Насадкали абсорберлар. Турли шаклли қаттиқ насадкалар билан тўлдирилган вертикал цилиндрсимон колонналарниннг тузилиши содда, ихчам ва юқори самарадор бўлгани учун саноатда кўп ишлатилади. Одатда, насадкалар қатлами тешикли панжараларга жойлаштирилади. Газ фаза тешикли панжара остига юборилади ва ундан ўтиб, қатлам орқали юқорига қараб ҳаракатланади (12.1-расм).
Суюқлик фаза абсорбернинг юқори қисмидан тақсимлаш мосламаси 1 ёрдамида пуркалади ва насадка қатламида газ фазаси билан ўзаро таъсир этади. қурилма самарали ишлаши учун суюқ фаза бир текисда пуркалиши ва тақсимланиши зарур. Бу турдаги абсорберларда насадкалар ҳам суюқликни бир меъёрда тақсимлашга салмоқли хисса қўшади.
Насадкалар қуйидаги талабларга жавоб бериш керак: катта солиштирма юзага эга бўлиши; газ оқимига кўрсатадиган гидравлик қаршилиги кичик бўлиши; ишчи суюқлик билан яхши ҳўлланилиши; абсорбер кўндаланг кесим юзаси бўйлаб суюқликни бир текисда тақсимлаши; иккала фаза таъсири остида емирилмайдиган бўлиши; енгил ва арзон бўлиши керак.
Саноатда қўлланиладиган насадкаларнинг баъзи бир турлари ва уларни қурилмада жойлаш усуллари 12.4-расмда келтирилган. Бу насадкаларнинг ичида энг кенг тарқалган насадка Рашиг ҳалқаларидир. Ундан ташқари, керамик жисм, кокс, майдаланган кварц, полимер ҳалқа, металл тўр ва панжара, шар, пропеллер ва паррак, эгарсимон элемент ва бошқа жисмлар ишлатилади.
Рашиг ҳалқалари 15х15х2,5; 25х25х3; 50х50х5 мм ўлчамли қилиб ясалади. Насадкаларнинг геометрик характеристикаси бўлиб эквивалент диаметр ҳисобланади:
(12.1)
бу ерда Vбх – бўш ҳажм, м3/м3; а - солиштирма юза, м2/м3.
Рашиг ҳалқаларининг ўлчамлари катталашиши билан солиштирма юзаси 300; 204; 87,5 м2/м3 ва бўш ҳажми 0,7; 0,74; 0,785 м3/м3 миқдорларга тенг бўлади.
Насадкали абсорберларда тақсимловчи мослама орқали пуркалаётган суюқлик, газнинг кичик тезликларида, насадка устида юпқа қатлам кўринишида оқади. Насадканинг ҳўлланган юзаси фазаларга тўқнашиш юза вазифасини бажаради. Шунинг учун, насадкали абсорберларни юпқа қатламли қурилмалар деб қараш мумкин. Суюқ фаза қурилмалар девори атрофида йиғилиб қолмаслиги учун насадка бир неча секцияга юкланади. Суюқликни бир текисда тақсимлаш учун секциялар орасида қайта тақсимлаш мосламалари ўрнатилади. Насадкали колонналарда газ ва суюқлик қарама - қарши ҳаракат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |