Конфуцийлик - Конфуцийнинг асосий эътиборини тортган нарса ўз замонасининг камчиликлари ва айбу нуқсонлари эди.
- Оддий халқнинг ночорлиги, амалдорларнинг чексиз зулми, ҳукмдорлар ўртасидаги ўзаро зиддиятлар, қадимги маънавий анъана ва қадриятлардан узоқлашиш – буларнинг ҳаммаси Конфуций кескин танқидий қарашларининг юзага келишига туртки бўлди. Унинг фикрлари жамоатчилик томонидан қабул қилиниши учун ҳамма эътироф қилган обрўга эга бўлиш керак эди. Конфуций худди ана шу обрўни узоқ ўтмишнинг ярим афсонавий образларидан топди. Конфуций вафотидан бир неча аср ўтгач, унинг ўзи орзу қилганидек, подшоҳлар доно, амалдорлар фидоий, халқ эса фаровон бўлган пайтда унинг таълимоти халқ ҳаётининг ажралмас бир қисми бўлиб улгурди.
- Конфуций “комил инсон” (Цзюнь-цзу) хақидаги ғоясини яратди. Цзюнь-цзи юксак маънавиятли инсон – икки асосий хусусиятга эга бўлиши керак: инсонийлик ва масъулият (аждодлар олдидаги қарзни)ни ҳис қилиш. Комил инсон, энг аввало, ишончли ва фидоий бўлиши керак. У ўзини аямасдан ўз ишончига, ўз ҳукмдорига, ўз отаси ва барча ўзидан катталарга хизмат қилиши керак. Бундай инсон доимо камолот сари интилиши зарур.
- Конфуцийликда марказий ўринни ахлоқий масалалар эгаллаган. Диний масалалар, ақидаларга конфуцийчилик анча совуққон муносабатда бўлган. Конфуцийнинг ўзи қадимги Хитойда кенг тарқалган турли руҳларга бўлган ишонч масаласига шубҳали муносабатда бўлган. "Луньюй" (Конфуцийнинг фалсафий фикрлари ва суҳбатлари мажмуаси, у конфуцийликнинг асосий манбаси)да келтирилишича, Конфуций ғайритабиий нарсалар ва руҳлар тўғрисида гапиришни ёқтирмаган. Шунингдек, у тақдир, инсон умри, ўлим хақида сўз юритишдан қочган. Ундан "ўлим нима?" - деб сўраганларида, у "Биз тириклик нима эканлигини билмаймиз-у, ўлим нима эканлигини қаердан била олар эдик"- деб жавоб берган экан.
- Даосизм - Эрамиздан олдинги IV-III асрларда Хитойда пайдо бўлган ярим фалсафий, ярим диний, синкретик таълимот. Унинг туб гояси моддий оламдаги буюм ва ҳодисалар турли-туманлигининг моҳиятини таъминловчи, уларнинг мавжудлик сабаби ва манбаини ташкил этувчи "дао" тўғрисидаги тасаввурлардан иборат. Эрамизнинг II асрига келиб бу таълимот асосида диний қарашлар ҳам шаклланган ва у даосизм номинн олган. Бу дин қадимги дуне файласуфи Дао Цзи номи билан боғлиқ "Дао дэ цзин" китобидаги таълимотга асосланган.
- Даосизмда моддий олам ҳақида содда диалектика элементлари ҳам мавжуд. У дунёдаги барча буюм ва ҳодисалар ўзгаришда, харакатда, баъзи нарсалар тикланса, бошкалари сўнади, деб ғоят тўғри таълим беради.
- Даолик бир жиҳатдан шаманизм ва фолбинлик билан боғлиқ эди, чунки қадимги даволаш услублари фалсафа, айниқса, дао фалсафаси билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Шаманлар даволаш услубларида инсон танасидаги жараёнларни ташқи фазовий кучлар, ҳар хил руҳлар таъсири билан боғлаб, жодугарлик ва сеҳрдан кенг фойдаланганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |