Иқтисодий ресурслар ва талаб қилиш ҳуқуқларидаги ўзгаришлар 1.15
Ҳисобот берувчи ташкилотнинг иқтисодий ресурслари ва унга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқларидаги
ўзгаришлар мазкур ташкилот фаолиятининг молиявий натижалари (1.17–1.20 бандларга қаранг)
ҳамда қарз ва улушли инструментларни чиқариш каби бошқа ҳодиса ёки операциялар билан боғлиқ
(1.21 бандга қаранг). Ҳисобот берувчи ташкилотга келгуси соф пул маблағлари кирими истиқболини
ва ташкилотнинг иқтисодий ресурсларини масъулиятли бошқариш бўйича раҳбарият фаолиятини
лозим даражада баҳолаш учун фойдаланувчилар ўзгаришларнинг ушбу икки турини фарқлаш
имкониятига эга бўлишлари лозим.
1.16
Ҳисобот берувчи ташкилот фаолиятининг молиявий натижалари тўғрисидаги маълумот
фойдаланувчиларга ташкилот ўзида мавжуд иқтисодий ресурслардан қандай самара олганлигини
тушунишга ёрдам беради. Ташкилот томонидан олинган самара тўғрисидаги маълумот
фойдаланувчиларга ташкилотнинг иқтисодий ресурсларини масъулиятли бошқариш бўйича
раҳбарият фаолиятини баҳолашга ёрдам беради. Мазкур самаранинг ўзгарувчанлиги ва
компонентлари тўғрисидаги маълумот ҳам муҳим ҳисобланади, айниқса келгуси пул оқимларининг
ноаниқликларини баҳолашда. Ҳисобот берувчи ташкилот фаолиятининг олдинги даврлардаги
молиявий натижалари тўғрисида ва унинг раҳбарияти ташкилотнинг иқтисодий ресурсларини
масъулиятли бошқариш бўйича ўз жавобгарликларини қай даражада бажарганлиги тўғрисидаги
маълумот, одатда ташкилотнинг иқтисодий ресурсларидан олинадиган келгуси самарани прогноз
қилишда фойдалидир.
Ҳисоблаш усули орқали акс эттирилган молиявий натижалар 1.17
Ҳисоблаш усули ҳисобот берувчи ташкилотнинг иқтисодий ресурслари ва унга талаб қилиш
ҳуқуқларига оид операциялар, шунингдек бошқа ҳодиса ва ҳолатларнинг таъсирларини, ҳатто агар
тегишли пул маблағлари тушиши ва тўловлар бошқа даврда амалга оширилса ҳам, ушбу таъсирлар
юзага келган даврда акс эттиради. Давр учун ҳисобот берувчи ташкилотнинг иқтисодий ресурслари
ва унга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқлари, шунингдек мазкур иқтисодий ресурслар ва талаб қилиш
ҳуқуқларидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумот ташкилот фаолиятининг олдинги ва келгуси
натижаларини баҳолаш учун шу давр учун фақат пул маблағлари тушиши ва тўловлари тўғрисидаги
маълумотдан кўра энг яхшироқ асосни таъминлайди.
1.18
Бевосита инвесторлар ва кредиторлардан қўшимча ресурслар олиш (1-21-бандга қаранг) орқали юзага
келадиганлардан ташқари, ҳисобот берувчи ташкилотнинг иқтисодий ресурслар ва унга нисбатан
талаб қилиш ҳуқуқларидаги ўзгаришларни акс эттирадиган давр учун молиявий натижалар
тўғрисидаги маълумот олдинги ва келгуси даврларга ташкилотнинг соф пул маблағлари киримини
ҳосил қилиш қобилиятини баҳолашда фойдали ҳисобланади. Ушбу маълумот ҳисобот берувчи
ташкилот мавжуд иқтисодий ресурсларни қандай даражада оширганлигини кўрсатади ва, бинобарин,
бевосита инвесторлар ва кредиторлардан қўшимча ресурслар олиш натижасида эмас, балки ўз
фаолияти натижасида соф пул маблағлари киримини ҳосил қилиш қобилиятини кўрсатади. Ҳисобот
берувчи ташкилотнинг давр учун молиявий натижалар тўғрисидаги маълумот ҳам
фойдаланувчиларга ташкилотнинг иқтисодий ресурсларини масъулиятли бошқариш бўйича
раҳбарият фаолиятини баҳолашга ёрдам бериши мумкин.
1.19
Ҳисобот берувчи ташкилотнинг давр учун молиявий натижалари тўғрисидаги маълумот ҳам бозор
нархи ёки фоиз ставкаларининг ўзгариши каби ҳодисалар ташкилотнинг соф пул маблағлари
киримини ҳосил қилиш имкониятига таъсир кўрсатган ҳолда қай даражада ташкилотнинг иқтисодий
ресурсларининг ошиши ёки камайишига олиб келганлигини кўрсатиши мумкин.