ЭНГ КЕНГ ТАРҚАЛГАН БАҲОНАЛАР
Вақти-вақти билан ўзингизга қуйидаги саволларни бериб туринг:
1. Хато қилишдан қўрқиб, қандайдир ишларни кейинга ташлаб юрасизми? «Шарманда» бўлишдан қўрқасизми?
2. “Вақти келмагани учун” қилмаётган ёки охирига етказмаган ишларингиз борми?
3. Қандайдир ишни қилиш учун қўшимча тайёргарлик керак, деб ўйлайсизми? Қўшимча билим, тажриба, кучлироқ қўллаб-қувватлаш?
4. Яхши имконият ҳаётда бир марта пайдо бўлади ва бунинг учун шошилмаслик керак, чунки ҳали бунга тайёр эмасман, деб ҳисоблайсизми?
5. Ишга киришиш учун баъзи бир шароит ва вазиятларни ўзгартиришни истайсизми?
6. Орзуларингиз реал эмас деб ҳисоблайсизми?
Ўзингизга танқидий баҳо беринг-чи, юқоридаги саволлар шунчаки бир баҳона бўлиб, ҳаракатсизлигингизга сабаб бўлиб хизмат қилмаётганмикан? Аслида ҳаммаси айнан шундай бўлиб чиқади. Ахир сиз биласиз-ку: ҳаракатни бошлаш учун энг яши фурсат — ҳозир!
Ишга қўл уришингиз билан кўплаб муаммо ва қийинчиликлар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Бу дунёда идеал рецепт йўқ, мутлақ мукаммаллик ҳам бўлмайди. Вақтнинг ҳам идеал фурсатини топа олмайсиз. Шу сабабли ғолиблар максимал даражада тез ҳаракат қилишади.
Барча буюк нарсалар кичик нарсалардан бошланади. Аввал қилган хатоларингиздан хулоса чиқариб, келажакни қурасиз. Хатолар — кейинги тўғри қарорларингиз пойдевори ва шахсиятингиз асосидир. Хатолар фойдали.
Хатога йўл қўймаслик учун имиллашдан кўра, хатоларга йўл қўйиб бўлса-да, ҳаракатни бошлаган афзалроқ. Биз ҳеч қачон буюк вазифаларга тўлиқ тайёр бўла олмаймиз. Фақатгина ҳаракатни бошлаб, кўпгина зарур нарсаларни ўрганишимиз мумкин. Ишга тайёрланишнинг энг яхши усули — ишлашни бошлашдир.
Шундай гапларни эшитиб қоламиз: “Куч қувватим кўпайса, эрталаблари кўчада турсикчан бўлиб югураман”. Ёлғон! Югуришни бошлаганингиздагина куч-қувват келади. “Арзирли ишга кириб қолсам, жон-жаҳдим билан меҳнат қиламан”. Бу ҳам ёлғон! Арзирли иш шу вақтгача жон-жаҳди билан ишлаган кишиларгагина раво кўрилади.
МЕҲНАТГА ЯРАША МУКОФОТ
Бир омборда икки плуг тураркан. Бири занглаб кетган, иккинчиси яп-янгидек ялтирар экан. Занглаган плуг ўзининг ялтираётган қўшнисига қараб, дебди: “Сен нега бунча чиройлисан, менга эса қараш ҳам қўрқинчли. Бу адолатданми? Мен тенгликни талаб қиламан”. Ялтироқ плуг жавоб берибди: “Менинг барча гўзаллигим — меҳнатим туфайли”.
Бугун ҳамма ижтимоий тенглик ҳақида гапиради. Ҳақиқатдан ҳам бу соҳада қилинадиган ишлар кўп. Бироқ ижтимоий адолатни суистеъмол қилмаслик керак. Аҳолининг бир қисми ётиб еса-ю, иккинчи қисми эса меҳнат қилиб ҳам уни боқса, ҳам ўзини. Бировларнинг ҳисобига кун қураётган инсон тобора кучсиз ва бахтсиз бўлиб бораверади.
Меҳнат қилишга лаёқатли ҳар бир кишига ушбу қоида амалда бўлиши керак: истеъмолдаги тенглик меҳнатдаги тенгликка мутаносиб бўлиши керак. Акс ҳолда тенглик эмас, тенглаштириш бўлади. Тенглаштириш эса шундоғ ҳам бутун тизимни ўз гарданида кўтариб юрганларга — ишлаётганларга салбий таъсир қилади. Тенглаштириш, шунингдек, ёрдамга чиндан муҳтож бўлганларга ҳам зарба бўлади.
Ўзи ҳақида қайғура олмаётларга берадиган ёрдамимиз биз кузатганимиздан кўпроқ бўлиши керак. Уларнинг очдан ўлиб қолмаслигига интилиш — бу жуда кам. Мамлакатда меҳнатга лаёқатсиз инсонларнинг турмуш даражаси барча учун бош мезон бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |