378-модда. Имтиёзлар қўлланилиши тўғрисида билдириш Ушбу бобда назарда тутилган имтиёзларнинг қўлланилиш мезонларига мос келадиган юридик шахс имтиёзларни қўллаш бошланган сана ҳақида солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклда ёзма равишда билдириши шарт.
Солиқ даври мобайнида ушбу бобда назарда тутилган имтиёзларга бўлган ҳуқуқ йўқотилган тақдирда, солиқ тўловчи рўйхатдан ўтказиш жойидаги давлат солиқ хизмати органини солиқ тўловчининг имтиёзларга бўлган ҳуқуқи йўқотилган сана тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклда ёзма равишда хабардор этади.
[ОКОЗ: 1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.10.00.00 Умумдавлат солиқлари / 07.10.08.00 Шахсларнинг айрим тоифаларини солиққа тортиш / 07.10.08.06 Оддий ширкат шартномаси бўйича биргаликдаги фаолиятни солиққа тортиш]
60-боб. Оддий ширкат шартномаси бўйича биргаликдаги фаолиятга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари 379-модда. Умумий қоидалар Оддий ширкат шартномаси бўйича шерикларнинг (иштирокчиларнинг) оддий ширкат шартномаси бўйича биргаликда фойдаланадиган мол-мулки биргаликдаги фаолиятга қўшилган ҳисса тарзида ҳар бир шерикнинг (иштирокчининг) балансида ҳисобга олиниши лозим.
Биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилиш билан боғлиқ ҳолда вужудга келадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш бўйича мажбуриятлар биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилишни амалга оширувчи шахс (ишончли шахс) томонидан ижро этилади. Бунда, агар оддий ширкат шартномаси шерикларининг (иштирокчиларининг) бири юридик шахс бўлса, фақат юридик шахс ишончли шахс бўлиши мумкин.
Юридик шахслар иштирокидаги биргаликдаги фаолият натижаларига солиқ солиш, ушбу Кодекснинг 380 ва 381-моддаларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Агар оддий ширкат шартномасининг барча шериклари (иштирокчилари) якка тартибдаги тадбиркорлар бўлса, биргаликдаги фаолиятга солиқ солиш ушбу Кодекснинг 382-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Ишончли шахс вазифасини бажарувчи юридик шахс солиқ солиш объектлари ва биргаликдаги фаолият бўйича солиқ солиш билан боғлиқ объектлар ҳисобини алоҳида-алоҳида юритади.
Ушбу бобда назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилаётган ишончли шахс оддий ширкат шартномаси асосида биргаликдаги фаолиятни амалга оширишни бошлаган кундан эътиборан ўн кун ичида ишончли шахснинг солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органида биргаликдаги фаолият доирасида солиқ мажбуриятларини бажарувчи солиқ тўловчи сифатида ҳисобга туриши шарт.
(379-модда Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-196-сонли Қонуни асосида бешинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 512-модда)