“Конфуцийлик”. Унинг асосчиси э.о.551-479 йилларда яшаб ижод этган Конфуцийдир. Адабиётларда кўпинча уни Кун-цзи деб аташади, бу - ўқитувчи Кун деган маънони билдиради. Бундай дейилиши бежиз эмас, чунки ҳали 20 ёшга етмаёқ Кун Хитойда машҳур ўқитувчи-устоз номига эга бўлади. Унинг таълимотининг бош манбаи - “Луно юй” (“Суҳбатлар ва ҳукмлар”) китобидир. Мазкур китобда устознинг ўз ўқувчилари билан қилган суҳбатлари ўрин олган.
Конфуций ''Осмон'' категориясини табиат билан эмас, балки энг аввало инсон билан боғлиқ ҳолда қараб чиқади. Инсон, унинг ақлий ва ахлоқий камоли ва хулқи Конфуций фалсафасининг негизини ташкил этади. Конфуций ўзининг асосий Эътиборини идеал инсонни тарбиялаш (идеал инсон - цзюнь-цзи) масаласига қаратади: инсон ўз атрофидаги кишиларга ва жамиятга ҳурмат руҳида тарбия топган бўлмоғи керак, инсон жамиятнинг функционал элементи бўлиши, шунга кўра, у жамиятга бўйсуниши лозим.
Хулқ-атвор ва тарбиянинг барча ижтимоий ва ахлоқий меёрлари Конфуций таълимотида диний тартиб-қоида тусини олади. Конфуций тартиб-қоидада донишмандлик ва фалсафанинг янги типини кўради. Донишмандликнинг моҳияти тартиб-қоидага риоя қилиш, фалсафанинг моҳияти эса уни тўғри талқин қилиш ва тушунишдан иборатдир.
Инсон учун диний тартиб-қоиданинг аҳамиятини таъкидлар экан, Конфуций жамиятдаги ноиттифоқлик, нифоқлик каби нохуш ҳодисаларни диний ҳис-туйғуларнинг ғариб ҳолга келиб қолиши ва тартиб-қоида - ритуалга бўйсунмаслик оқибати деб тушунтиради. Барча кишиларни бирлаштирувчи умумий асос ва уларнинг Космос билан мустаҳкам бирлиги Осмон (йўл)га ҳурмат-эҳтиром, илоҳий якдиллик туйғуси туфайли амал қилади. Ердаги бу илоҳий кучни Конфуций авваламбор анъанавий характерга эга бўлган тартиб-қоидада кўради.
Олийжаноб арбобларни, чинакам эр кишиларни тарбиялаш мактабининг асосчиси бўлган Конфуций амалий тарбиялаш борасида ўзига хос фалсафий тамойилларни ишлаб чиқади. Бу - кишиларни Осмон (худо) билан бирлаштиришдан иборатдир. Идеал инсонни, олийжаноб арбобни тарбиялашнинг моҳиятини тушуниш учун Конфуций ўз фалсафасида “жень” категориясини кенг қўллайди.
Конфуций талқинида “жень” тушунчаси турлича маънони ифодалайди: яхши фазилат, олийжаноблик, инсонни севиш, раҳм-шафқат ва ҳ.к. “Жень” моҳиятини инсонийлик ташкил этади. Инсонийлик - бу инсонга қўйиладиган талаб. Конфуций “жень” категориясини конкретлаштиради: “Ўзингга раво кўрмаган нарсани бировга ҳам раво кўрмагин”, “Ўзинг эришмоқчи бўлган нарсада бошқаларга ҳам кўмак бер” ва ҳ.к.
“Жен”нинг асоси “сяо”дир. Сяо ота-онага, ўзидан ёши улуғларга, фарзандларга ҳурмат-эҳтиромдир. Сяо - мамлакатни бир оила сифатида бошқаришнинг самарали усули ҳамдир. Шу сабабли ҳукмдор билан аҳолининг муносабатлари ота билан ўғил, ака билан ука ўртасидаги муносабатларга ўхшаган тарзда ташкил этилмоғи лозим.
Идеал инсонни тарбиялашда номлар (чжен-мин)ни тўғри қайд этиш муҳимдир. Ҳамма буюмлар уларнинг номи билан мослаштирилиши ва мувофиқлаштирилиши лозим. Шу сабабли “ҳукуматнинг фаолияти” номларни тўғри қайд этиш билан бошланмоғи, чунончи, олийжаноб арбоб “сўз ва ишни тўғри фаҳм этиши, ваoда берилгач, шунга мувофиқ ҳаракат қилиши керак”. Борди-ю “номлар тўғри бўлса-ю, бироқ нутқ зиддиятли кечса, ундай тақдирда муваффақият қозониб бўлмайди”. Конфуций сўз билан ишни бир-биридан ажратмайди, уларни биргаликда идрок этади. Унинг қуйидаги ҳикматли сўзларига Эътибор беринг: “кишилар сўзини эшитиб, уларнинг қилаётган ишига қарайман”.
Маоизм. Бу мактаб э.о. 475-395 йилларда яшаган Мо-цзи (Мо Ди) номи билан аталади, эрадан аввалги V-III асрларда кенг тарқалади. Бу мактаб қатoий ҳарбийлаштирилган ташкилотга ўхшаб кетади: унинг аoзолари бошлиқларнинг буйруқларини сўзсиз бажаришлари зарур бўлган.
“Устоз Маонинг трактатлари” (“Мо-цзи”)да унинг асосий фалсафий тамойиллари тўла акс этади. Булар: “Донишмандликнинг қадрига етиш”, “Бирликни қадрлаш”, “Умумий муҳаббат”, “Ҳаражатларда иқтисод қилиш ҳақида”, “Мусиқа ва ўйин-кулгуни инкор қилиш”, “Осмон иродасини инкор этиш” ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |