II. Коммутацион аппаратлар ва комплект тақсимловчи ускуналар. Узоқдан бошқариладиган коммутацион аппаратларда бригадани ишлашга ижозат беришдан олдин:
- ёрдамчи электр занжирлари (бошқарув, сигнализация, иситгич ва бошқалар) ва юритмаларнинг куч занжирлари электр тармоғидан ўчирилиши шарт;
- ўчиргич баклари ва ҳаво юборувчи қувурлардаги задвижкалар ёпилиши ва улардаги ҳаво атмосферага чиқариб юборилиши, бунда ҳаво чиқарувчи пробкалар (клапанлар) очиқ ҳолда қолдирилиши шарт;
- ўчиргичларни электр тармоғига уловчи юки ёки уловчи пружиналар ишсиз ҳолатга келтирилиши шарт;
- узоқдан бошқариладиган коммутацион аппаратларнинг калитларига «Ёқилмасин! Одамлар ишламоқда!», ёпилган задвижкаларга эса «Очилмасин! Одамлар ишламоқда!» деган шиорлар осиб қўйилиши шарт;
Коммутацион аппаратларни созлаш ва тартибга солиш мобайнида синаб кўриш учун приводларнинг ёрдамчи куч занжирларини вақтинчалик улаш, шунингдек ўчиргичга ва юритмасига ҳаво юборишга рухсат берилади. Бунда «Ёқилмасин! Одамлар ишламоқда!» ва «Очилмасин! Одамлар ишламоқда!» деган шиорлар олиб қўйилади.
Коммутацион аппаратларни синаб кўриш учун узоқдан бошқариб ёқиш ва ўчиришни навбатчи ходим рухсати билан созлаш ва тартибга солишни бажарувчи ишчи амалга ошириши мумкин.
Маҳаллий навбатчиси бўлмаган электр ускуналарида бундай рухсатнома талаб қилинмайди.
Коммутацион аппаратларнинг ишлаши синаб кўрилгандан кейин, навбатчи ёки ишбоши тарафидан ишни давом эттириш зарур бўлса (аппаратни узоқдан бошқариб ўчириб ёққан шахслар учун) 10.1-банддаги талаблар бажарилиши шарт.
Ишчи босим остида бўлган ҳаво ўчиргичларга фақат синаш ва созлаш ишлари бажарилаётганда (демпферлар ишлашини тартибга солиш, тебраниш графигини олиш, ўлчов асбобларининг симларини улаш ёки бўшатиб ажратиш, ҳаво силжиётган жойни аниқлаш ва шунга ўхшаш ишлар учун) кўтарилишга рухсат этилади.
Ишчи босим остида турган ва ҳаво билан тўлдириладиган узгичли ўчирилган ҳаво ўчиргичларига кўтарилиш ман қилинади.
Ҳаво ўчиргичларини нам ўтказмаслик қобилиятини (зичлигини) текшириш, кам босим остида, завод (корхона) йўриқномасига мувофиқ бажарилиши зарур.
Синаш ва созлаш учун ҳаво ўчиргичларига кўтарилишдан олдин:
- бошқарув занжирларини ўчириш;
- маҳаллий бошқарув тугмачаси ва ишга тушириш клапанлари блокировка қилиниши (масалан, ҳаво ўтказувчи трубкаларни узиш, шкафларни ёпиш ва шунга ўхшаш) ёки ишбоши кўрсатмасига асосан ўчиргич билан ўчириш-ёқишни бажарадиган аниқ бир ишчини ўчиргичда ишлашига ижозат берувчи йўриқнома олган бригада аъзосини ўчиргич олдига қўйиш зарур;
Босим остида бўлган ҳаво ўчиргичларида одамлар бўлган пайтда бошқариш ва тақсимловчи шкафларда ҳамма ишлар тўхтатилиши шарт.
Ўчиргичларни текшириш, созлаш ва синаш пайтида ўчириш ва ёқиш вақтида ходимларни ҳаво ўчиргичлари яқинида туришлари ман қилинади. Синаш ва созлаш ишларини бажарувчи ишбоши (ёки у томонидан тайинланган бригада аъзоси) ҳаво ўчиргичини улаш ва ўчириш учун оғзаки буйруқни, бригада аъзолари ўчиргич олдидан пана жойга ёки хавфсиз масофага чиқарилгандан кейингина бериши шарт.
Ходимларни ҳаво йиғувчи идишлар ичига тушиб бажариши билан боғлиқ ишларга ижозат беришда қуйидагиларга риоя қилиш зарур:
- ҳаво юборилиши мумкин бўлган қувурларнинг задвижкалари ёпилиб калит билан қулфланиши ва задвижкаларга «Очилмасин! Одамлар ишламоқда!» деган шиорлар осилиши керак;
- ҳаво йиғувчи идиш ичидаги босим остида бўлган ҳавони ташқарига чиқарилиб ҳаво чиқарувчи пробкалар (клапанлар) очиқ ҳолда қолдирилиши шарт;
- ҳаво йиғувчи идишдан ҳаво юборувчи қувур ажратилиши ва унга қопқоқ (заглушка) қўйилиши шарт.
Ҳаво йиғувчи идишлар ва ўчиргич бакларидаги босимни ўлчовчи манометрларнинг нол кўрсатиши, улардаги ҳаво босим остида эмаслигини билдирмайди. Баклар ва ҳаво йиғувчи идишларни ичига тушиш учун мўлжалланган тешик қопқоғидаги гайка ва болтларини бўшатиб очишдан олдин ундаги босим остида бўлган ҳавони ҳаво чиқарувчи пробкалар (клапанлар) ёки задвижкалар очиқлигига ва ҳақиқатан ҳам ҳаво йўқ эканлигига қараб ишонч ҳосил қилиш зарур.
Сиғимга тушиш учун мўлжалланган қопқоқни гайка ва болтлари бураб маҳкамлангандан кейингина, ҳаво чиқариш пробкаларини (клапанларни) ёки задвижкаларни беркитиш мумкин.
Комплект тақсимловчи ускуналарни шкафлари бўлинмасида ишланганда, ускуналар жойлаштирилган аравача ташқарига тортиб чиқарилиб кучланиш остида қолган ток ўтказувчи қисмлар бўлинмасидаги темир тўсиқ беркитилиб қулфланиши ва «Тўхта! Кучланиш!» деган шиор осилиши зарур.
Ишлашга мўлжалланган бўлинмага эса «Шу ерда ишланг!» деган шиор осилади.
Комплект тақсимловчи ускуналарни ташқарисида, аммо унга уланган ускуналарда ёки ундан чиқадиган ҳаво ва кабел тармоғида ишланганда ўчиргич жойлаштирилган аравача шкафдан ташқарига тортиб чиқарилиши, шкаф ичидаги темир тўсиқ ёки шкаф эшикчаси беркитилиб, қулфланиши ва унга «Уланмасин! одамлар ишламоқда!» ёки «Уланмасин! Тармоқда иш кетмоқда!» деган шиор осилиши керак.
Бунда қуйидагиларга рухсат берилади:
- ерга улагич пичоқлари билан ўчиргич жойлаштирилган аравача орасида блокировка бўлса, аравачани назорат ҳолатига келтириш ерга улагич пичоқлари уланганидан сўнг бажарилади;
- комплект тақсимловчи ускуна шкафларида бундай блокировка ёки ерга улагич пичоқлари бўлмаса аравачани назорат ҳолати билан шкафдан чиқарилган ҳолатдаги оралиққа ўрнатиш, шкаф қулфланиши шарти билан бажарилади.
Ушбу шкафга уланган тармоқда ерга улагич бор ёки йўқлигидан қатъий назар аравача оралиқ ҳолатда ўрнатилиши мумкин.
Электр узатиш тармоғида ишлаш зарур бўлса, комплект тақсимловчи ускунанинг шкафига ўрнатиладиган ерга улагични улашда 5.6.1-банд талабларини ҳисобга олиш зарур.
Комплект тақсимловчи ускуналарда ўчиргичлар ўрнатилган аравачани синашга, бошқарув ва реле ҳимояси занжирларида иш олиб бориш учун назорат ҳолатига, комплект тақсимловчи ускуналардан ташқаридаги ҳаво электр узатиш тармоқлари ва кабел тармоқларида ёки унга уланган ускуналарда, электр моторлар орқали уланган механизмларда иш бажарилмайдиган ёки комплект тақсимловчи ускуна шкафи ичида ерга улагич ўрнатилган тақдирда қўйиш мумкин.