26
эса норози бўлмаган ҳукмдорга ҳужум қилишга ким ҳам ботинарди?
Энг эркин шаҳарлардан бўлмиш Германия шаҳарларининг теварак-атрофи
унча катта эмас, бу шаҳарларнинг фуқароси ўзи хоҳласагина императорга
бўйсунади, на ундан, на кучли қўшниларнинг бирортасидан қўрқмайди, чунки
бу шаҳарлар шунақанги мустаҳкамки, уларни босиб олиш ҳар қандай
лашкарбоши учун ҳам қийин ва тинкани қуритадиган иш бўлиб кўринади.
Уларнинг атрофи қалин деворлар ва чуқур ҳандақлар билан ўралган, етарлича
замбараклари бор, омборларида бир йилга етарли озиқ-овқат, сув ва ёқилғи
ғамлаб қўйилган; бундан ташқари, улар оддий халқни хазинага путур етказмай
боқиш учун шаҳар аҳлининг тирикчилиги бўлган соҳалар ҳамда аҳоли
шуғулланадиган касб-ҳунар учун бир йиллик ишни тайёрлаб қўйишади. Бу
шаҳарларда ҳарбий санъат ниҳоятда қадрланади ва етарлича рағбатлантириб
турилади.
Хуллас, шаҳри мустаҳкам, халқи аламзада бўлмаган ҳукмдорга ҳужум
қилинмайди. Агар мабодо ҳужум қилиб қолишса ҳам, душман шармандаларча
чекинишга мажбур бўлади, чунки бу дунё шунчалик тез ўзгариб турадики, бир
шаҳарни қамал қилиб, қўшинни бир йил бекор ушлаб ўтиришнинг ҳеч кимнинг
қўлидан келмайди. Халқ шаҳар атрофидаги экинзорлар, уй-жойларнинг куйиб,
кул бўлаётганини кўрган халқ қамалга узоқ вақт бардош бера олмайди, чунки
унинг ўз манфаатлари ҳукмдорга садоқатдан устун келиб қолади, деб менга
эътироз билдиришади. Мен бунга жавобан айтаманки, кучли ва жасур ҳукмдор
фуқарога гоҳ бу кулфатлар тезда ўтиб кетишини, гоҳ душманнинг
шафқатсизлигини тушунтириб, гоҳида эса ортиқча қайсарлик қилганларнинг
адабини бериб, ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўта олади. Бундан ташқари,
душман одатда шаҳарга яқинлашиб келаётганда экинзорларга ўт қўяди, бу
пайтда шаҳар аҳолисининг қони қайнаб, таслим бўлишни хаёлига ҳам
келтирмаётган бўлади, бир неча кун ўтиб, уларнинг шижоати бироз сусайганда
эса зарар етказиб бўлинган, зулм қилиб бўлинган бўлади. Одамларда
ҳукмдорнинг этагидан маҳкам тутишдан бошқа илож қолмаганда эса, улар
уйларининг ёндирилишига, мол-мулкининг талон-тарож қилинишига ҳам
қарамай, ҳукмдорни ҳимоя қилгани учун ундан марҳамат кута бошлашади.
Одамларнинг табиати шундайки, улар ўзига яхшилик қилган одамга қандай
боғланиб қолса, ўзи яхшилик қилган одамга ҳам шундай боғланиб қолишади.
Барча вазиятларни кўриб чиқиб, шуни айтишим мумкинки, оқил ҳукмдор қамал
пайтида шаҳар аҳолисининг руҳини кўтаришнинг йўлини осонгина топади,
фақатгина уларни боқиш ва шаҳарни мудофаа қилиш учун захиралари етарли
бўлса бас.
Do'stlaringiz bilan baham: