Нарядларнинг хизмат ўташ жараёнида ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Пост (йўналиш)да хизмат ўтаётган соқчи (патруль)нинг дахлсизлиги шахсий қадрияти ва ҳуқуқи амалдаги қонун ҳимоясидалиги ҳамда тегишли қўриқлаш бўлинмасидаги бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғига ва масъул навбатчига бўйсуниши билан белгиланади.
Пост (йўналиш)да хизмат ўтаётган соқчи (патруль)нинг хизмат гувоҳномаси ва қуролини асоссиз равишда олиб қўйиш ман этилади.
Ходимнинг бетоблиги ва у билан боғлиқ кечиктириб бўлмас ҳолатлардан ташқари бошқа вақтларда, наряддаги ходимни алмаштирилишига ёки бошқа хизмат (тадбир)ларга юборилишига ҳудудий ички ишлар органи ва қўриқлаш бўлинмаси бошлиқлари жавобгар ҳисобланади.
Зарур ҳолатларда, отряд командири, унинг ўринбосари (улар йўқ жойда гуруҳ командири), команда (гуруҳ) бошлиғи ва қўриқлаш хизмати бўйича масъул навбатчи раҳбар ходимлар наряддаги ходимларни алмаштириш ёки хизматдан озод этиш ҳуқуқига эга.
Хизмат ўташ жараёнида наряд ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қўриқланаётган объектлар хизматчиларидан ва ташриф буюрувчилардан объектнинг кириш-чиқиш ва ички тартибига риоя қилишни ҳамда хизмат бурчини ўтаётган жойларда жамоат тартибини сақлашни талаб қилиш;
қўриқланадиган объектга кириш (чиқиш), унда бўлиш, транспорт воситаларининг кириши (чиқиши), мол-мулкни олиб кириш (олиб чиқиш) ҳуқуқини берадиган ҳужжатларни текшириш;
қўриқлаш пости ҳудудида ишчи-хизматчилар ва бошқа фуқароларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини текшириш, агар уларда қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиоактив ёки заҳарли моддалар, портлатиш қурилмалари, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари ёхуд муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган бошқа нарсалар, қўриқдаги объект ҳудудига олиб кирилиши ва ундан олиб чиқиб кетилиши тақиқланган ашёлар, буюмлар, воситалар бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлганда эса, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказишни, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириш ҳамда мазкур нарсалар, воситаларни ва моддаларни олиб юриш ҳамда сақлаш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган тақдирда уларни олиб қўйиш;
қўриқланадиган объектларда мол-мулкни сақлаш шарт-шароитлари ва қўриқлашнинг муҳандислик-техник воситалари ҳолатини текшириш;
объектдан турли юклар, мол-мулк ва моддий бойликларни ноқонуний олиб чиқиш (олиб кириш)га уринаётган шахсларни ушлаш;
қўриқланаётган объектларга ғайриқонуний кирган ёки киришга уринган ва ҳуқуқбузарлик қилган шахсларни ушлаш, баённома (далолатнома) тузиш ва хизмат (пост) хонасида ушлаб туриш, тегишли қарор қабул қилиш учун уларни ҳудудий ички ишлар органларига топшириш;
фуқаролар ва мансабдор шахслардан хизмат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилувчи ҳуқуқбузарликлар ва хатти-ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш. Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлар, ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш юзасидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли чораларни қўллаш;
қўриқланаётган объектлардаги назорат-текширув ўтказиш жойлари ва ҳудудларида мол-мулкни ноқонуний олиб чиқилиши (кирилиши)ни, ғайриқонуний ҳаракатларни аниқлаш учун, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига, текширилаётган мол-мулк ва атроф-муҳитга зиён етказмайдиган замонавий техник воситалардан фойдаланиш;
объект маъмуриятига МТҚ воситаларидаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш, моддий бойликларни сақланиши, қўриқлаш хизмати ходимлари, ишчи-хизматчилар, бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш тўғрисида мурожаат этиш;
қўриқланадиган объектларга ғайриқонуний равишда кирган ёки киришга уринган шахсларни аниқлашда, бундай хатти-ҳаракатларни олдини олишда хизмат итларидан фойдаланиш;
қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва белгиланган тартибга мувофиқ жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва хизмат қуролини қўллаш.
қўриқланаётган объект ходимлари ўртасида ички ва кириш-чиқиш тартибга риоя қилиниши, моддий-товар бойликларининг сақланиши, уларнинг ҳуқуқий онги ва маънавий савиясини ошириш тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш;
телевидение, радио, маҳаллий матбуотдан фойдаланган ҳолда мол-мулк дахлсизлигини таъминлашда қўриқлаш хизмати авзалликлари тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказиш.
Шахсий қўриқдан ўтказиш, буюмларини текшириш, буюм ва ҳужжатларини олиб қўйиш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
Шахсий кўрикдан ўтказиладиган шахсни текшириш бир хил жинсдаги текширувчи томонидан, шу жинсдаги гувоҳлар иштирокида хоналар ва санитария гигиена талабларига жавоб берадиган, бегоналарнинг кириши мумкин бўлмаган жойларда амалга оширилади. Бир вақтнинг ўзида бир хонада бир неча шахсни шахсий кўрикдан ўтказиш тақиқланади.
Шахсий кўрик ўтказилгандан сўнг ҳамда текширув ўтказилаётганда объект ҳудудидан олиб чиқилиши мумкин бўлмаган буюм ёки нарсалар топилганда, текширув ўтказаётган ходим томонидан далолатнома тузилиб, кўрикдан ўтказилган шахс ва гувоҳлар томонидан имзоланади.
Наряд ходимлари томонидан далолатнома билан биргаликда ҳуқуқбузар шахс, ёрдамга етиб келган ички ишлар органи тезкор гуруҳи ёки қўриқлаш бўлинмаси масъул ходимига топширади.
Фуқароларнинг шахсий кўригини, уларнинг буюмларини ва транспорт воситаларини кўригини ўтказаётган шахсларга нисбатан эътиборли ва хушмуомалада бўлишлари ҳамда уларнинг шахсига тегувчи ҳаракатлар содир этмаслиги ва кўрик юзасидан ўзига маълум бўлган маълумотларни овоза қилмасликлари лозим.
Қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун фуқаролар қўлга олинади:
қўриқланаётган объект ёки қўриқлашни амалга ошираётган нарядга ҳужум бўлган ёхуд унинг қонуний талабларига буйсунмаслик ҳолатларида;
объектнинг ички ва кириб-чиқиш тартиби бузилганда, объект ҳудудида ўғирлик, ёнғин чиқариш ва бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик содир этилганда.
Ҳеч ким қўриқлаш ходимининг фаолиятига ноқонуний аралашиш, уни қонунчиликда ва хизмат вазифасида зиммасига юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.
Қўриқлаш хизмати ходими хизмат ўташ жараёнида, қонунга зидлиги аниқ бўлган буйруқ ёки фармойиш олганда уни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга ва қонунга амал қилган ҳолда ҳолат юзасидан белгиланган тартибда юқори турувчи бошлиғи (командири)га ахборот бериши шарт.
Наряд ходимлари хизмат ўташ вақтида, уларни текширишга келган масъул ходимларга ўзини таништирган ҳолда, уларнинг шахси (гувоҳномаси)ни, текшириш ҳуқуқини берувчи ваколатномани (гувоҳномаси билан) талаб қилиш, тунги вақтда паролни сўраш ҳуқуқига эга ва унинг талаблари бажарилганидан сўнг объект ҳудудига киритади.
Ваколатнома кўрсатиш, паролни билдиришдан бошқа ҳолатларда, текшириш учун келган масъул шахсни танимаган ҳолда, ундан ёки улардан ҳудудий ички ишлар органи (қўриқлаш бўлими) масъули ёки бевосита (тўғридан-тўғри) раҳбарлари билан биргаликда келишни талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.
Наряд ходими (ҳайдовчи) - бевосита командирига бўйсунади ва фаолияти юзасидан қўриқлаш турига нисбатан объектларни қўриқлашни таъминлаш бўйича юклатилган вазифаларни бажаришга масъул ҳисобланади.
Наряд ходимларининг асосий мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
қўриқлаш фаолиятига оид амалдаги Қонунлар, буйруқлар, йўриқномалар ва фармойишларни билиш, уларга қатъий риоя қилиш ва аниқ бажариш;
қўриқлаш бўлинмаларида ўрнатилган ички тартибга қатъий риоя қилиш;
бевосита командирлари ва тўғридан-тўғри бошлиқларининг буйруқлари, кўрсатмаларига қатъий амал қилиш;
касбий маҳорати ва маънавий-маърифий билимини ошириш учун ўтказилаётган машғулотларини ўзлаштириш;
хизмат интизомига риоя қилиш ва ҳамкасблари томонидан интизом бузилишининг олдини олишда фаол иштирок этиш;
хизматга тушишдан олдин соғ-саломат, белгиланган форма кийимида, хизмат ҳужжатлари ва экипировкаси тўлиқ бўлиш;
пост (йўналиш)нинг жавобгарлик ҳудуди, чегарасини яхши билиш, хизмат ўташ тартибига риоя этиш, белгиланган объектларни қўриқлаш ва уларнинг даҳлсизлигини таъминлаш;
хизмат олиб бораётган пост ёки йўналишда ички, кириб-чиқиш тартиботини амалга ошириш, белгиланган моддий бойликларни сақланишини таъминлаш;
мунтазам равишда (тунги вақтда ҳар соат оралиғида) ҳудудий ички ишлар органи (қўриқлаш бўлинмаси) навбатчилик қисми ёки Техник қўриқлаш Маркази (пункти) билан доимий алоқада бўлиш;
хизмат қуроли, махсус воситалар ва радиоалоқа воситаларидан фойдаланиш, қўллаш тартибига қатъий риоя этиш;
бириктирилган хизмат анжомларидан мақсадли равишда фойдаланиш ва соз ҳолда сақланишини таъминлаш;
хизмат транспорт воситасидан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, белгиланган йўналишда фойдаланиш ҳамда унда ўрнатилган техник воситаларни мақсадли ишлатиш;
қўриқланаётган объектда меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитария талабларига риоя этиш;
қўриқдаги объектда ёки унинг яқинида ёнғин содир бўлса, зудлик билан ёнғин хавфсизлиги хизматига, наряд бошлиғи (каттаси)га ҳабар бериш ва қўл остидаги бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан ёнғинни ўчириш чорасини кўриш;
фавқулотда ҳолат, техноген характердаги авариялар, табиий офатлар вақтида ҳаракатланиш тартибини ўзлаштириш ва шахсларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш;
Қонун ва Ички ишлар вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни ҳам бажариш.
Do'stlaringiz bilan baham: |