Халқаро шартнома – давлатлар ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари ўртасида улар учун умумий аҳамиятга эга бўлган ҳамда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни қабул қилиш йўли билан улар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга даъват этилган очиқ ифодаланган битимдир.
63. НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИНГ ВАҚТ, ҲУДУД ВА ШАХСЛАРГА НИСБАТАН АМАЛ ҚИЛИШИ
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар вақт, ҳудуд ва шахсларга нисбатан амал қилиш доирасига эга бўлади.
“Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кучга кириш тартиби белгилаб қўйилган.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, агар ҳужжатларнинг ўзида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, расман эълон қилинганидан сўнг ўн кундан кейин кучга киради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгиланган тартибда кучга киради ва улар эълон қилиниши шарт.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, агар ҳужжатнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг ўн кундан кейин кучга киради. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ўтказилган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида барча манфаатдор шахслар эътиборига етказилиши лозим. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни манфаатдор шахслар эътиборига етказиш норматив-ҳуқуқий ҳужжат матни билан монеликсиз (эркин) танишиш ҳуқуқини таъминловчи ҳар қандай шаклда амалга оширилиши мумкин.
Ушбу қонуннинг 27-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг орқага қайтиш кучи белгилаб қўйилган. Унга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Қонун, у амалга киритилишига қадар юзага келган муносабатларга нисбатан, агар бу ҳоллар қонунда бевосита назарда тутилган бўлса, татбиқ этилиши мумкин. Агар қонун хатти-ҳаракатлар содир этилган пайтда жавобгарликка сабаб бўлмаган ёки енгилроқ жавобгарликка сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш ёки кучайтиришни назарда тутса ёхуд юридик ва жисмоний шахсларга моддий зарар келтирса, қонунга орқага қайтиш кучини бериш мумкин эмас.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат, агар унинг матнида бошқа изоҳ берилмаган бўлса, муддатсиз амал қилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат амал қилишининг вақтинчалик муддати бутун ҳужжат учун ёки унинг қисмлари учун белгиланиши мумкин. Бундай ҳолда унда ҳужжат (ёки унинг қисми) қайси муддатга ёки қандай ҳодиса юз бергунига қадар ўз кучини сақлаб қолиши кўрсатилиши зарур. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган белгиланган муддат тугагунига қадар ҳужжатнинг амал қилинишини янги муддатга, бошқа ҳодиса юз бергунига қадар узайтириш тўғрисида ёки ҳужжатга муддатсиз тус бериш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат (унинг қисми) қуйидаги ҳолларда амал қилишини тугатади:
норматив-ҳуқуқий ҳужжат (унинг қисми) мўлжалланган муддат тугаганда ёки ҳодиса бошланганда;
норматив-ҳуқуқий ҳужжат (унинг қисми) қонунда белгиланган тартибда конституциявий эмас деб топилганда;
норматив-ҳуқуқий ҳужжат (унинг қисми) ўз кучини йўқотган деб топилганда;
норматив-ҳуқуқий ҳужжат қонунда назарда тутилган ҳолларда бекор қилинганда.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг шахслар буйича амал қилиши деганда уларнинг Ўзбекистон Республикасида фуқароларга, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, давлат органларига, жамоат ташкилотларига, чет эл фуқароларига тегишлилиги тушунилади. Юқорида кўрсатиб ўтилган қонуннинг 29-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг шахслар доираси бўйича амал қилиши тартиби белгилаб қўйилган. Унга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахсларига, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл юридик шахсларига, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга татбиқ этилади.
Норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳудуд бўйича амал қилиши мамлакатнинг бутун ҳудудига нисбатан тадбиқ этилади. Давлат ҳудуди тушунчасига қуйидагилар киради: қуруқлик, сув ҳудудлари, ҳаво бўшлиғи, хориждаги элчихоналар ва ваколатхоналар эгаллаб турган ҳудуд, муайян давлат байроғи остида бўлган денгиз, дарё, ҳаво ва космик кемалар ҳудуди.
Do'stlaringiz bilan baham: |