ЎЗИНИ ОДИЛ БАҲОЛАЙ ОЛИШ- РОСТГЎЙЛИККА ЎРГАТАДИ
Она тили дарси. Муаллима ўқувчилар билан саломлашгач, аввало гуруҳ сардорларидан ўқувчиларнинг дарсга иштироки ва тайёргарлик ҳолатини суриштиради. Айниқса, уй вазифаларини қай даражада бажарганликларига алоҳида эътибор қаратади. Ўқувчи уй вазифасини бажармадими, демак, ўтган мавзуни тушунмаган. Бу ҳолатда янги мавзуга ўтиб бўлмайди. Шунинг учун муаллима ўтилган мавзуни қайта тушунтириб, мустаҳкамлайди. Шундан сўнггина янги мавзуга ўтади.
Мавзуни мустаҳкамлаш жараёнида ўқувчиларнинг ҳар бирига қоғоздан ясалган биттадан дарахт ва 5 донадан гул тарқатади. Қай бир ўқувчи берилган саволга тўғри жавоб берса, ўз дарахтига битта гулни илиб қўйиш имкониятига эга бўлади. Ҳар бир гул-1 балл ҳисобланиб, берилган бешшала гулни ҳам дарахтига илолган ўқувчи “5” баҳо билан рағбатлантирилади. Баъзи иқтидорли ўқувчилар эса 6-7 тагача саволга жавоб беришади. Уларнинг дарахтлари тўлиқ гуллагач, мева тугишни бошлайди.
Муаллима бу усулни дарс мавзуларига қараб, турли шаклда қўллайди. Масалан, унлилар мавзусида дарахт ўрнига класстер, гуллар ўрнига эса унли ҳарфларни қўллайди. Баъзи дарсларида эса “2”, ва “1” рақамлари ёзилган карточкалардан фойдаланади. Бунда оғзаки савол-жавоб учун “1” балл, чиройли нутқ ва қизиқарли аниқ жавоб учун “2” баллдан тақдим этилади. Шунга кўра, дарс якунида ўқувчи билими баҳоланади.
Мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Нилуфар Баҳриева дарсларида доим ўқувчиларга ана шу усулда ўз-ўзини баҳолаш имконини беради. Бироқ, ўқувчи ўзини ўзи адолатли баҳолай оладими? Бундай ваколатга эга бўлгач, албатта ўзига юқори баҳо қўйишга интилмайдими? Алдов аралашиб, холислик четга сурилиб қолмайдими?
-Бошда кўпчилик ана шу каби эътирозларни билдиришди,-дейди бунга жавобан муаллима. –Бироқ, аввало ўқувчига ўз имкониятини тўғри баҳолай олиш кўникмасини шакллантириш лозим. Тўғри дастлаб, бу усулни қўллаганимда, ўқувчиларнинг баъзилари ўзини юқори баҳолашга интилди. Аммо алдашга ҳаракат қилган ўқувчига нисбатан ўзига хос “жазо” усулини қўллаб, жарима сифатида кундалигига бир ҳафта мобайнида баҳо қўймадим. Ўқувчилар аста-секинлик билан одилликка, ростгўйликка одатланишди.
Айни пайтда Н. Баҳриеванинг ушбу баҳолаш тажрибаси туман миқёсида оммалашган бўлиб, аксарият ўқитувчилар ундан самарали фойдаланиб келмоқда.
Синф раҳбари сифатида ҳам муаллиманинг ўзига хос иш услублари бор.
-Ота-оналар билан яқин ҳамкорлик-ўқувчи таълим-тарбиясида самарадорликка эришишнинг энг муҳим омили ҳисобланади,-дейди у. –Шу боис ҳам фаолиятимда бу жиҳатга алоҳида аҳамият қаратаман. Ота-оналар мажлисини ҳар чоракда эмас, балки ҳар ойда ўтказишни анъана тусига киритганман. Бу мажлисларда фақат ота-оналар эмас, ўқувчилар ҳам иштирок этишади. Очиқлик, холисликка таянган ҳолда кун тартибидаги масалаларни ўзаро муҳокама қиламиз. Ҳар йиғинда дастлаб ўқувчиларнинг юриш-туриши, дарслардаги иштироки муҳокама қилинади. Синф раҳбари сифатида бу борадаги камчиликлар, муаммоларни ошкора айтиб ўтаман. Айрим ҳамкасбларим кўпчилик олдида камчиликларини айтиб, ўқувчини изза қилиш нотўғри, деб билишади. Бироқ, айнан шу усул орқали ота-оналарда ўз фарзандларининг таълим-тарбиясига нисбатан масъулиятни оширишга эришдим. Ўқувчилар ҳам ўзгалар олдида уяладиган ҳатти-ҳаракатлар қилмасликка интилишяпти.
O’qituvchi Nilufar Baxriyeva o’quvchilarni ona tilimizning keng imkoniyatlaridan foydalana olishga, to’g’ri va ravon so’zlay olishga, chiroyli, xatosiz yozishga o’rgatish uchun bor mahoratini sarflayotgan fidoiy ustozdir.
Do'stlaringiz bilan baham: |