Халқаро тажриба асосларининг гуманитар фанлар негизида олий ўқув юртларида ўрганилиши ҳозирги давр талабига мослиги
Калит сўзлар: “Олий таълим”, “Ижтимоий гуманитар фанлар”, халқаро тажриба, бакалавриат, магистратура, глобал дунёқараш, креатив.
Олий таълим тизимида ижтимоий гуманитар фанларни ўқитишнинг халқаро тажрибаси” фанига кириш
Маълумки, юртимиздаги барча олий таълим муассасларида йилдан-йилга замонавий билим бериш ва амалиётга тайёрлаш долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4391-сон "Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳамда бир қатор соҳага оид ҳужжатлар олий таълимни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда соҳага оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.
Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони бакалавриат таълим йўналиши бўйича 410 минг, магистратура мутахассислиги бўйича эса 13 минг нафарни ташкил қилиб, бакалавр талабаларнинг 54,8 фоизи, магистратура талабаларининг эса 40,8 фоизи гуманитар ва педагогик билим соҳаларига оид таълим йўналишлари бўйича таҳсил олмоқдалар. Бу шуни англатадики, Олий таълим тизимида ижтимоий гуманитар фанларни ўқитиш ўзининг аҳамияти ва зарурийлиги нуқтайи назаридан талабаларнинг миллий ва глобал дунёқарашини шакллантириш, фиклаш доирасини кенгайтириш ва танқидий-таҳлилий муносабат билдиришга ўргатишда алоҳида ўрин тутади.
Бу эса ўз навбатида, халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган кадрлар тайёрлаш, уларнинг интеллектуал қобилиятларини намоён этиши ва маънавий баркамол шахс сифатида шаклланиши учун зарур шарт-шароит яратиш ва илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантиришда жахон илм-фан тараққиётига ижобий таъсир қилган халқаро тажрибани чуқур ўрганиш ва соҳага татбиқ этишни талаб этади.
“Олий таълим тизимида ижтимоий гуманитар фанларни ўқитишнинг халқаро тажрибаси” фани хам айнан мазкур мақсадда алоҳида модул сифатида киритилган. Мазкур фан Олий таълим тизимида ижтимоий гуманитар фанларни ўқитишнинг халқаро тажрибасини Америка, Буюк Британия, Германия, Япония, Россия ва Сингапур каби хорижий давлатларнинг таълим тизимидаги илғор илмий ва педогогик тажриба ва методлари асосида ўрганади.
Жаҳон тажрибасидан олиб қарайдиган бўлсак, илк цивилизациялардан тортиб то энг буюк илмий кашфиётлар ҳам ўзаро фикр ва тажриба алмашиш натижасида, энг муҳим назария ва илмий ҳақиқатлар ҳам ўрганишлар ва бахс-мунозаралар натижасида юзага келади. Мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган сўнгги уч йилликдаги ўзгаришлар ва ислоҳотларни амалга оширишда ҳам бевосита энг илғор хорижий тажрибаларнинг салмоғи каттадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |