15-модда. 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими барқарорлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг олти ойлик якунлари бўйича даромад прогнозларининг бажарилмаган ва жорий молия йилининг охиригача уларнинг келиб тушишига доир етарли асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда:
республика бюджетининг умумий харажатларини 3 фоиз ва ундан ортиқ миқдорларда камайтириш Вазирлар Маҳкамасининг таклифига кўра Олий Мажлис палаталари томонидан;
республика бюджети умумий харажатларининг 3 фоиздан кам миқдорда республика бюджетидан ажратиладиган маблағларини камайтириш Молия вазирлигининг таклифига кўра Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳри шаҳар бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетлари харажатларини қисқартириш бўйича қарорлар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан қабул қилинади.
Бюджетлар харажатларини қисқартиришда бюджет ташкилотларининг ва бюджет маблағлари олувчиларнинг бюджет маблағларини ўзлаштириши ҳамда қабул қилинган юридик ва молиявий мажбуриятлари ҳисобга олинади.
16-модда. Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикаси кафолати остида олинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажмларини белгилаш 2020 йил давомида Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 4 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгилансин.
17-модда. Ташқи қарз ҳисобига амалга ошириладиган харажатлар 2020 йилда давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) номидан ёки Ўзбекистон Республикаси кафолати остида жалб қилинадиган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтариладиган ташқи қарзни ўзлаштиришнинг чекланган ҳажми 1,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида тасдиқлансин.
2020 йилда ташқи қарз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган давлат мақсадли дастурлари бўйича харажатларнинг вазирликлар ва идоралар кесимидаги чекланган миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг биргаликдаги таклифига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.