Nodirjon Uraimovich Abdulahatov,
Rivojiddin Sharofiddinov,
Fergana region, Republic of Uzbekistan,
Regional Center for Retraining and
Advanced Training of Public Education Personnel.
МУЛЛА ШАМСИДДИН ШАВҚИЙНИНГ
“ПАНДНОМА” СИ
Аннотация: Асрлар давомида ислом оламида мамлакатни адолат билан бошқаришда ҳукмдорлар учун ўша даврнинг аҳли донишмандлари томонидан насиҳатларни ўз ичига олган пандномалар ёзиб қолдирилган. Ушбу мақолада Қўқон хонлиги тарихшунослигида қатор тарихий асарлари билан машҳур бўлган истеъдодли тарихчи ва шоир Мулла Шамсиддин Шавқий (1805-1887) ҳаёти ва фаолияти тўғрисида сўз юритилиши баробарида Шавқийнинг Қўқон хони Худоёрхонга бағишлаб ёзилган “Панднома” асари тўғрисида сўз юритилади.
Калит сўзлар: насиҳат, бошқарув, сиёсат, давлат, тарих, пушаймон, ҳокимят, шахс, дин.
"ПАНДНОМА" МУЛЛЫ ШАМСИДДИНА ШАВКИ
Аннотация: На протяжении веков правители исламского мира писали наставления правителям страны, включая советы мудрецов того времени. В данной статье рассказывается о жизни и творчестве талантливого историка и поэта Муллы Шамсиддина Шавки (1805-1887), известного в истории Кокандского ханства рядом исторических трудов, а также произведением Шавки «Панднома», посвященным Кокандский хан Худояр-хану.
Ключевые слова: увещевание, управление, политика, государство, история, раскаяние, власть, личность, религия.
"PANDNOMA" MULLA SHAMSIDDIN SHAVKI
Annotation:For centuries, the rulers of the Islamic world wrote instructions to the rulers of the country, including advice from the sages of the day. This article tells about the life and work of the talented historian and poet Mulla Shamsiddin Shavki (1805-1887), known in the history of the Kokand Khanate for a number of historical works, as well as the work of Shavka "Pandnoma", dedicated to the Kokand Khan Xudoyar-han.
Key words: exhortation, management, politics, state, history, repentance, power, personality, religion
Асрлар давомида ислом оламида мамлакатни адолат билан бошқаришда ҳукмдорлар учун ўша даврнинг аҳли донишмандлари томонидан насиҳатларни ўз ичига олган пандномалар ёзиб қолдирилган. Бундан мақсад ушбу пандномалар орқали муқаддам яшаб ўтган подшоҳларнинг давлатни идора этишдаги тажрибаларидан воқиф бўлиш билан бирга ибратли жиҳатларини амалда қўллашга қаратилган.
Бу ҳақда Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифий “Ахлоқи муҳсиний”да шундай дейди: “ Ва яна яхши носиҳ ва беҳараз воиз бўлиб, охират воқеаларидан эслатгай. Дунё салоҳидан насиҳатлар қилгай. Фасиҳ сўзлар билан ёмон ва ношоиста ишлардан қайтаргай. Ҳаром нарсалардан ва шариат ман қилган ишлардан огоҳ қилгай. Насиҳатни подшоҳга одамлар орасида эмас, хилватда қилгай. Насиҳатни ширин ва мулойим сўз билан изҳор қилгай. Чунки бу замонда насиҳатни хушфеъллик ва ширин сўзлик кўргизмасдан амалга ошириб бўлмайди.
Қадимги подшоҳлар уламо ва машойихлардан аччиғ танбеҳ эшитар эдилар. Ва ихлос ва этиқод билан қабул қилур эдилар.
Тарихда мазкурдирким, Ҳорун ар-Рашид Шақиқи Балхийга “Эй шайх, менга насиҳат қилинг”, деди. Шайх деди: “Эй халифа, Худойи таоло бир сарой барпо қилибдурки, уни дўзах дерлар. Ва сени у саройга дарвозабон қилди. Ва сенга уч нарса берди токи улар билан халойиқни дўзахдан ҳайдайсан. Аввал молу дунё, иккинчи шамшир, учинчи сиёсат. Молу дунё билан муҳтожларнинг эҳтиёжини қондиргайсан, токи заруратдан шубҳа ва ҳаромга мутаважжиҳ бўлмагайлар. Шамшир билан золимлар додини бергайсан. Токи мусулмонлар уларнинг шарридан омон бўлгайлар. Сиёсат билан фосиқларга адаб бергайсан. Токи фисқи фужурдан қайтгайлар. Гар шундай қилсанг, ўзинг ҳам нажот топасан ва ҳалойиқ ҳам нажот топгайлар. Агар бу сўзим хилофида иш қилсанг, аввал ўзинг дўзахга кирасан. Ортингдан бошқалар боргайлар”.
Ҳорун ар-Рашид бу сўзни эшитиб йиғлади ва Шақиқи Балхийнинг қўлини ўпди”.
XIX асрда Фарғона водийсида яратилган пандномалар турли даражадаги ижодкорлар томонидан иншо этилган. Шунинг учун мазмун ва бадиийят жиҳатидан уларнинг савияси ҳар хил[1;222]1. Улар орасида Шамсиддин Шавқийнинг Қўқон хони Худоёрхонга акаси Маллахон номидан битилган پندنامه “Панднома” асари ўзига хос асар ҳисобланади.
Шавқийнинг олтмиш мисрадан иборат маснавий йўлида ёзилган “Панднома” асарида чуқур фалсафий мазмун, мардлик ва жасорат жўшиб туради[2;8]2.
Шамсиддин Шавқийнинг “Панднома” сини Исҳоқхон Ибрат ўзининг “Фарғона тарихи” асарига киритиб, бу ҳақда шундай ёзган эди: “Алхосил, бу тариқа жабру зулмларидан зикр қилинган Билқиллама урушидур. Бул урушда Маллахон қипчоқияни олиб, мусаххар қилгандан сўнг урушдан муддаоға ноил ўлуб, дор ул- аморага қайтганда Худоёрхон эшитиб дархол акаларини истиқбол қилиб, акалариға Хўқандни тутуб: “Ман олдингизда турай, Хўқандни ўзингиз тасарруф қилинг!” деганда, Маллахон: “Ман хон қасдида эмасман, мамлакат истеҳкоми ва истиқболи мани(нг) матлабим эмас. Аммоки, сани(нг) бу тариқа ўйин-кулгиға машғул бўлмоқинг бизга ва фуқароларга катта зарардур, ишни билиб ва билганларни(нг) маслаҳати илан иш қилмоқинг зарур. Мундоғ бўлсанг, бизлар хароб бўлуб, душманларға муҳтож бўлурмиз, мамлакат қўлдан кетар, бўлак подшоларға кулги бўлармиз!”—деб хонга қилган Маллахонни(нг) насиҳатини Шавқий шоир назм қилган экан, анинг даржи лозим бўлди:
Улуғ ёш оғо эрдилар Маллахон,
Насиҳат қилур эрдилар ҳар замон.
Бу хон анга кўб ғамни ер эрдилар,
Фасиҳ тил била гоҳи дер эрдилар.
— Ука, бу насиҳатни дарк айлагил,
Бу бачкана ишларни тарк айлагил[3].3
Тарихдан маълумки, Қўқон хони Шералихон (Шермуҳаммадалихон) ўғилларининг барчаси унинг таласлик хотинларидан туғилган. Жумладан, Ёрқинойим (Жарқиной) дан (бу хотини Ҳокимойим номи билан шуҳрат топган) Салимсоқхон, Худоёрхон ва Султон Муродбек, Сўнаойимдан Маллахон ва Сўфибек туғилган. Бундан ташқари, Шералихоннинг Норчучукойим, Офтобойим ва Моҳларойим исмли қизлари ҳам бўлган[4;146]4.
Манбаларда келтирилишича, ака-укалар ичида Маллахон “шариат шиорни озроқ мизожи тез бўлиб сипоҳни забт қилур эди. Аммо фуқаро ва масокинға шафқати зиёда, зулм таъадди йўқ эди, раъиятнавоз, адолатли” шахс бўлган[5;1236]5. Шу сабабдан Шавқий “Панднома”ни айнан Маллахон номидан бежиз келтирмаган. Чунки манбаларда зикр қилинишича, Худоёрхон ёшлик йиллари кўпроқ айшу ишратга берилган ва унинг бу ҳолати Маллахонда кўп ташвиш уйғотган эди.
Бу ҳақда “Тарихи Азизий” асарининг муаллифи шундай ёзади: “Худоёрхон кейинги асрида дуохонликка ҳам ўрганган экан, аммо ўзи кўп улуғ сифат ва лекин ўлдирмоққа ҳайф (арзимайдиган) хон эди. Аммо ёшлиги ва аввалги асру давронида пайваста катта кўффак итларни йиғиб, кўп уруштирар эди ва кўп таажжубли хон эди. Валекин ғаюрли (кайсарроқ) хон эди. Охирги асрида ўз ғаюрлиги, ғайрат ва ихтиёри билан бирдан “Мени тахти маврусимга (мерос қолган тахтимга) ўтирганлигим жами 45 йил бўлибди, шу 45 йил ичида кимки ‘марҳуми мерос “, ўз ворисини қилиб васиқа қилган бўлса, хаммаси(ни) бекор қилдим, хамма қилган васиқалари ва икрор бўлғон ҳукмларини бўлмоққа ва ворис тенг қилиб васиқаи жадид (янги) қилиб олмоққа ҳукми султоний қилдим”, - деб тахтига ўтириб олди. Ана энди оламни бузилиши, ғавғо-тўполон, қиёмати сағирнинг қўзғалганини кўринг эди?! Хўқанд, Марғилон, Андижон, Ўшу" Намангоннинг катта уламоларининг бошлари тафаккурга тушиб йиғлаб, хонга арз килдиларки: “Шариат бузилади, сўнгра оламу одам хароб бўлади, тахту бахтингиз Ҳаммаларимизга Парвардигори олам қаҳр сифати қилса қабоҳат бўламиз”, - деб насиҳат қилибдилар.
[Хон ниҳоят ғазаб қилиб, ўринларидан бекор қилар ёки урар эди, бўлак ситамлар қилар эди. Бир ҳафта, ярим ҳафтадан сўнгра худойим инсоф берса, пушаймон бўлиб қолар эди. Худо ва махлуқи олдида азизу мукаррам бўлиб, ҳаёт саҳифаларида тахсин бўлинар эди. [Уламолар] бундай ҳимматни қилмадилар, [хондан| қўрқиб васиқаларни йиртиб, тақсим қилиб, васиқасини янги килиб, муҳронасини катга-катта талаб қилиб олдилар. Валекин одамлар арз қилмадилар ва хавфу ҳаросда (қўрқувда) бўлдилар. Бу хилофи шаръ ва хилофи қоида ишларни бошлаб килгандан сўнг, улардан олинган даромадларнинг ўзи алоҳида катта бир хазина бўлди, бу даромадга караб хон ва хатго қозилар хам кўп бадавлат бўлдилар. Неча вақтларгача бу тўғридаги ишлар тамом бўлмади”[6].6
Мана шундай шароитда мамлакат тақдири, халқ аҳволи ҳақида озми-кўпми қайғурадиган, замонасининг тушунарли шахсларидан бири сифатида Шавқий хонни “жиноят ва озғинликдин” қайтариб, тўғри йўлга солмоқчи бўлган, унга панд-насиҳатлар қилиб кўрган.
Ҳукмдорларга бағишлаб ёзилган пандномаларда таъкидланишича, салтанатни бошқаришда ҳукмдорнинг ўзига хос сиёсати бўлиши зарур. Шавқий “Панднома”сида бу масалага алоҳида урғу берилган. Чунончи, бу ҳақда Алишер Навоий “Ҳайратул аброр” достонида мабодо бир неча нодон итоатсизлик қилсалар, уларни сиёсат билан қўрқитиб туриш лозимлигини, яъни раҳбарликнинг қоидаси шу эканлигини таъкидлаб шундай дейди:
Мундоқ ила бу неча нодон санга,
Бўлмасалар бандам фармон санга.
Ўйлайки қонуни риёсат дурур,
Борчасига бими сиёсат дурур[7;12]7.
Яъқуби Лайснинг авлодларидан сўрадиларки: “Салтанатингизнинг завол бўлишига нима сабаб бўлди?”. Дедиларки: “Кечалари шаробхўрлик қилдик, саҳар вақтида ғафлат уйқусида бўлдик. Сустлигимиздан давлат ишларига бепарво бўлдик. Нафсимизнинг йўриғига юрдик. Шунинг учун салтанат жиловини қўлдан бердик. Умид кемамиз мурод соҳилига етмади”. Шавқий ҳам “Панднома”да Худоёрхонга айнан шундай ғафлат уйқусидан уйғонишини, мастликда беҳуда ишларни қилмаслик кералигини огоҳлантиради:
Бўлуб масту беҳуда иш этмагил,
Хазина йиғиб, они беркитмагил.
Йиғилса бисотингда аз онча мол,
Ани ҳар замон сарфи илгингга ол!
Хазинангда мол ўлса очгил ани,
Карам панжаси бирла сочғил ани.
Таъкид жоизки, “Панднома” асари Шавқийнинг бошига кулфатлар келтирган. Мазкур асар Худоёрхоннинг қўлига бориб тушади. Шоирнинг авлодлари ва набирасининг айтишича, Худоёрхон бу асарни ўқиб чиққач, уни жазоламоқчи бўлган ва тутиб келишни Турдалига буюрган, лекин Турдали бундай қилмайди, балки аксинча, хонга бориб: “Шавқий ўлиб кетган”, деб айтади. Турдали бу билан кифояланиб қолмай, Худоёрхоннинг шоирга нисбатан ёмон ниятда эканлигини Шавқийнинг яқин одамлари орқали маълум қилган. Наманганга бир неча вақт келмай туриши кераклигини тайинлаган. Бундан хабар топган Шавқий бир муддат яшириниб юришга мажбур бўлган[8;102]8.
Шавқий “Панднома”сида Худоёрхонни беҳуда ишлардан воз кечиб салтанат идорасини бошқаришда ҳушёр бўлишга даъват этган, акс ҳолда тахтдан маҳрум бўлиб қолишини аввалдан огоҳлантирган:
Киши арзи бўлса ўз олдингда сўр,
Ҳар ишни ўзинг қил, кўзинг бирла кўр,
Бу янглиғ ишинг бўлса анжом қил,
Сипоҳ жабдуғини саранжом қил!
Бу янглиғ насиҳат, бу янглиғ рамуз,
Неча десалар ёқмас эрур бу сўз!
Қадимги китобларда “Кўпинча дўстлик ва душманлик узоққа чўзилмайди. Улар бўлаётган ҳодисаларнинг жараёнига ва замон ғилдирагининг айланишига қараб ўзгарадилар” дейилган. Бинобарин, Шамсиддин Шавқийнинг “Панднома”сида Қўқон Худоёрхонни келгусида юз бериши мумкин бўлган нохуш воқеалардан дўст сифатида огоҳ этди. Бироқ Худоёрхон Шавқийни тақдирлаш ўрнига душманлик қилиб жазоламоқчи бўлди. “Панднома”даги ўгитлардан юз ўгирган Худоёрхонни салтанати тез орада завол топгач хон кўп бор пушаймонлар чекдики, унинг тилидан ҳасратомуз мазмунда шеърлар битилди:
Чекиб ҳасрат демиш хон, шаҳри Ҳўқандимдин айрилдим,
Иним Султон Муродбек эрди пайвандимдин айрилдим,
Ки Насриддин деган шаҳзода дилбандимдин айрилдим,
Яна Ўрмонбек отлиқ яхши фарзандимдин айрилдим,
Бошимда тож, белим узра-камарбандимдин айрилдим.
Do'stlaringiz bilan baham: |