МҲХС 1
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти 1
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини биринчи марта қўллаш
Мақсади
1 Ушбу МҲХСнинг мақсади тадбиркорлик субъектининг МҲХСлар бўйича биринчи молиявий ҳисоботлари ва ушбу ҳисоботлар қамраб олган даврнинг бир қисми учун оралиқ молиявий ҳисоботлари:
(a) фойдаланувчилар учун шаффоф ва тақдим қилинган барча даврлар учун қиёсланувчан;
(б) бухгалтерия ҳисобини Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХСларга) мувофиқ юритиш учун муносиб таянч нуқтаси бўлиб хизмат қиладиган; ва
(в) ундан олинадиган нафдан ошмайдиган харажатлар сарфланиб тайёрланиши мумкин бўлган
юқори сифатли маълумотларни ўз ичига олишини таъминлашдан иборатдир.
Қўллаш доираси
2 Тадбиркорлик субъекти ушбу МҲХСни:
(a) ўзининг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботларида; ва
(б) у томонидан МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботлари қамраб олган даврнинг бир қисми учун БҲХС 34 “Оралиқ молиявий ҳисоботлар” га мувофиқ тақдим қилинадиган ҳамма оралиқ молиявий ҳисоботларига нисбатан, агар шундай ҳисоботлари бўлса, қўллаши керак.
3 Тадбиркорлик субъектининг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботлари – бу тадбиркорлик субъекти ўз молиявий ҳисоботларининг МҲХСларга мувофиқлиги тўғрисида аниқ ва шартсиз билдириб, Молиявий Ҳисоботнинг Халқаро Стандартларини қўллаган биринчи йиллик молиявий ҳисоботларидир. МҲХСларга мувофиқ молиявий ҳисоботлар бўлиб тадбиркорлик субъектининг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботлари ҳисобланади, агар тадбиркорлик субъекти, масалан:
(a) олдинги даврларнинг энг охиргиси учун ўзининг молиявий ҳисоботларини қуйидагиларга мувофиқ тақдим қилган бўлса:
(i) МҲХСларга тўлиқ бўлмаган даражада мос келадиган миллий талабларга мувофиқ;
(ii) МҲХСларга барча жиҳатдан мос бўлган, лекин тадбиркорлик субъекти молиявий ҳисоботларда уларнинг МҲХСларга мувофиқлиги тўғрисида аниқ ва шартсиз билдирмаган бўлса;
(iii) МҲХСларнинг баъзиларига, бироқ ҳаммасига эмас, мувофиқлик тўғрисида аниқ билдирган бўлса;
(iv) МҲХСларга мос бўлмаган миллий талабларга мувофиқ бўлиб, ушбу ҳисоботларда миллий талаблар белгиланмаган моддалар айрим МҲХСлар асосида ҳисобга олинган бўлса; ёки
(v) миллий талабларга мувофиқ бўлиб, ушбу ҳисоботлардаги баъзи суммаларнинг МҲХСларга мувофиқ аниқланадиган суммалар билан солиштирмаси тақдим қилинган бўлса;
(б) молиявий ҳисоботларни МҲХСларга мувофиқ фақат ички фойдаланиш учун тайёрлаган бўлса, ва ушбу ҳисоботларни тадбиркорлик субъектининг эгалари ва бошқа ташқи фойдаланувчиларига тақдим қилмаган бўлса;
(в) ҳисоботлар тўпламини жамлаш (консолидациялаш) мақсадида МҲХСларга мувофиқ тайёрлаган бўлсада, лекин бунда (2007 йил таҳриридаги) БҲХС 1 “Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш”да белгиланган молиявий ҳисоботларнинг тўлиқ тўпламини тайёрламаган бўлса; ёки
(г) олдинги даврларда молиявий ҳисоботларни тақдим қилмаган бўлса.
4 Ушбу МҲХС тадбиркорлик субъекти МҲХСларни биринчи марта қабул қилганида қўлланилади. У, масалан, қуйидаги ҳолатларда қўлланилмайди:
(a) агар тадбиркорлик субъекти олдин молиявий ҳисоботларни миллий талабларга кўра тақдим қилиш билан бирга уларнинг яна бир тўпламини МҲХСларга мувофиқлик тўғрисида аниқ ва шартсиз билдириб тақдим қилган бўлса, ва кейинчалик молиявий ҳисоботларни миллий талабларга кўра тақдим этишни тўхтатса;
(б) агар тадбиркорлик субъекти олдинги йил молиявий ҳисоботларини миллий талабларга кўра тақдим қилган бўлса ва ушбу молиявий ҳисоботларда МҲХСларга мувофиқлик тўғрисида аниқ ва шартсиз билдирган бўлса; ёки
(в) агар тадбиркорлик субъекти олдинги йил молиявий ҳисоботларида МҲХСларга мувофиқлик тўғрисида аниқ ва шартсиз билдирган бўлсада, аудиторлар ушбу молиявий ҳисоботлар бўйича тушунтириш параграфи билан аудиторлик хулосасини берган бўлса.
4A 2 ва 3 бандлардаги талаблардан қатъий назар, олдинги ҳисобот даврида МҲХСларни қўллаган тадбиркорлик субъекти, унинг энг охирги йиллик молиявий ҳисоботларида МҲХСларга мувофиқлик тўғрисида аниқ ва шартсиз билдирмаган бўлса, мазкур МҲХСни қўллаши ёки БҲХС 8 “Ҳисоб сиёсатлари, ҳисоблаб чиқилган баҳолардаги ўзгаришлар ва хатолар” ни ретроспектив тарзда, худди тадбиркорлик субъекти МҲХСларни қўллашни ҳеч қачон тўхтатмаганидек, қўллаши керак.
4Б Тадбиркорлик субъекти ушбу МҲХСни 4A бандига мувофиқ қўлламасликни танласа, бунга қарамасдан, МҲХС 1 нинг 23A–23Б бандларида белгиланган маълумотларни очиб бериш бўйича талаблар билан БҲХС 8 даги маълумотларни очиб бериш талабларини қўллаши керак.
5 МҲХСларни қўллайдиган тадбиркорлик субъекти томонидан ҳисоб сиёсатларига киритиладиган ўзгаришларга нисбатан мазкур МҲХС қўлланилмайди. Бундай ўзгаришларга нисбатан қуйидагилар қўлланилади:
(a) БҲХС 8 “Ҳисоб сиёсатлари, ҳисоблаб чиқилган баҳолардаги ўзгаришлар ва хатолар” нинг ҳисоб сиёсатларидаги ўзгаришларга нисбатан талаблари; ва
(б) бошқа МҲХСларнинг ўтиш даврига оид махсус талаблари.
Тан олиш ва баҳолаш
МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги бошланғич ҳисобот
6 Тадбиркорлик субъекти МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги бошланғич ҳисоботни МҲХСларга ўтиш санасига тайёрлаши ва тақдим этиши керак. Бу сана бухгалтерия ҳисобини МҲХСларга мувофиқ юритишнинг бошланиши бўлиб ҳисобланади.
Ҳисоб сиёсатлари
7 Тадбиркорлик субъекти ўзининг МҲХС бўйича молиявий ҳолат тўғрисидаги бошланғич ҳисоботида ва унинг МҲХС бўйича биринчи молиявий ҳисоботлари қамраб олган ҳамма даврларда бир хил ҳисоб сиёсатларини қўллаши керак. Ушбу ҳисоб сиёсатлари МҲХС бўйича биринчи ҳисобот даврининг охирида кучга эга бўлган ҳамма МҲХСларга мос келиши лозим, бундан 13–19 бандларда ва Б–Д иловаларда белгиланган ҳолатлар мустасно.
8 Тадбиркорлик субъекти МҲХСларнинг олдинроқ амалда бўлган бошқа таҳрирларини қўлламаслиги керак. Тадбиркорлик субъекти қўлланилиши ҳали шарт бўлмаган янги МҲХСни, мазкур МҲХСни муддатидан олдин қўллаш рухсат этилганида, қўллаши мумкин.
-
Do'stlaringiz bilan baham: |