ЗАМОНАВИЙ УЗЛУКСИЗ ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ: ИННОВАЦИЯ ВА ИСТИҚБОЛЛАР
278
ХАЛҚАРО МИҚЁСИДАГИ ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ МАТЕРИАЛЛАРИ
қадамнинг муваффақиятига боғлиқ бўлади. Таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда гуманитар
факультетларда математика ғоясини умум тан олинган ғоя деб айтиш қийин. Дарҳақиқат,
цивилизациямизнинг ажралмас қисми бўлган математика фани келажакда турли амалий
гуманитар масалаларни ечишнинг улкан воситаси ва илмнинг универсал тили бўлибгина
қолмасдан, умумий маданиятнинг муҳим элементи ҳам бўлиб қолади. Агар биз фикран
келажакка назар солсак, математик циклнинг умумуниверситет таълими жараёнида қандай
ўрин тутишини кўрамиз. Буни тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз: университет гуманитар
йўналишларида математика фанини ўқитишнинг асосий мақсади - талабалар онгига зарурий
математик маданиятни сингдириш ва амалий фаолиятларида математик методларни
қўллашнинг зарурий кўникмаларини шакллантиришдан иборат.
Гуманитар таълим талабалари тафаккурининг психологик жиҳатларини, таълим
йўналишлари ва мутахассисликларини максимал равишда эътиборга олган ҳолда, улардан
имкон қадар формал-мантиқий баёнларни, мураккаб исботларни талаб қилмаслик ва
исботларни кўргазмали мулоҳазалар билан алмаштириш лозим. Бундан ташқари, уларда
қийин алмаштиришлар бажаришнинг техник малакаларини шакллантиришдан воз кечиш
керак. Уларга математик тушунчаларни ва математик қонуниятларнинг амалий татбиқларини
оддий мисолларда тушунтириш зарур. Математика ўқитиш жараёнини мувофиқ равишда
умуммаданий қадриятлар ва умумфалсафий концепциялар билан, тарихий ҳодисалар ва
фактлар билан, тиллар, адабиёт, санъат ва мусиқа билан чамбарчас боғлаб олиб бориш керак.
Математик терминларни тўғри тушуниш ва уларни ўз ўрнида ишлатишга алоҳида эътибор
қаратилмоғи лозим. Талабаларни ҳеч бўлмаганда, ахборотларни оддий миқдорий таҳлил
қилиш имконини берувчи муайян математик аппарат билан таъмин қилиш керак.
Шу ўринда Б.Паскалнинг математика фани шунчалик жиддий фанки, уни бироз
бўлсада, қизиқарли қилиб ўқитишни унутмаслик жуда фойдали бўлади, деган сўзини
такрорлаб, турли математик ташкил этувчилардан «чиройли мозаикали полотно»ни
яратишни шундай амалга ошириш керакки, пировардида у гуманитар йўналиш талабаларида
математикани тўла муҳокама қилиш кўникмасини шаклланишига йўналган бўлсин деб
айтилган фикрини эслашни жоиз деб топдик.
Ўқитишдаги биринчи қадамлар ҳар доим катта психологик зўриқишларни келтириб
чиқаради, чунки ўқитувчининг дастлабки саъй-ҳаракати ва ундан кутиладиган натижалар
кўпгина талабаларники билан устма-уст тушавермайди. Ҳаттоки, улар бутунлай қарама-
қарши бўлиб қолишлари ҳам мумкин. Математикага нисбатан салбий фикрни келиб
чиқишида баъзан мактаб ҳам сабабчи бўлиши мумкин. Бунда кўп нарса ўқитувчининг
ечилаётган масалани қай даражада тушунишига, хоҳиш истагига ва танланган ўқитиш усули
бўйича талабаларнинг эътиборини жалб қилиш қобилиятига боғлиқ бўлади. Мақсадга
эришишнинг йўллари турли-туман бўлиши мумкин.
Ўқитишнинг муҳим қоидаларидан бири ўқитувчи ва ўқувчи муносабатидир. Ўқитувчи
ўқитишда талабаларнинг билим орттириш фаолиятини шундай ташкил этиши лозимки,
талабалар фактларни тизимли таҳлил этиш асосида интеллектуал қийинчиликларни мустақил
ҳал эта олсинлар, хулоса чиқариш ва умумлаштиришни бажарсинлар, қонуниятларни
ифодаласинлар, олган билимларини ҳар қандай вазиятда қўллай олсинлар. Бундай ўқитишда
талабаларда билимларни мустақил олиш, гипотезаларни олдинга суриш ва уларни исботлаш
йўли билан ақлий фаолиятнинг янги усулларини топиш, билимларни қўлланиш
кўникмаларини
яратиш,
диққат
ва
тасаввурни
ривожлантириш
қобилиятлари
шакллантирилади.
Сўзимизнинг охирида шуни таъкидлашимиз мумкинки, математик таълим гуманитар
таълим йўналиши талабаларини бўлажак касбий фаолиятга тайёрлашда муҳим аҳамият касб
этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |