Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси
VIII бўлим. Божхона тўловлари
42-боб. Асосий қоидалар
289-модда. Божхона тўловларининг турлари
Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда қуйидаги божхона тўловлари тўланади:
божхона божи;
қўшилган қиймат солиғи;
акциз солиғи;
божхона йиғимлари.
Қонун ҳужжатларида бошқа божхона тўловлари ҳам белгиланиши мумкин.
Божхона божларининг ва солиқларнинг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
290-модда. Божхона божлари, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи
Божхона божларига импорт, экспорт, алоҳида (махсус, антидемпинг ва компенсация) ва мавсумий божхона божлари киради.
Импорт божхона божи товар божхона ҳудудига олиб кирилаётганда тўланади.
Экспорт божхона божи товар божхона ҳудудидан олиб чиқилаётганда тўланади.
Алоҳида (махсус, антидемпинг ва компенсация) божхона божлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланилади.
Мавсумий божхона божлари товарларни божхона ҳудудига олиб кириш ва божхона ҳудудидан олиб чиқишни тезкор тартибга солиб туриш учун қўлланилади. Бунда бож тарифида назарда тутилган божхона божларининг ставкалари қўлланилмайди. Мавсумий божхона божларининг амал қилиш муддати улар белгиланган пайтдан эътиборан олти ойдан ошмаслиги керак.
Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга солиқ ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи солинади.
296-модда. Божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар ва тариф преференциялари бериш
Ушбу Кодексга, бошқа қонунларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига биноан юридик ва жисмоний шахсларга тариф имтиёзлари, қўшилган қиймат солиғини, акциз солиғини ва божхона йиғимларини тўлаш бўйича имтиёзлар, тариф преференциялари берилиши мумкин.
298-модда. Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга қўшилган қиймат солиғини ва акциз солиғини тўлаш бўйича имтиёзлар
Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга қўшилган қиймат солиғини ва акциз солиғини тўлаш бўйича имтиёзлар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ берилади.
45-боб. Божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш
322-модда. Божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун асос
Қўлланиладиган ставка турларига боғлиқ ҳолда божхона божини, акциз солиғини ва тегишли божхона йиғимларини ҳисоблаб чиқариш учун товарнинг божхона қиймати ва (ёки) унинг миқдори асос бўлади, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш учун товарнинг божхона қиймати, тўланиши лозим бўлган божхона божи суммаси, акциз тўланадиган товар бўйича эса, тўланиши лозим бўлган акциз солиғи суммасининг йиғиндиси асос бўлади.
46-боб. Божхона тўловларини тўлаш тартиби ва муддатлари
329-модда. Божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш шартлари
Божхона органининг қарорига асосан тўловчига божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин.
Божхона тўловларини тўлаш муддатининг қўшимча даврга узайтирилиши божхона тўловларини кечиктириб тўлашдир.
Божхона тўловларини тўлаш муддатини қўшимча даврга узайтириб, тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасини шу давр ичида қисмларга бўлиб тўлаш божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлашдир.
Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан олтмиш календарь кундан ошмаслиги лозим, бундан ушбу модданинг бешинчи ва ўнинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан тўқсон календарь кун муддатга кечиктириб тўлаш имконияти қуйидагилар бўйича берилади:
ишлаб чиқарувчи корхоналарга экспорт маҳсулотини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган, божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш бўйича;
моддий ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги микрофирмалар ҳамда кичик корхоналарга, фермер хўжаликларига, шунингдек юридик шахс мақомини олган деҳқон хўжаликларига ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган товарлар учун божхона тўловларини тўлаш бўйича.
Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти божхона тўловларининг битта ёки бир нечта турига, шунингдек тўланиши лозим бўлган бутун суммага ёки унинг бир қисмига нисбатан берилиши мумкин.
Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор ушбу Кодекснинг 330-моддасида назарда тутилган зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда божхона органи томонидан қабул қилинади.
Божхона органининг қарорида божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган муддат, бундай имконият бериш рад этилган тақдирда эса рад этиш сабаблари кўрсатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |