О.К.Эрназаров,
“Диншунослик ва жаҳон динларини
қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси
стажёр-ўқитувчиси (Тошкент ислом университети)
Европада суфийлик тариқатлари ёйилишининг ўзига хос хусусиятлари
Маълумки, ислом дини пайдо бўлган дастлабки юзйиллик охирида Жанубий Европага қадар кириб келди. Ислом дини ўрта асрларда Пиреней ярим оролида, Усмоний империя ҳукмронлик даврида эса Болқон яриморолида мустаҳкам ўрин олди. Шунингдек, ҳозирги кунда мазкур диннинг ушбу қитъада тутган мавқеи Жануби-Шарқий Европа мамлакатлари, айниқса, Албания ва Боснияда мусулмонлар аҳолининг аксарият қисмини ташкил этишларида намоён бўлмоқда. Шу билан бирга, Россиянинг жанубий қисмида ислом дини узоқ ва кўҳна тарихга эга. Яқин ўнйиллик давомида Европанинг қолган қисмида мусулмонлар сони тез суръатларда ўсмоқда. Бу жараён эса мусулмон ўлкалардан келаётган меҳнат миграцияси миқдорини кўпайиши билан боғлиқ. Собиқ ипмериал мамлакатлар, жумладан, Франция ва Буюк Британияда мусулмон аҳоли қатлами муайян озчиликни ташкил этади. Шу ўринда эслаб ўтиш лозимки, Британиядаги мусулмонларни келиб чиқиши жанубий Осиё, Франциядаги мусулмонларнинг асли Шимолий Африка, айниқса Жазоир, Германиядаги мусулмонларнинг ота ватани эса Туркияга бориб тақалади. Яқин эллик йиллик давомида мусулмонлар миграцияси йўналиши Марказий, Ғарбий ва Шимолий Европага ўзгаргани натижасида ҳозирги кунда аксарият Европа мусулмонларининг она (туғилган) ватани мазкур қитъа мамлакатлари ҳисобланади. Шу тарзда, дунёнинг ушбу қисми бўйлаб ислом динини тарқалишида Европа мусулмонларининг иккинчи ва учинчи авлодининг таъсири муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, кўплаб европаликларни мусулмонликни қабул қилишлари ҳамда уларнинг аксарияти юқори интеллектуал салоҳиятга эга ва умуминсоний ахлоқ нормаларидан яхши хабардор эканлигини ислом динини қитъа бўйлаб ёйилишида алоҳида ўрни бор. Замонавий Европадаги мусулмонларнинг ижтимоий-маданий фаолиятини ўрганишга бағишланган оз сонли тадқиқотлар европаликларнинг ислом динининг бир тармоғи саналувчи суфизмга қизиқишлари юқори эканлигини кўрсатади. Бу эса дунёнинг қолган қисмларидан кўра суфизм Европада жуда кучли мавқега эгалигидан далолат беради. Бу борада европалик мусулмонлар томонидан қалбни ёмон иллатлардан поклаш ва олийжаноб сифатлар билан сайқаллаш бирламчи вазифаси саналган суфизмнинг ислом дунёсидаги анъанавий ролини сақлаб қолиш учун катта эътибор қаратилаётганлиги асосий ўрин тутмоқда.
Маълумки, суфизм ҳамиша кўп қиррали ҳодиса сифатида баҳоланиб келинган. Бунинг сабаблари ундаги жамоаларнинг мунтазам ривожланишда эканлиги ва уларнинг янги муҳитга мослашувчанлик салоҳиятини юқорилиги, шу билан бирга, суфизм таълимоти инсоннинг ҳам ички, ҳам ташқи дунёсини тўғрилашга катта урғу бериши билан боғлиқ. Мазкур хусусиятларни жамлаган ҳолда суфизм таълимоти Европа қитъаси бўйлаб ҳам тарқалди. Қолаверса, дунёнинг бу қисми янги суфий жамоалари вужудга келиши учун макон вазифасини ўтади. Бугунги кунда энг кўп миқдорда сўфи жамоалари фаолият юритаётган Европа мамлакатлари сифатида Франция ва Буюк Британия зикр қилинади.
Европадаги суфи жамоалари функционал жиҳатдан ўзгаришларни бошдан кечирмоқдалар. Зотан, кўплаб мусулмон ўлкаларда суфи жамоалари ва уларнинг етакчилари сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тарафдан муҳим рол ўйнасалар, Европа жамиятига мослашиш шароитида эса уларнинг баъзи ваколатлари қисқармоқда. Масалан, мусулмонлар кўпчиликдан иборат жамиятларда молиявий қудратга эга суфи жамоалари соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида юқори аҳамият касб этишлари уларга сиёсий мавқеъ келтирган. Аммо, Европа жамиятида юқоридаги соҳаларни бошқариш ваколати давлат ва халқ ўртасида ҳал қилинади. Бироқ, шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, қитъадаги сўфи жамоаларнинг баъзи ижтимоий вазифалари қисқарганига қарамай, дунёвий масалаларда уларнинг аҳамияти сақланиб қолмоқда. Мисол учун, жамоа пир (шайх)ларининг даволаш фаолияти, хусусан, суфи доираларда, шифохона ёки клиникаларда кўрсатиладиган тиббий хизматга қўшимча руҳий даво сифатида баҳоланади. Бундай ёндашув эса дунёвий тамойилларнинг таъсир кучи юқори бўлган Евро муҳитда кечаётган исломий ўзгаришларнинг бош белгиси саналмоқда.
Европада кенг кўламда тарқаётган ва кўплаб тарафдорларига эга суфи жамоалардан бири Нақшбандиядир. Бу тариқатга 14-асрда Марказий Осиёда Баҳоуддин Нақшбанд томонидан асос солинган бўлиб, Европада ҳам осиёлик иммигрантлар ва ислом динига эътиқод қилишни ихтиёр этган инсонлардан иборат катта аудиторияга эга. Хусусан, кипрлик Муҳаммад Нозим Ҳаққоний номи билан боғлиқ Нақшбандия-Ҳаққония тариқати европалик мусулмонлар орасида машҳур саналиб, 20-асрнинг 70-йилларидан эътиборан мусулмончиликни янги қабул қилган кўп сонли кишилар унга ўз вакилликларини эълон қилдилар. Аслида, Муҳаммад Нозим Кипр муфтийси ҳисоблансада, Европада истиқомат қилаётган турклар, кипрликлар ва бошқа мусулмон иммигрантлар уни ўз устозлари сифатида кўрадилар. Бу тариқатнинг молиявий эҳтиёжлари Нозимнинг шогирларидан бири Бруней султони томонидан таъминланади. Ҳаққония Нақшбандиянинг бошқа анъанавий шўбаларидан кўпчилик тарафидан жўр бўлиб айтиладиган сокин зикр ҳаракати билан ажралиб туради.
Европа қитъасида тарқалган ва мусулмонлар орасида катта обрўга эга сўфи жамоалардан яна бири 14-асрда Шоҳ Неъматуллоҳ Вали томонидан ташкил этилган Неъматуллоҳия тариқатидир. Шоҳ Неъматуллоҳ Вали Суриянинг Алеппо шаҳрида туғилган бўлиб, узоқ йиллар давомида Эронда яшаган. Шу сабабли ҳам Неъматуллоҳия тариқати шиа йўналишига оид, деб эътироф этилиб, ҳанузгача Эронда кучли мавқега эга ҳисобланади. Бироқ, унинг тарафдорларини дунёнинг қолган қисмларида ҳам учратиш мумкин. Унинг Европадаги вакилларининг аксариятини, табиийки, Эрондан кўчиб келган кишилар ташкил қилади. Бу жамоа ўзга сулуклар ичида машҳур шоир ва адиб вакилларга эгалиги билан ажралиб туради. Неъматуллоҳия пирлари ва издошлари тафаккурга катта эътибор қаратадилар. 1979-йил Эрон ислом Республикаси деб эълон қилингач, ўша даврдаги жамоа етакчиси, Теҳрон ва Сарбонна университетларида машғулот ўтказувчи таниқли психиатр Жавад Нурбахш ва бир қатор шайхлар қувғинга учрадилар. 1983-йилда Нурбахш Лондонга кўчиб ўтди ва ҳозирга қадар, Англия пойтахти Неъматуллоҳия жамоасининг Европадаги маркази бўлиб турибди.
Африканинг турли бурчакларидан келган иммигрантлар ҳисобига Қадария, Тижания, Муридия, Аҳмадия-Идрисия ва Шозилия каби қора қитъада пайдо бўлган суфи тариқатлари ҳам Европа бўйлаб тарқалди. Юқоридагилар орасида ўз атрофига кўплаб тарафдорларни жамлаган ва Евро ҳудудда суфизмнинг ривожланишига маълум даражада ҳисса қўшган жамоалардан бири Шозилиядир. Бу жамоа 13-асрда яшаган, Шимолий африкалик шайх Абу Ҳасан Шозилий вафотидан кейин шу ном билан аталган. Шозилия тариқати, одатда, табиий, аниқ, ҳуқуқшунослик фанларига оид масалаларга эътибор қаратган ва шу сабабли ҳам зиёли қатламнинг ўзига жалб қилган. Айниқса, ўрта асрларда шуҳрат қозонган андалусиялик донишманд ва илоҳиётчи Ибн Арабийнинг фикрий қарашлари натижасида жамоанинг таълимоти маълум даражада ривожланди. Европадаги мусулмонлар орасида суфизмнинг ривожланишида Аҳмад Дарқовий томонидан Шозилия тариқатининг бир шўбаси сифатида таъсис этилган Дарқовия жамоаси юксак аҳамият касб этди. Шунингдек, мазкур тараққиёт жараёнида ўзига хос ўрин тутган яна бир суфи жамоаси, Абу Аббос Алавий (в. 1934) номи билан боғлиқ Шозилия-Дарқовия-Алавия ёки Алавиядир. 1920 йилдан эътиборан Франция ва Англияда Алавиянинг тарафдорлари кўзга ташланди.
Европадаги тасаввуф сулуклари қаторида, шунингдек, туркияликлар воситасида тарқалган Бектошия1 ва Ҳалватия-Жарроҳия тариқатларини ҳам санаш мумкин. Шу билан бирга, яшил қитъада ўз жамоасига эга яна бир тариқат Мавлавия эса нафақат мусулмонлар, балки, ўзининг “дарвешлар ҳалқаси” номли томошаси билан мусулмон бўлмаганлар орасида ҳам шуҳрат қозонган. Бундан ташқари, Европада фаолият юритаётган суфи гуруҳлар орасида Чистия (Муиниддин Чистий (в. 1236) ва Рифоия ҳам зикр қилинади. Биринчи гуруҳ мусиқа ва рақсга катта эътибор бериши билан танилган бўлса, иккинчиси маҳзун оҳангда зикр тушганлари сабабли “маъюс дарвешлар” номини олганлар. Шунингдек, Европада осиёлик иммигрантлардан иборат ўз тарафдорларига эга, 13-асрда ҳаёт кечирган асли мисрлик Иброҳим Дасуқий исми билан боғлиқ сўфи жамоалардан бири Бурҳония ёки Дасуқия жамоасидир2.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, тасаввуф таълимотини Европада танилишига маҳаллий европалик тадқиқотчилар томонидан мазкур соҳа бўйича турли даражада изланишлар олиб борилганлиги ҳам юксак ўрин тутди. Зотан, Европадаги суфизмнинг айни пайтдаги ролини тўғри шаклда таърифлаш учун Ўрта асрлар тарихини ўрганиш керак бўлади. Чунки, сўнгги ўнйилликларда маълум бўлганидек, ислом маданияти ўрта асрлар христиан оламига ўзига хос таъсир кўрсатгандир. Мисол учун, 9-асрда Ироқда яшаган, юксак хулқи ва камтарона ҳаёт тарзи билан инсонларга ўрнак бўлган Робиа ал-Адавий тўғрисидаги ривоятлар ўша даврда Франциядаги Авлиё Луис ибодатхонасига қадар етиб борганлиги ёки Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ҳаётларида юз берган Меърож воқеасига боғлиқ деталлар 14-асрда яшаб, фаолият юритган италиялик ижодкор Данте қаламига мансуб “Илоҳий комедия” номли асарда зикр қилиниши юқоридаги фикр тасдиғидир. Бундан ташқари, 16-асрда Испанияда тарқалган христианликка хос ахлоқий меъёрларда Андалусия суфизмидан бир неча элементлар ўзлаштирилганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Кейинчалик Европанинг етакчи давлатлари томонидан юргизилган мустамлакачилик сиёсати ортидан мусулмон дунёсини забт этилиши европалик баъзи “ҳақиқат изловчилар”га суфизм билан юзма-юз келиш учун имкон яратди. Зотан, ўша даврда мазкур шахслар Европанинг позитивистик идеологиясини инкор қилишарди. Чунки, уларнинг фикрига кўра, Европанинг бундай шаклдаги моддийюнча тамаддуни ўз сирлилик (тайний) моҳиятини йўқотган христианлик динини дунёвийлаштиришга (секуляризация) асосланган эди. Бу каби ҳаёт ҳақиқатидан узоқлашиш шароитида европалик маърифатпарварлар суфизм тимсолида руҳий покланишнинг шарқона услуби билан тўқнаш келдилар.
Суфизм таълимотидан таъсирланиб, Европанинг руҳий ҳолатини тасвирлашга уринган ижодкорлардан бири француз адиби Рене Гуэнон бўлди. У Европа жамоатчилигига замонавий Ғарб маънавий қашшоқланиш вазиятида эканлигини тушунтириб, унинг сабаби сифатида милодий иккинчи мингйилликнинг охирги уч асри давомида анъана ва урф-одатларни авлоддан-авлодга табиий ўтиш жараёни йўқолганлигини кўрсатади. Шунингдек, у ўз мулоҳазаларида ҳар бир диннинг асосини ташкил қилувчи асл ҳақиқат – ахлоқий юксакликка қайтиш кераклигини билдиради. У 1912 йил Париждаги сўфилик жамоасига аъзо бўлгач, анъанавий Ғарб цивилизациясини тиклаш мақсадида кўп жилдли китобларга жамланган Қадимий фалсафанинг метафизика оид қарашларини ўрганишга киришади. У 1930 йилдан Қоҳирада яшай бошлайди ва 1951 йилда у ерда вафот этади. Аммо, шу ўринда таъкидлаш лозимки, у универсал сўфи сифатида ислом ёки суфизм тўғрисида эмас, балки ҳиндуизм дини ҳақида кўпроқ мақолалар ёзди. Бироқ, умуман олганда эса унинг таъсир доираси суфизм йўлига эргашишни ихтиёр қилган европаликлар, хусусан, французлар ҳаётида юқорилигича қолмоқда. Қолаверса, Гуэнон изланишлари ортидан бир неча анъанадор европаликлар ислом динига эътиқод қилишни ихтиёр қилдилар. Уларни исломий қадриятларнинг ҳар замон ва маконга нисбатан универсаллик хусусияти ҳайратга солган бўлиб, бу борада, ҳар қандай ҳолатда ҳам ахлоқий меъёрларга эргашишни устун санагувчи суфизм қайсидир маънода Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк вазифасини ўтади.
Шундай шахслардан бири суфизм тузукларини Ғарбда танилишига катта ҳисса қўшган Георги Гурджиф ҳисобланади. У 19-асрнинг охири ва 20-асрнинг бошларида Марказий Осиё ва Яқин Шарққа сафар қилиш асносида у ердаги суфи жамоалари фаолияти ҳамда таълимотларидан, айниқса, Мавлавия анъанасидан ҳайратга тушди. Унинг номи Ғарбдаги фан ва маданият ходимлари орасида тасаввуфона мусиқа ва рақс ижроларини ўрганиш билан шуғулланган Европадаги кейинги фаолияти давомида танила бошлади. Гурджиф фаолиятининг асосини динларни бирлаштириш ва диндорлараро бағрикенглик муҳитини қарор топтириш даъвоси остида Шарқда вужудга келган динларнинг ахлоқий қарашларини ўзида мужассамлаштирувчи универсал суфизмни яратиш ташкил қилди. Албатта, бу ғояга нисбатан турли исломий гуруҳлар, жумладан, Ҳиндистондаги Чистия тариқатининг Ғарбдаги вакиллари томонидан норозилик билдирилди. Шунга қарамай, бу ғояга ўрта ва юқори элита вакилларидан иборат европаликлар орасида хайриҳоҳлар топилди.
Евро-суфизмнинг яна бошқача шакли швед рассоми Иван Агуэли (в. 1917) қарашлари ортидан пайдо бўлди. У 1907-йил Мисрда Шозилия тариқати аъзосига айлангач, кейинчилик француз Рене Гуэнон ҳам унинг кетидан борди. Иккиси ва улар каби бошқа зиёли европаликларнинг ўзига жалб қилган жиҳат Ибн Арабийнинг фалсафий-ахлоқий қарашлари эди. Бир неча йиллар давомида Парижда чиқадиган “Etudes traditionelles” (“Анъанавий билим”) журналида Мишел Валсан (Michael Valsan – в. 1974) таҳрири остида Ибн Арабийнинг асарларини таржимасига бағишланган кўплаб мақолалар чоп этилди. Д. Вестерланднинг “Европа ва Шимолий Америкадаги суфизм” асарида келишича, Агуэли, Гуэнон ва Валсан ахлоқий масалаларга “традиционализм” нуқтаи назардан ёндашишлари асосида “баъзи диний анъаналар умумий ўзакка эга” ғояси ётган бўлиб, бу борада, суфизм шу мақсадни баён қилишда самарали йўл сифатида баҳоланган, шу билан бирга, ахлоқ ҳақида баҳс қилинган қадимий асарларни ўрганиш орқали юқоридаги шахслар, жумладан, Гуэнон кўхна мавзу саналувчи дин ва фалсафа, дин ва ахлоқ тўғрисида изланишлар олиб борувчилар учун ривожланиш босқичини бошлаб бердилар3.
Бундай кўринишдаги, яъни, суфизмнинг ғарбона шакли, шунингдек, Германияда ҳам ўзига хос хусусият касб этди. Шарқона ахлоқ меъёрларини умумлаштирган суфи жамоалардан бири Гамбургда 1981-йил Нақшбандия тариқати вакили Стефан Маковский томонидан таъсис этилди. Аммо, фаолият доирасида ноисломий баъзи элементлар кўрингани ва шу сабабли бир неча диний уламолар тарафидан танқидга учрагани оқибатида марказ маълум муддатдан сўнг ёпиб қўйилди. Кейинроқ эса Маковский суфизмни янада кенгроқ тадқиқ этиш мақсадида Салсбургда мустақил тадқиқот марказини ташкил қилди.
1996-йилда маҳсулдор ёзувчи ва ҳозирда, Нақшбандия тариқатининг ўзига тегишли филиалини ривожлантиришга катта эътибор бераётган Маковский турмуш ўртоғи билан биргаликда “Аёллар учун суфизм” номли китобни нашр эттирди. Китобда эр-хотин тасаввуфга оид маълумотлар орасида машҳур сўфи аёллардан бир неча намуналар келтириш билан бирга, соф суфизмнинг қалбни поклашга қаратилган таълимотлари кўплаб аёлларни ҳам ўзига жалб этганини тасдиқлашга уринадилар. Суфи аёллар қаторида, табиийки, биринчи тарихий мисоллар зикр қилингач, сўнгра, ҳозирги кунда тасаввуф билан шуғулланаётган (ўрганаётган) нозик ҳилқат вакиллари, жумладан, россиялик Ирина Твиди (Irina Tweedie) кўрсатилади. У ўтган асрнинг 60-йилларининг биринчи ярмидаги икки йиллик Ҳиндистон сафари давомида у ердаги диний муҳит уни ўзига жалб қилади ва шу даврдан у Англияда мазкур соҳани ўрганишга киришади. 1979-йилда у “Олов жари”, етти йил кейин эса унинг кенгайтирилган варианти “Олов қизи” номли автобиографик қитобларни чоп эттирди. Бу китобда у Ҳиндистон Нақшбандия тариқати шайхи, ҳиндуийликдан ислом динини қабул қилган Бҳаи соҳиб билан учрашганлигини айтади. Бир неча йил ўтиб, 90-йилларнинг бошларида унинг иши тасаввуфнинг тарихий кўринишини намоён қилувчи Калифорниядаги “Олтин сўфи маркази”да Люлин Воан Ли (Llewellyn Vaughan-Lee) томонидан давом эттирилди. Кейинроқ, Твидининг тарафдорлари Шимолий Америкадан ташқари Европа мамлакатлари, хусусан, Англия, Германия ва Швейцарияда ҳам учрай бошлади. Дэвид Вестерлан (David Westerlund) “Европа ва Шимолий Америкада суфизм” асарида қайд қилишича, эркак ва аёл диний интеграцияси суфизм учун мутлақо янгилик эмас, балки, бундай ноодатий кўриниш узоқ давр давомида, айниқса, ўз пайтида кўплаб мусулмонларнинг жиддий норозилигини келтириб чиқарган Бектоший жамоасида мавжуд бўлиб келди. Бироқ, замонавий Европа ва Америка суфизмида гендер интеграцияси оддий ҳолатга айланди4.
Хулоса қилиб айтганда, айни даврда, Евро-суфизмга эргашаётган ёки у билан қизиқаётган европаликларнинг аксарияти ислом динига жиддий амал қилмайдилар. Аниқроқ қилиб айтганда, улардаги суфизмга қизиқишни европалик ва бошқа минтақалардаги сўфи етакчилар томонидан ёзилган китоблар ёки шеърият, рақс ва мусиқага бўлган табиий қизиқиш уйғотган. Шунингдек, ахборот ва ғояларни тезкор, осон ва арзон етказиш воситасига айланиб улгурган интернетни ҳам суфизмга қизиқишни ўсишига сабаб сифатида келтириш мумкин. Қолаверса, мусулмон дунёсида машҳур тасаввуф тариқатлари (айниқса, Мавлавия жамоаси) томонидан мусиқа ва рақс турне (сафар)ларини уюштирилиши суфизм шеъриятини Европада тарқалиши учун муҳим аҳамият касб этди. Шу билан бирга, сўфи жамоалари ижро қилган хорлар CD ва аудио тасмаларга ёзилиб, Ғарбда сотилди. Мисол учун, Чистия анъанасини ифода қилувчи Қаввалий мусиқаси Ғарбда машҳур бўлиб кетди. Ҳатто, сўфи рақси черков ва ислом динига алоқадор бўлмаган жамоат жойларидан ўрин олди.
Do'stlaringiz bilan baham: |