Патриархал оила: жуфт оила билан моногом оила ўртасидаги оралиқ шаклида бўлган.
Моногом оила: бир никоҳли (ҳозирги) оила вужудга келган.
Оила-никоҳ социологияси турмуш тарзи социологияси билан узвий боғлиқ ҳолда олиб қараб ўрганилади. Зеро, оила билан боғлиқ бўлган барча масалалар кишилар турмуш тарзи таркибига киради. Аммо, оила жамиятнинг кичик ячейкаси сифатида махсус социологик тадқиқотга муҳтож. Шунинг учун ҳам оила-никоҳ социологияси махсус социологик назария сифатида ҳозирги давр жамият ижтимоий ҳаётини илмий жиҳатдан ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Ҳозирги кунда жаҳон мамлакатларида никоҳнинг қуйидаги турлари мавжуд:
Моногом никоҳ. Никоҳнинг бу тури энг кўп тарқалган бўлиб, 2 та шахс ўртасида амалга оширилади.
Полигиния никоҳ. Юнонча поли – кўпчилик, гиния – никоҳ, яъни битта эркакнинг бир неча аёллар билан қонуний никоҳда турилишидир. Бу кўпроқ араб мамлакатларида бор.
Полиандрия никоҳ. Бунда битта аёл бир неча эркаклар билан никоҳда бўлиши мумкин.
Оила-никоҳ муносабатларининг асосий социологик тушунчаларига қуйидагилар киради: Оилавий ҳаёт шароити, оила таркиби, оила функцияси, оила турмуш тарзи, оилавий мафкура ва бошқалар.
Бу тушунчалар оила-никоҳ муносабатларининг энг муҳим жиҳатларини ўзида ифодалайди.
Оила жамият ижтимоий таркибининг муҳим элементи сифатида ўзига хос ижтимоий вазифаларни бажаради. Оиланинг ижтимоий вазифаси (функцияси) деганда, оила ва унинг аъзолари ҳаёт фаолияти, фаолликни намоён қилиш усулига бағишланади. Уларга қуйидагилар киради: биологик кўпайиш, тарбиявий, хўжалик-иқтисодий, ўзаро ёрдам, коммуникатив, регулятив кабилар.
Оиланинг функциялари, асосан қуйидагилардан иборат: 1. Авлодни давом эттириш. 2. Болалар тўғрисида ғамхўрлик. 3. Иқтисодий функция ёки уй-хўжалик ишларини юритиш. 4. Қариялар тўғрисида ғамхўрлик. 5. Бурч ва мажбуриятларни ҳис қилиш. 6. Муомала талабларини қондириш. 7. Бўш вақтдан унумли фойдаланиш.
Айниқса, оилада бола тарбияси, кексаларга ёрдам, меҳнатга лаёқатини йўқотганларга ғамхўрлик қилиш, оилавий анъаналарни сақлаш ва маънавий муносабатларни тартибга солиш каби муҳим аҳамиятга эга ижтимоий муносабатлар мужассамлашгандир. Оилада “вояга этган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”.
Шундай қилиб, “Оила турмуш ва виждон қонунлари асосида қурилади, ўзининг кўп асрлик мустаҳкам ва маънавий таянчларига эга бўлади, оилада демократик негизларга асос солинади, одамларнинг талаб-эҳтиёжлари ва қадриятлари шаклланади”.
Ҳозирда, турли мамлакатларда, жумладан Ўзбекистон Республикасида ҳам оиланинг моддий неъматлар ишлаб чиқариш функциясининг салмоғи янада ортмоқда. Бозор муносабатларининг таркиб топиши натижасида бу функциянинг бажарилиши, оиланинг бошқа функцияларининг фаол амал қилишига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Масалан, оилавий кичик корхоналар, устахоналар, кооперативлар, оилавий фермер хўжаликлари каби ишлаб чиқариш функциясининг амал қилиши билан жамият тараққиётида нафақат иқтисодий жиҳатдан аҳамиятлироқдир, кўп жиҳатдан аҳолини ижтимоий фойдали меҳнат билан банд қилиш, хўжалик учун зарур моллар билан таъминлаш (хўжалик - иқтисодий функцияси), болаларда ёшликдан меҳнат кўникмаларини шакллантириш (тарбиявий функцияси) ижтимоий-психологик (ўзаро ёрдам функцияси), оила бюджетини таъминлайди. Эр-хотин ва фарзандлар ўртасидаги руҳий уйғунлик (коммуникатив функцияси) меҳр-оқибат муносабатларини янада оширади.
Оила асосини никоҳ муносабатлари ташкил қилади. Никоҳ – бу тарихан вужудга келган эр ва хотин ўртасидаги муносабатларнинг ижтимоий-ахлоқий шаклидир. Никоҳ орқали жамият эр-хотиннинг ўзаро жинсий ҳаётини тартибга солади ва уларнинг оиладаги ҳуқуқ-бурчларини қонунлаштиради. Шу билан бирга, оила никоҳга нисбатан янада мураккаброқ бўлиб, нафақат эр-хотинни, балки уларнинг фарзандларини ва шу оила таркибига кирувчи қариндошларни ҳам ўз ичига олади.
Оила-никоҳ муносабатларининг асосий принциплари:
Якка никоҳлик тамойили (фақат битта).
Никоҳнинг ихтиёрийлиги.
Ажралишнинг эркинлиги (давлат томонидан назорат қилинади).
Оила ва оилавий муносабатларда эр-хотиннинг тенг ҳуқуқлиги.
Болаларни биргаликда тарбиялаш томойили.
Оила ижтимоий институт сифатида муайян даражаларга эга бўлади. Дастлаб, эр-хотиннинг никоҳдан ўтиши оқибатида оила вужудга келади. Биринчи фарзанднинг дунёга келиши эса - болали оилани юзага келтиради. Бу ҳолат оилани янада мустаҳкамлайди. Ҳаттоки, бир-бирларини севиб қурилган оила ҳам, агарда фарзандли бўлмаса, мустаҳкам бўла олмайди, бундан кўриниб турибдики, оиланинг авлод қолдиришлик функцияси жамият ҳаётида ҳам, оила мустаҳкамлигини сақлашда ҳам муҳим ролъ ўйнайди. Оиланинг яна бир даражаси - кўп болали оилалар сони ҳозирга келиб, маълум ижтимоий-иқтисодий омиллар таъсири билан борган сари камайиб кетмоқда.
Оила типининг муҳим белгилари қуйидагилар ҳисобланади: оила аъзоларининг ёши, оиладаги бола сони, мураккаб оилалар, бундай оилалар бизнинг шароитимизда кўплаб учрайди. Бундай оила таркиби бир неча - икки ёки ундан ортиқ никоҳли жуфтдан иборат бўлади. Республикада оиланинг ўртача сони 5,5 кишидан иборат, бир қанча вилоятларда эса 6 кишидан иборат, бу кўрсаткич МДҲнинг Эвропа қисмидаги мамлакатларида 3,2 кишини ташкил этади.
Давлатнинг вужудга келиши билан оилавий ҳаётни бошқариш ҳуқуқий ҳарактерга эга бўлган. Никоҳни юридик жиҳатдан расмийлаштириш нафақат эр-хотин олдига, балки давлат олдига ҳам муайян жавобгарлик (бурч, вазифа, маъсулият) қўяди. Шундан бошлаб оилавий муносабатлар муаммоларини назорат қилиш, ҳуқуқий жиҳатдан бошқариш давлат зиммасига юклатилади.
Никоҳ муносабатларини, ёлғиз яшовчиларни, оилавий бузилиш сабабларини ўрганиш жамият ижтимоий таркибининг ижобий ривожланишида катта аҳамият касб этади. Оддий бир мисол: диний муносабатлар асосида, аввал никоҳ муқаддас ҳисобланар эди. Собиқ тоталитар тузум асорати сифатида биз бу масаланинг анча кейинги ўринлардан бирига сурилиб қолганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |