3-боб. Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан ишлар (хизматлар)ни сотиб олишда тўлов муддатини узайтириш 17. Солиқ тўловчи Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан ишлар (хизматлар)ни сотиб олишда ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш учун давлат солиқ хизмати органига ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда ариза тақдим этади.
ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятини бериш тўғрисидаги аризага ҚҚС суммаси тўланиши таъминланишини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекцияда ҳисобда турувчи солиқ тўловчилар бундан мустасно.
Тўланиши таъминланганини тасдиқловчи ҳужжатларга ҚҚСни тўлаш бўйича мажбуриятлар суммасидан кам бўлмаган гаров билан таъминланган мол-мулк ва банк кафолати киради.
18. Давлат солиқ хизмати органи ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган зарур ҳужжатлар тақдим қилинган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида тўлов муддатини узайтириш имкониятини бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
19. Қуйидагилар ҚҚС тўлов муддатини узайтириш имкониятини беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:
ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган талабларга риоя қилмаслик;
солиқ ва молиявий ҳисоботларни тақдим қилиш ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатларининг ариза берилган санадан олдинги 12 ой мобайнида бузилганлиги.
20. Тўлов муддатини узайтириш имконияти беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи бир иш куни мобайнида солиқ тўловчини рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.
21. Норезидентлардан олинган ишлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятини бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, солиқ тўловчи ҚҚС суммасини ушбу сумма ҳақиқатда тўланган ҳисобот давригача ҳисобга олишга ҳақли эмас.
Тўлов муддати узайтирилган сумма солиқ ҳисоботида алоҳида кўрсатилади.
22. Норезидентлардан олинган ишлар (хизматлар) бўйича ҚҚС ни тўлаш муддатини узайтириш имконияти 120 кун муддатгача берилади.
23. ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланадиган ҚҚС суммасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасининг бир кун учун қайта ҳисобланган фоизининг эллик фоизи миқдорида фоизлар ундирилади.
Бунда 120 кун ичида тўлов муддати узайтирилган ҚҚС суммаси тўланмаган тақдирда, ушбу бандга мувофиқ фоизлар ҳисобланиши тўхтатилади.
24. ҚҚСни тўлаш бўйича тақдим этилган узайтирилган тўлов муддати даврида ҚҚС тўлови солиқ тўловчи томонидан муддатни узайтириш имконияти берилган охирги куни тугашидан кечиктирмай тўланади.
Тўлов муддатини узайтириш имконияти берилган солиқ тўловчи томонидан ҚҚС суммаси ўз вақтида тўланмаган тақдирда, солиқ хизмати органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҚҚС тўлови бўйича қарздорликни тўлиқ миқдорини ундириш чораларини кўрадилар.