Социология – жамиятни социал система сифатида, шу системани уни ташкил этувчи элементлари: шахслар, социал бирликлар, иинститутлар орқали функцияларини бажариши ва ривожланишини ўрганадиган фан. Социология – жамиятда турли ўринни эгалловчи, жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳаётида турли тарзда иштирок этувчи, нафақат даромад даражаси, балки даромад манбаи, эҳтиёж қондириш сифати, соҳаси, ҳаёт тарзи билан фарқланадиган, шунингдек қадриятлар тизими, хулқ-атвор услуби ва мотивлари билан фарқланадиган инсонлар гуруҳларини, улар ўртасидаги муносабатларни ва бу муносабатлардан келиб чиқадиган ҳодиса ва жараёнларни ўрганадиган фан.
Социология ижтимоий ҳаётни у ёки бу шаклда ва соҳада ўрганар экан, у аввало социал воқелик ҳақидаги билимларни шакллантириш, социал ривожланиш жараёнларини тасвирлаш, тушунтириш, ўзининг асосий методологиясини ва социологик тадқиқот методларини ишлаб чиқиш каби илмий муаммоларни ҳал этади.
Социологиянинг жамият ҳаёти билан хилма-хил алоқаси, унинг ижтимоий бурчи биринчи навбатда у бажараётган функциялар билан аниқланади. Ҳар қандай фанлар каби социологиянинг энг асосий функцияларидан бири назария ва амалиётнинг бирлигидир.
Социологик тадқиқотларнинг кўпчилик қисми амалий муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган. Социологиянинг амалий йўналтирилганлиги шунда номоён бўладики, у ижтимоий жараёнларнинг ривожланиш майллари ҳақидаги илмий асосланган маълумотни ишлаб чиқишга қодир. Мана шунда унинг олдиндан айтиб бериш функцияси намоён бўлади.
Жамият ҳаётида социологик тадқиқотлардан ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларини ривожлантиришни режалаштиришда фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Социал режалаштириш ижтимоий тизим қандай бўлишидан қатъи назар ҳамма мамлакатларда ривожланган.
Социология мафкуравий функцияни ҳам бажаради. У:
- биринчидан, табиий-тарихий жараёнларни англаш, жамият тараққиётининг яқин орадаги мақсадларини ва истиқболларини ишлаб чиқишга қаратилган;
- иккинчидан, илмий ва мафкуравий мунозарани бошқа қарашлар тизими орқали олиб бориш;
- учинчидан, аҳоли ўртасида илмий ва миллий мафкурани тарқатиш;
- тўртинчидан, малакали мутахассисларни тайёрлаш, улар томонидан илмий мафкурани ҳар томонлама ўзлаштириш имконини беради, шунингдек, одамлар ўртасида муносабатларни шакллантиришга, уйғун ҳиссиётларни ижтимоий муносабатларга хизмат қилдириб яхшилашга ҳам ёрдам бериши мумкин.
Шу туфайли социология инсонпарварлик функциясини ҳам бажаради.
Қонун деганда, одатда, аниқ вазиятда умумий, зарурий ва такрорланишга хос бўлган жиддий алоқа ёки муносабатлар тушунилади.
Социал қонуният – социал воқелик ва жараёнларнинг жиддий зарурий алоқасини акс эттиради.
Социал қонунлар муносабатларни акс эттиради. Бу халқлар, миллатлар, синфлар, социал-касб-корлик гуруҳлари, шаҳар ва қишлоқ, шунингдек, жамият ва оила, жамият билан шахс ўртасидаги муносабатларни белгилайди. Социал қонунларга асосланган ҳолда одамлар, ўз ҳаётий фаолиятлари учун зарурий бўлган шароит таъсири остида уни қўллайдилар.
Табиат қонунлари каби социал қонунлар воқеаларнинг табиий ҳаракати давомида пайдо бўлади. Улар кўпчилик индивидларнинг ижтимоий вазиятда ва объектив алоқаларда мақсадга мувофиқ таъсир кўрсатиши натижаси ҳисобланади, яъни одамлар яшайдилар, моддий ва маънавий неъматларни яратишда қатнашадилар; маҳсулотни айирбошлайдилар, тақсимлайдилар ва истеъмол қиладилар, болаларни дунёга келтирадилар ва тарбиялайдилар, уларнинг иродаси ва онги билан боғлиқ бўлмаган ҳолда қонуний воқеалар занжири юзага келади.
Социал қонун ва қонуниятларни тадқиқ этиш, демак, социал соҳа турли элементлари ўртасидаги зарурий алоқаларни ўрнатишдир.
Социологик қонунлар социал системанинг турли босқичларида намоён бўлувчи турли хил социал бирликлар, ташкилотлар ва институтларга бирлашган одамлар ўртасидаги муҳим, такрорланиб турувчи ўзига хос алоқалардир.
Социологик қонунлар 2 турга бўлинади: умумий ва хусусий қонунлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |