлиши кераклиги ҳақидаги фикр ётади. Ўрмон ва чакалакзорлар ҳукмрони, кучли ҳирс ва енгилтаклик тимсоли Комус ўрмонзорда адашиб қолган соф ва гуноҳсиз қизни йўлдан оздирмоқчи бўлади. Комус қасрида на унинг ўзи, на ярим одам, ярим ҳайвон тўдаларининг ҳийла-найранглари қизнинг иродасини бука олмайди. Қизнинг акалари уни Комус қўлидан қутқариб оладилар.
Бу лирик пьесада ёш Мильтоннинг шоирлик истеъдоди ажойиб ўрмонзор тасвирида ҳам, қизнинг жасурона ҳаракати тасвирида ҳам очиқ кўринади. Мильтон бебош иблисона шахс ва йиртқичликка юксак инсоний ахлоқ принципларини қарши қўйди. Қиз ва унинг акалари эзгулик тимсоли сифатида тасвирланади. Асарнинг сиёсий йўналиши феодал-аристократия ўзбошимчаликларига қарши қаратилган танқиддир.
Мильтон ижодининг янги босқичи XВИИ асрнинг 40-йилларидаги сиёсий воқеалар билан боғлиқ равишда ривожланади. Бу даврда у публицист ёзувчи сифатида феодал-абсолют реакцияси ва унинг асосий таянчи епископ черковига қарши кескин мақолалар билан чиқади. Мильтон никоҳ ҳақидаги мақоласида ҳам Уйғониш Даври гуманистлари ёқлаган тенглик ғояларини ҳимоя қилади.
Мильтон дастлабки трактатларидан бири «Ареопагитика» (1644)да парламентга мурожаат этиб, буржуа республикаси ва матбуот эркинлигини ёқлайди, «ҳаёт уруғи бор бўлган» ҳар бир яхши китобни авайлаб сақлаш кераклигини қайд қилади. Ёзувчи ҳақиқат ва озодлик сўзларини бир-биридан айирмайди, шунинг учун у «билиш эркинлиги, ўз фикрларини баён қилиш эркинлиги»ни талаб қилади.
Шу вақтдан бошлаб Мильтон пресвитерианликдан узоқлаша боради. Йирик буржуа гуруҳларининг бу партияси феодал абсолютизм билан курашда қобилиятсиз эди ва у халқ манфаатига зид сиёсат юргизмоқда эди. Шу сабабли ёзувчи роялистларга қарши жиддий кураш олиб бораётган индепендентлар билан яқинлашади. Бу ўзгаришлар унинг «Арбоблар ва ҳукуматларнинг вазифалари» (1649), «Бутга қарши» (1649) китобларида ўз ифодасини топди. Ҳар иккала китоб Карл И нинг тахтдан туширилиши ва жазоланиши воқеалари билан боғликдир. «Арбоблар ва ҳукуматларнинг вазифалари» қиролнинг ўлдирилишидан олдин ёзилган бўлса ҳам, лекин кейин босилиб чиқади ва у Карл И нинг ўлдирилишини юридик жиҳатдан асослаб беради.
Карл И ни оқловчи ва уни мақтовчи Жон Годеннинг «Қирол образи» китобининг сохталигини фош этиш мақсадида Мильтон индепендентларнинг топшириғи билан «Бутга қарши» китобини ёзади. Бу асарда у қиролни сақлаб қолиш билан ўз позициясини мустаҳкамламоқчи бўлган ва халққа хиёнат қилган йирик буржуа гуруҳлари пресвитерианларни танкид қилади. Мильтон бу китобида халқни истибдодга қарши гражданлар урушига чақириш билан эмигрантларга ҳам, Европа монархиясига ҳам қаттиқ зарба беради. Шунинг учун ички ҳам ташқи реакция унга қарши қаттиқ ҳужум бошлайди. Сальмазия «Қирол Карл И ни ҳимоя қилиш» (1649) деган китоб ёзади. Мильтон «Инглиз халқини ҳимоя қилиш» (1650) деган трактати билан унга жавоб қайтаради. Бироқ душман бу билан чекланмайди. Ёзувчига қарши яна қатор памфлетлар юзага келади. Мильтон реакционерлар тухматига «Инглиз халқини иккинчи марта ҳимоя қилиш» (1654), «Ўз-ўзини ҳимоя қилиш» (1655) китоблари билан жавоб беради. Бу публицистик асарлар ёзувчининг республика учун курашчи сифатида обрўини оширади. «Иккинчи ҳимоя»да Мильтон генерал Кромвелнинг революция учун хатарли йўл – шахсий диктатурага интилишдан воз кечиши зарурлигини уқтиради.
50-йилларнинг иккинчи ярмида Мильтон сиёсий курашдан вақтинча четлашади. Бу йилларда «Христиан таълимоти» трактати устида ишлайди. Бу китобда Мильтон дунёқарашидаги зиддиятлар очиқ намоён бўлади. У фан билан динни муросага ундайди. Бироқ Мильтон кальвинизм догмаларидан четга чикиб, кишида ўз тақдирини белгилаш учун эркин ирода ҳам мавжуд деб очиқ айтади. Кўзи ожиз Мильтон адабий ижод билан шуғулланади, сонетлар ёзади. Кромвель ўлими муносабати билан у яна публицистикага мурожаат этади. Республнка тузумини сақлаб қолиш учун бутун куч-ғайратини ишга солади. «Эркин республика ўрнатиш учун ҳақиқий ва енгил йўл» (1660) трактатида янги давлат қурилиши планини тасвирлайди. Бироқ унинг сайлов системаси левеллерлар таклиф қилганлари даражасида демократик руҳда эмас эди.
Мильтон ижодининг сўнгги босқичи (60-70-йиллар) Стюартлар реставрацияси даврига тўғри келади. Бу даврда у ажойиб асарлари «Йўқотилган жаннат», «Топилган жаннат» поэмалари ва «Самсон – курашчи» трагедиясини яратади. Даҳшатли реставрация йилларига қарамай, Мильтон республикачилик ғояларига содиқ бўлиб қолади. 1660 йилда қироллик ҳукуматининг буйруғи билан унинг «Инглиз халқини ҳимоя қилиш» ва «Бутга қарши» китоблари куйдириб ташланади. Мильтон катта жарима тўлаш эвазига ўлим жазосидан қутулиб қолади. Мильтон ижодининг кейинги этапи намунаси «Йўқотилган жаннат» поэмасида шоирнинг шу даврдаги кайфиятлари ўз ифодасини топган.