Ривожланиш тизими кўрсаткичлари. Элемент – бу таркиб ёки тузилма тарзида ташкил топган у ёки бу тизимнинг қисмидир. Масалан, деҳқончилик ёки чорвачилик бўлими фермер хўжалиги тизимининг элементидир. Шу билан бирга бўлим ўз навбатида ишлаб чиқариш шароитига қараб ташкил топган ҳар хил тармоқ бўлимлари (пахтачилик, дончилик, қорамолчилик, қўйчилик)дан иборат бўлади.
Хўжалик раҳбари ишлаб чиқариш тизимини бошқариш жараёнида унинг элементлари тўғрисида аниқ тассавурга эга бўлиши керак. Бу баъзи бир воқеликнинг сабаб ва оқибатларини тўғри аниқлашда мумкин бўлган четланишларни олдиндан кўришга ёрдам беради. Корхона ўзаро боғлиқ бўлган иккита, яъни бошқарадиган ва бошқариладиган тизимдан иборат бўлади. Бошқарадиган тизим ёки бошқарадиган субъект (масалан, фермер) ва функционал хизмат органларидан (иқтисодиёт, моддий-техника таъминоти, техникавий ва технологик) иборат бўлади. Бошқариладиган тизим ёки бошқариладиган объект ташқилий томондан қаралганда бир-бирига боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш мажмуидан (асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариш) ва шу билан бирга ҳар хил хизматлар (транспорт, таъмирлаш) ва бошқалардан иборат бўлади. Бу бошқариладиган тизимнинг ташқилий тузилмасида ўз ифодасини топган бўлади. Бошқариладиган объект (хўжалик) иқтисодий нуқтаи назардан тўхтовсиз ҳаракатдаги пул асосий фондлар ва айланма маблағлардан иборат бўлади. Бу ресурсларнинг доимий ҳаракати хўжалик ишлаб чиқариш фаолиятини мунтазам равишда мувофиқлаштиришни талаб этади. Пул фонди зарур техника, хом ашё, эҳтиёт қисмлар сотиб олиш, иш ҳақи учун ишлатилади. Шу билан бирга навбатдаги фонд ишлаб чиқаришни тўхтовсиз таъминлаш учун, ҳаракатдаги зарурий ишлаб чиқариш воситаларининг миқдори ва сифатини, ишлаб чиқариш заҳирасини ва тугалланмаган ишлаб чиқаришни ўз ичига олади. Шундай қилиб, бошқариладиган объект ёки бошқариладиган тизим хўжаликдаги ишлаб чиқариш фондининг доимий ҳаракати унинг тўхтовсизлигини ўзида акс эттиради. Бу эса объектив шарт-шароитлар билан белгиланади: биринчидан, технологияга хос хусусият, иккинчидан, бу жараённи ҳаракатга келтирувчи инсонлар фаолияти туфайли рўй беради. Шунинг учун фондлар ҳаракатини бошқариш бу жараённи амалга оширишда инсонлар фаолиятини бошқаришни тақозо этади. Бошқариладиган ва бошқарувчи тизим мақсадга, ташқи муҳитга нисбатан мослашувчан хусусиятига эга. Уларнинг биргаликда амал қилиши корхонанинг тизим сифатидаги тугалланган ҳолатини кўрсатади.Хўжалик ва унинг элементлари йиғиндиси ҳақида гап кетар экан, шу нарсага эътибор бериш лозимки, хўжаликда бир хил гуруҳ элементлар, элементчалар ва микроэлементларни ташкил этувчи: техник, технологик ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш, меҳнатни ташкил этиш, иқтисодий тизимлардан ташкил топган бўлади (1.-расм).
Техник тизим - трактор, қишлоқ хўжалик машиналаридан ташкил топган бўлади. Шуни қайд этиш лозимки, маълум техниканинг ҳар қандай миқдордаги эҳтиёт қисмлари тизими эмас. У ишлаб чиқаришда маълум вазифани бажарадиган ва ўзаро боғлиқ бўлган ҳар хил техника мажмуидан ташкил топган бўлиши керак. Техник тизим ўзига хос бошқаришни талаб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |