Учинчи босқич. Хизмат кўрсатувчи банк мутахассислари, лойиҳалар мониторинги бошқармаси ходимлари, лойиҳа экспертлари, ҳокимият вакиллари ва бошқа манфаатдор шахслар билан биргаликда корхонанинг ишлаб чиқариш ва молиявий - иқтисодий фаолияти ишлаб чиқаришни маромийлаштириш мақсадида текширилади. Тегишли ҳолларда корхонанинг раҳбарларини ўзгартириш масалалари кўриб чиқилади.
Тўртинчи босқич. Муддати узайтирилган мажбуриятларини қоплаш мақсадида ўтказиладиган мониторинг гаровга қўйилган мулкни сотиш йўли билан амалга оширилади.
Вужудга келган муамоли кредитларнинг юқоридаги босқичлар асосида ҳал этиш тамойили муаммоли кредитлар бўйича қуриладиган чора-тадбирларнинг ижобий натижаси, самарасини таъминлаши билан ўз аҳамиятини кўрсатиб туради. Лекин ҳар бир инвестор ёки кредитловчи банк ва ташкилотлар ўзларининг мақсадлари ва фаолият йўналишидан келиб чиқиб мустақил тарзда ўзига хос усул бўйича муаммоли кредитларни ҳал этиш чора-тадбирлари тизимини ишлаб чиқадилар. (Тижорат банкларида бу вазифа, банкларнинг ички кредит сиёсати асосида олиб борилади).
Ссуда портфелини таҳлил қилишда ссудаларнинг икки йирик гуруҳга ажратиб ўрганиш жаҳон банк амалиётида кенг қўлланилади:
Кредит муассасаларига берилган ссудалар;
мижозларга берилган ссудалар.
кредит муассасаларига берилган ссудалар ўз навбатида икки қисмга бўлинади:
тижорат банкларига берилган кредитлар;
бошқа кредит муассасаларига берилган кредитлар. Бунда нобанк молия институтларига берилган кредитлар тушунилади.
Нобанк молия институтлари муддатсиз депозитлар қабул қилиш хуқуқига эга бўлмаган молия институтларидир.
Тижорат банкларининг бошқа банкларга сотиладиган вақтинчалик бўш ресурсларини миллий валютада бўлса у мамлакат пул бозорида сотилади. Бундай битимлар муддати одатда 360 кундан ошмайди. Пул бозорида банклараро кредит олиш йўли билан тижорат банклари ўзларининг ликвидлик қобилиятини оширадилар. Пул бозорининг банклар учун қулай жиҳатларидан бири шундаки, унда банклар муддатли депозит ҳисоб рақамларида пул маблағларига эга бўла туриб, бошқа банклардан қисқа муддатли кредитлар олиши мумкин.
Банкларнинг баланс ҳисоботида бошқа банкларга берилган ссудалар ёки пул бозорининг депозитлари деб акс этдирилади. Банклараро кредитлар мижозларга бериладиган кредитларга қараганда қимматлироқ, яъни уларнинг фоиз ставкаси юқоридир, чунки банклар мижозлар томонидан жалб қилинган муддатли депозитларнинг ортиқча қисмини бошқа банкларга қўядилар.Шу сабабли агар банк ўз балансининг пассивида бошқа банклардан олинган кредитлар салмоғини оширса бу банкнинг самарасиз фаолият кўрсатаётганлигидан далолат беради. Бунинг бойиси шундаки биринчидан, ушбу банк мижозларининг пул маблағларини муддатли депозит ҳисоби варақларига жалб қила олмайди. Муддатли депозит ҳисоб варақаларига маблағларни жалб қилишнинг энг синалган усули депозитларга тўланадиган фоиз ставкасини оширишдир. Демак банкда операцион ва фоизли харажатларнинг салмоғи юқори бўлиб, улар депозитларга тўланадиган фоизлар ҳисобига фоизли харажатлар суммасининг ўсишига йўл қўя олмайди л ар.
Мижозларга бериладиган кредитлар банк фаолиятининг асосини ташкил қилади. Ҳар қандай тижорат банкининг кредит портфели бошқарилиши керак, чунки банк портфели сифати бошқа банк хизматлари сифати каби (риск) хатар даражасини ва банк ликвидлилигини баҳолашда катта аҳамиятга эга.
Банклар хатарни бошқариш фаолиятининг қатъий барқарорлигини таъминлан учун, кредит портфелини доимий таҳлил қилиб боради.
Кредит портфелини бошқариш бир неча босқичлардан иборат :
алоҳида ажратиб олинган ссуданинг сифатини баҳолаш учун мезонларни танлаш;
асосий гуруҳларни, улар билан боғлик хатар даражаларни кўрсатган ҳолда аниқлаш;
танлаб олинган мезонлардан келиб чиққан ҳолда банк томонидан берилган ҳар бир ссудани баҳолаш ва шу билан уларни тегишли гуруҳлар ҳисобига олиб бориш;
кредит портфелининг структурасига таъсир этувчи омилларнинг динамикасини таҳлил қилиш;
банк кредит портфелининг умумий риск суммасига адекват заҳира фонди суммасини аниқлаш;
кредит портфели сифатини ошириш чора табдирларини ишлаб чиқиш.
Банк кредит портфелини бошқаришда алоҳида олинган ссудалар сифатини аниқлаш учун мезонларни танлаш асосий ҳолатлардан ҳисобланади.
Хорижий давлатларда, бозор иқтисодиётида кредит муносабатларининг ривожланиши билан ссудалар сифатини аниқлаш мезонлари доираси ҳам кенгайиб бормоқда. Ҳозирга вақтда у 10 дан кўпроқ позицияларни қамраб олади.
Уларнинг асосийларига: кредитларнинг мақсади ва тури; унинг миқдори; муддати ва қайтариш тартиби; мижознинг кредитга лаёқатлилигининг даражаси, унинг қайси соҳага тегишлилиги ва мулк шакли; қарз олувчининг банк билан ўзаро муносабатларининг характери, мижоз тўғрисида банкнинг ахборотга эгалиги даражаси, кредитни қайтариш таъминотининг ҳажми ва сифати.
Мижознинг молиявий ҳолатига, унинг кредитга лаёкатлилиги, кредитни қайтара олишлиги, тегишли ва талаб даражасида расмийлаштирилган реал таъминлашнинг мавжудлиги ва шунингдек кечиктирилган кунларга қараб ссуданинг хатар даражасини аниқланади ва у қуйидаги 5 та синфдан бирига олиб борилади
Қониқарли - мижознинг молиявий ёки кредитга лаёқатлилигнинг заифлигининг аниқлиги. Қарздорнинг кредитни қайтаришга реал дастур мавжудлиги. Кредит адекват гаров, кредит тўғрисидаги маълумотлар ва керакли ҳужжатлар билан таъминланган.
Субстандарт - асосий қарз суммаси ва фоизлар ишлаб чиқарилган дастурларнинг нотўғри йуналтирилганлиги сабабли қайтмаслик хатари мавжуд. Улар ўз моҳиятига кўра молиявий, бошқарув, иқтисодий ёки кучсиз гаров таъминоти бўлиши мумкин. Зарар кутилмайди, иш тўғри йўналтирилиши имкони мавжуд.
Гумонли - мавжуд маълумотларга кўра ссуданинг тўлиқ қайтиши гумонли. Сумма ва муддатига нисбатан ҳақиқий қайтиш даражаси ҳали аниқ эмас. Зарар кўриш эҳтимоли юқори, лекин келгусида бу активларнинг сифатига ижобий таъсир этадиган омилларнинг мавжудлиги учун уларни зарар келтирувчи деб таснифлаш, ҳолатнинг аниқлашувигача кечиктирилади.
Ишончсиз ссудалар - ишончсиз деб туркумланган активлар қайтиши мумкин бўлмаган активлар деб қаралади. Бундай активлар ссуда паст қийматга эга ва уларни банк активлари сифатида ҳисобда юритиш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисобланади. Бундай туркумлаш бу активларнинг ҳеч қандай ликвидацион баҳоси йўқ дегани эмас, лекин банкларга бундай активларни ўз балансида юритиш тавсия этилмайди ва бу активлар ликвидация қилиниши керак.
Ҳар бир ссудани тегишли синфга олиб борилгандан кейин, харажатлар ҳисобидан заҳиралар ҳосил қилинади. Ссудалар бўйича зарарларни қоплаш заҳираси алоҳида ҳисоб счетларида муддати ва мижоз турига қараб юритилади. Бу счётлар (счёт 13199, 12799, 12999, 12699, 13999, 14399, 15199, 15599 ва бошқалар) ўз моҳиятига кўра актив бўлиб, лекин бу счёт тескари белгиси билан баланснинг пассив тарафида жойлашган, бундан мақсад кредит портфели устидан оператив назорат олиб бориш ва кредит портфелининг реал қийматини аниқлашдир. Банк томонидан ссудаларни қайтаришга барча чораларни ва қонуний воситаларни қўллагандан кейин ҳам ссудалар қайтмаса улар ундирилмайдиган ёки “ишончсиз ссудалар” ҳисобланади. Ишончсиз ссудаларни заҳира ҳисобдан ўчириш кредит ҳайъати қарорига кўра амалга оширилади ва бу суммалар балансдан ташқари счетларга ўтказилади ва улар бўйича қатъий мониторинг жорий этилади.
Ҳар қандай банк ссуда портфелини бошқаришда банкнинг стратегияси ва тактикасига асосланади. Тижорат банкларининг тактикаси мавжуд иқтисодий конъюктурага сезиларли даражада боғлиқ бўлади. Масалан, бозор муносабатларига ўтишнинг ҳозирга даврида инфляция даражасининг нобарқарорлиги ва банклар даромади асосан мижозларнинг дебетли оборотидан, ҳамда ҳукуматнинг қисқа муддатли облигацияларидан олинаётганлиги туфайли ва ҳозирги кунда қисқа муддатли ссудалар билан боғлиқ операциялар ҳажми кескин кўпайди.
Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг кредит сиёсатининг устувор йўналишидан бири яхши гаров объекти билан таъминланган ссудалар бериш ҳажмини кўпайтиришдир. Лекин банк кредити ҳажмини бундай асосда кўпайтириш имконияти банкларга боғлик бўлмаган омиллар таъсирида чекланган. Бунинг маъноси шундан иборатки, республикамизда ишончли ва юқори ликвидли гаров объектлари (ҳукумат қисқа муддатли облигацияларидан ташқари) мавжуд эмас. Бундан ташқари Республикамизда гаровга олинган объектни, агар берилган кредитлар ўз вақтида қайтмаса, уни реализация қилиш механизми унчалик мукаммал ишлаб чиқилмаган.
Ривожланган хорижий мамлакатларда юқори ликвидли ва ишончли гаровлар сифатида қуйидагилар ҳисобланади:
ҳуқуматнинг қисқа ва узоқ муддатли облигациялари;
ер;
кўчмас мулк.
Ўзбекистон Республикасида ерга хусусий мулкчилик мавжуд эмас, шу сабабли ундан ишончли гаров сифатида фойдаланиб бўлмайди. Хорижий давлатларда дебиторлик қарздорликлар ҳам гаров объекти сифатида фойдаланишади. Ўзбекистон Республикасида дебитор ва кредиторликнинг айланиш даражаси паст, яъни дебитор қарздорликнинг сезиларли қисми тўланмасдан қолади. Мамлакатимизда қимматли қоғозлар бозори шаклланиш ва ривожланиш арафасида турибди. Бу бозорда ҳукуматнинг қисқа муддатли облигациялари кенг кўламда ривожланди.
Хулоса қилиб айтганда, республиканинг етакчи банкларида ссуда портфелининг диверсификациялашмаганлигини кўриш мумкин, айниқса бу иқтисослаштирилган банкларнинг тармоқ хусусиятларидан келиб чиқади, яъни тармоқда фойда нормаси паст бўлса унда кредитларнинг қайтмаслиги юқори бўлади.