“Моддий ёрдамнинг учта тури мавжуд:
ходимнинг даромади ҳисобланмайдиган ёрдам ва тегишинча, ЖШДС солинмайди ;
рағбатлантириш хусусиятига эга тўлов ҳисобланадиган ёрдам ва тегишинча, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради . Унга тўлиқ миқдорда ЖШДС солинади;
СКнинг 377-моддасида келтирилган моддий ёрдамнинг махсус турлари, уларга фақат муайян миқдорда ЖШДС солинмайди.
СКнинг 378-моддаси имтиёзни назарда тутади, унга мувофиқ моддий ёрдамнинг айрим турларига муайян миқдорда солиқ солинмаслиги лозим:
ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги, касб касаллиги ёхуд соғлиғига бошқача тарзда шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар;
бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан тўловлар;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш.
2020 йил учун 27.04.2020 йилдаги ПФ-5986-сон Фармон билан солиқ солинмайдиган моддий ёрдам суммаси МҲЭКМнинг 4,22 бараваридан 7,5 бараваригача оширилди. Кўрсатилган асосларга кўра йил давомида МҲЭКМнинг 7,5 бараваридан ортиқ тўланган барчасига умумий асосларда солиқ солиниши лозим.
Мисол
МҲЭКМнинг 7,5 бараварини инобатга олган ҳолда моддий ёрдамга солиқ солиш
Ходимга моддий ёрдам тўланди:
январь ойида бола туғилиши муносабати билан 4 000 000 сўм;
март ойида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун – 3 000 000сўм.
Бу ҳолда имтиёз максимал даражада қўлланилади (7,5 х 679 330 = 5 094 975 сўм), ҳақиқатда тўланган моддий ёрдам суммаси ва солиқ солинмайдиган сумманинг энг юқори миқдори ўртасидаги фарққа ((4 000 000 + 3 000 000) – 5 094 975 = 1 905 025 сўм) ЖШДС солиниши керак.
Вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга кўрсатиладиган ёрдам моддий ёрдамнинг бошқа турларидан фарқ қилади. У ҳар бир шундай ҳолат бўйича чекловларсиз берилиши мумкин ва ҳар гал МҲЭКМнинг 7,5 баравари миқдорида солиқ солинмайди.
Мисол
Вафот этганлиги муносабати билан моддий ёрдам кўрсатиш
Ходимнинг оиласида бир йил давомида оиланинг икки нафар аъзоси вафот этди. Иш берувчи унга икки марта солиқ солинмайдиган МҲЭКМнинг 7,5 баравари миқдорида тўлаши мумкин.
Эътибор беринг
2007 йил таҳриридаги СКдан фарқли ўлароқ рўйхатда фавқулодда ҳолатлар муносабати билан кўрсатиладиган моддий ёрдам мавжуд эмас. У ҳақда СКнинг 369-моддасида сўз боради. Ёрдамнинг ушбу тури аввалбошдан жисмоний шахснинг жами даромадига киритилмайди, шу боис ЖШДС солиш мумкин эмас.
Ҳисоб-китобларда нимага эътибор бериш лозим
Яна бир бор эслатиб ўтаман, Солиқ кодексида ёзилган МҲЭКМнинг 4,22 баравари ўрнига 2020 йилда оширилган ставка - 27.04.2020 йилдаги ПФ-5986-сон Фармон билан белгиланган МҲЭКМнинг 7,5 баравари қўлланилади. Шундан келиб чиқиб бухгалтер ЖШДСни қайта ҳисоб-китоб қилиши зарур.
Мисол
ПФ-5986-сон Фармонни инобатга олган ҳолда ЖШДСни қайта ҳисоб-китоб қилиш
Март ойида ходимга бола туғилиши муносабати билан моддий ёрдам тўланди – 3 000 000 сўм ва ўша пайтда белгиланган ставка - МҲЭКМнинг 4,22 бараваридан келиб чиқиб, яъни 2 866 772,6 сўм миқдорида имтиёз тақдим этилди. Бухгалтерия ПФ-5986-сон Фармон билан белгиланган ставка - МҲЭКМнинг 7,5 баравари бўйича қайта ҳисоб-китоб қилиши зарур.
Хусусан, йил охиригача ходимга ЖШДС солинмайдиган моддий ёрдам сифатида яна 2 млн сўмдан ортиқ, [(7,5 х 679 330) – (4,22 х 679 330] = 2 228 202,4 сўм тўланиши мумкинлиги келиб чиқади.
Бошқа муҳим жиҳат – ҳисоб-китобларда йил бошидаги ЭКИҲ қўлланган норма 2020 йил таҳриридаги СКнинг эски кодексдан асосий фарқи. Ҳозир МҲЭКМ ҳар гал ошганда ушлаб қолинган ЖШДСни қайта ҳисоб-китоб қилиш зарур. Жорий йилда Президентнинг 30.12.20219 йилдаги ПҚ-4555-сон қарори бунга асос бўлиб хизмат қилди.
Мисол
МҲЭКМнинг ўзгаришини инобатга олган ҳолда ЖШДСни қайта ҳисоб-китоб қилиш
Январь ойида ходимга бола туғилиши муносабати билан 5 000 000 сўм тўланди. МҲЭКМ 634 880 сўмни ташкил этган. СКнинг 378-моддаси 1-бандига амал қилган ҳолда бухгалтер 2 679 193,6 сўм (4,22 х 634 880)миқдоридаги суммага солиқ солмади.
Февраль ойидан бошлаб МҲЭКМнинг янги миқдори амал қила бошлайди - 679 330 сўм ва имтиёзли МҲЭКМнинг карралилиги ўзгаради. Бинобарин, ЖШДС солинмайдиган моддий ёрдам суммаси ошади. Илгари ушлаб қолинган ЖШДСни қайта ҳисоблаш лозим. Солиқ солинмайдиган сумма миқдори қуйидагини ташкил этади:
7,5 х 679 330 = 5 094 975 сўм.
Шу тарзда, ЖШДС бўйича ортиқча тўлов ҳосил бўлган.
Моддий ёрдам олиш учун ходим қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак
Ушбу жиҳат корхонанинг локал ҳужжатларида келишиб олинган бўлиши керак. Кўпинча уларда ходим томонидан ариза берилиши ва ташкилот раҳбари томонидан тегишли буйруқ чиқарилиши назарда тутилган.
Солиқ тўловчилар кўп ҳолларда ДСИга савол билан мурожаат қилишади: қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун моддий ёрдам олган ходим иш берувчига касса чеки ёки унинг харид қилинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этиши керакми? Бундай қилиш керак эмас, буни талаб қиладиган норма қонун ҳужжатларида ҳеч қачон бўлмаган”.
Эътибор беринг
Buxgalter.uz таҳририятининг фикрига кўра, МҲЭКМнинг 7,5 бараварини инобатга олган ҳолда ЖШДСни қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги масала, биз хоҳлагандек унчалик бир маънога эга эмас.
ПФ-5986-сон Фармоннинг 6-бандига асосан Молия вазирлигига бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритиш топширилган. Ҳануз СКга ўзгартиришлар киритилмаган ва бунинг умуман рўй бериши даргумон.
Тажрибали бухгалтерлар масъул идоранинг аниқ ва бир маънога эга расмий тушунтиришлари мавжуд бўлмаганда, Молия вазирлигидаги манба бундай қайта ҳисоб-китобнинг асосланганлигини оғзаки тарзда тасдиқлаганига қарамай, ЖШДСни камайиш томонга қайта ҳисоб-китоб қилишга хавфсирашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |