2. Электр хавфсизлиги
Ҳозирги куннинг саноат ишлаб чиқаришдаги асосий энергия манбаи электр токи бўлиб ҳисобланади. Ишлатилиш соҳаси бўйича деярли барча дастгоҳ, ёритгич, минора крани, ҳаво алмаштиргич, лентали транспортёр, эскалатор ва ҳоказо жуда кўп турдаги ҳаракатланувчи машина-механизмларларда электр токи ишлатилади. Бу эса ўз навбатида электр токининг ўзига хос хавфсизлик томонларини ўрганишни тақозо этади. Бунга асосий сабаб шуки, ишлаб чиқаришдаги барча жароҳатланишларнинг бир фоизини ва шу билан бирга умумий ўлим билан тугайдиган бахтсиз ҳодисаларнинг 20-30%ини электрдан жароҳатланиш ташкил қилади. Текширишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларнинг деярли 80%и 1000 В гача бўлган кучланишли электр токида ишловчи электр дастгоҳ ва қурилмаларда юзага келган. Шунинг учун ҳам электрдан жароҳатланиш сабаблари, уларни бартараф этиш йўлларини ўргатиш меҳнат муҳофазасининг асосий вазифаларидан бўлиб ҳисобланади.
Меҳнат муҳофазасининг электр хавфсизлигини тушунтиришда электр токидан тўғри фойдаланиш йўллари, электр токининг инсон организмига зарарли таъсири кабилар тушунтирилиши билан бирга электр токининг турлари ҳам тўла тушунтирилади. Электр токларининг турларини тушунтириш учун дастлаб электр тармоқларини эсга олишимиз зарур. Сабаби электр токи саноат ишлаб чиқаришининг асосий энергия манбаи бўлиб ҳисобланади. Корхона ва ташкилотларда маиший хизматлар учун ҳам электр токи ишлатилади.
Электр хавфсизлиги қисқача айтилганда - электр токининг, электр ёйнинг, электромагнит майдонлари, статик электр токларининг зарарли ва хавфли таъсирларидан инсонларни муҳофаза қилишни таъминловчи ташкилий ва техникавий тадбирлар ҳамда воситалар тизимлари ҳисобланади.
Электр токининг турлари
Электр токини турларга ажратилишида дастлаб ўзгарувчан ва ўзгармас, уларни саноат корхоналарида ишлатилиш соҳаларидан келиб чиққан ҳолда юқори(1000 В дан юқори) ва паст(1000 В гача) кучланишли турларга бўлинади. Ишлаб чиқариш корхоналарида паст кучланишли, асосан 380 В, 220 В кучланишли электр токлари кўп ишлатилади.
Булардан ташқари электр токини ишлатилиши бўйича икки турга бўлинади:
-маиший хизмат электр токлари – буларнинг кучланиши ÷220 В;
-ишлаб чиқариш электр токлари - кучланиши ≥ 380В. Юқорида кўрсатилган барча турдаги электр токлари инсон ҳаёти учун хавфли бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам улардан фойдаланишда дастлабки монтаж, яъни улаш ишларидан бошлаб хавфсизлик қоидаларига амал қилиш лозим.
Электр токига улаш ишлари сақлагич, автоўчиргич, рубильниклар орқали амалга оширилади. Инсон ток таъсирига тушиб қолган пайтда дастлаб рубильникдан ток узилади. Агар рубильниклар ишламай қолса, электр токининг таъсиридан инсонларни қутқариш учун ток кучланиши катталигига қараб, 1000 В гача бўлса, ток таъсирида қолган кишининг қуруқ кийимидан тортишга рухсат этилади. 1000 В дан юқори кучланиш таъсирида қолган кишиларни симни узун ёғоч дасталардан фойдаланган ҳолда кўтариб олиш ёки ток симларини қуруқ диэлектрик материалли дастали болталар ёрдамида кесиш билан узиб, токдан тўла озод этиш орқали қутқариш иши бажарилади.
Инсонга таъсири бўйича ток кучи ўлчамлари бўйича ҳам гуруҳларга ажратилади. Бунга кўра, инсон организмига таъсир этиши бўйича ўзгарувчан электр токлари қуйидаги гуруҳларга бўлинади:
0,5 – 1,5 мА ток кучига эга бўлган электр токи. Бу сезиш бўсағаси деб юритилади. Сабаби бу катталикдаги ток таъсир этганда инсон буни сезади, зарурат бўлганда ўзини бу токнинг таъсиридан олиб қоча олади.
10 – 15 мА ли электр токи. Бу хавфли электр токи ҳисобланиб, бунинг таъсирига тушган киши бировнинг ёрдамисиз ток таъсиридан қутула олмайди(ўзгармас токларда эса 20 мА ли токларда ҳам ўзи қутилиб олиши мумкин).
100 – 110 мА ли ток кучи. Бу ҳалок қиладиган ток дейилади. Бунинг таъсирида 3-4 минут қолган одам ҳалок бўлади.
Инсонга таъсири бўйича ишлаб чиқариш корхоналари ва маиший мақсадларда ишлатиладиган токларнинг кучланишларига қараб ҳозирги кунда қуйидаги турларга ҳам бўлинади:
0 – 42 В. Бу инсон организми сезиши мумкин бўлган, унинг таъсиридан ўзи қутилиши мумкин бўлган кучланишли электр токи ҳисобланади. Бундай электр токлари асосан хавфсизликни таъминлаш мақсадида кўчма ёритгичлар ҳамда лаборатория машғулотларини ўтказишда ишлатилади;
110 – 220 В. Бу маиший хизматлар, хонадонларда ишлатиладиган электр кучланишлари. Бунинг таъсиридан инсон ўзи қутилиши мумкин эмас;
220 - 1000 В. Бу саноат ишлаб чиқариш корхоналарида ишлатиладиган асосий электр токи. Бундай катталикдаги ток таъсирида 3-4 минут қолган инсон ҳалок бўлади.
1000 В дан юқори. Бундай турдаги электр токларини юқори кучланишли электр токлари деб аталади ва бу токлар таъсирига тушган инсон албатта ҳалок бўлади.
Инсон танасидан ўтаётган токнинг катталиги электр қурилманинг ва электр токи ҳаракатланаётган занжирдаги барча элементларнинг қаршилигига, шу жумладан инсон танасининг қаршилигига боғлиқ бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |