9.5-расм. Прокат усулида гипсбетон панеллар ишлаб чиқариш технологик схемаси
1-прокат агрегати; 2-қоришма қоргич; 3, 4,5-гипс, қум, қипиқ бункерлари; 6-дозатор-таъминлагич; 7-етказувчи ролганг; 8-кантовател (сурувчи зих).
Қурилиш майдонларига панеллар махсус треллер-прицепли автомашиналарда ташилади, монтаж қилингунча кассеталарда ёғин-сочиндан ҳимояланган ҳолда сақланади.
Пол асослари учун ишлатиладиган панеллар боғловчиси таркибида гипсдан ташқари цемент ва пуццолан қўшимчалар бўлади. Гипсцементпуццоланли панеллар хона девори ўлчамларида, 50-60 мм қалинликда ишлаб чиқарилади. Панел мустаҳкамлигини ошириш мақсадида ёғоч каркас билан арматураланади. Панеллар хонанинг бир қисмини қоплайдиган ўлчамларда ҳам ишлаб чиқарилиши мумкин. Уларнинг ўртача зичлиги 1300 кгм3 гача, сиқилишдаги мустаҳкамлиги камида 7 МПа бўлиши керак.
Гипсцементпуццолан боғловчи асосида тайёрланган плита ва панеллар санитария-техника кабиналари, вентиляция коммуникациялари, ҳамда бир қаватли турар жой бинолари ташқи деворлари қурилишида ишлатилади.
Гипс боғловчиси асосидаги қуруқ сувоқ икки томони картондан иборат ўртасига юпқа гипс қуйилган лист бўлиб, яхлит ҳолда юқори мустаҳкамликка эга бўлади. Гипскартон листда эгилишдаги юқори мустаҳкамликни икки томондаги картон таъминлайди. Ўрта қисмига қуйиладиган гипс қоришмаси қўшимчасиз ва минерал ёки органик моддалар қўшилган бўлади. Гипс таркибига толасимон органик қўшимчалар киритилиши эгилишдаги мустаҳкамлигини янада ошириши мумкин. Гипскартон листлар узунлиги 250, 270, 290 ва 330 см, эни 120 ва 130 см, қалинлиги 10-12мм ўлчамларда ишлаб чиқарилади. Улар юқори зичликка, иссиқлик ва товуш изоляцияси хусусиятга эга бўлади, осон кесилади, арраланади, мих қоқилади. Оддий гипскартон листлар ҳаво намлиги 60% гача бўлган хоналар деворларини, шипларни қоплашда ишлатилади. Намга чидамли махсус картон асосида тайёрланган листлар намлиги юқори бўлган хоналар ва санитария-техника хоналари деворларини қоплашда ишлатилиши мумкин. Гипскартон листлар турли мақсадлар учун ўнг юзаси гулқоғозлар, поливинилхлорид пардалар билан ёғоч ёки мармар текстурасида безатилган ҳолда ишлаб чиқарилади.
Қуруқ сувоқ листларни ишлатиш қурилиш объектларида безак ишларни тезлатади ва бундай ишларни барча мавсумларда олиб бориш имконини яратади. Листлар оловбардош бўлгани учун ёнадиган буюм ва конструкцияларни ҳимоялашда ишлатилиши мумкин.
Гипскартон листлар ишлаб чиқариш технологияси мураккаб бўлгани учун ва картон таннархи юқори бўлгани сабабли гипсли листларни органик толасимон қўшимчалар қўшиб тайёрлаш йўлга қўйилган.
Уларни тайёрлашда органик толасимон материаллар сифатида майдаланган ёғоч, қоғоз макулатураси, каноп ва бошқа ўсимлик толалари масса бўйича 10% гача қўшилади. Бу хилдаги листларни тайёрлаш технологияси нисбатан соддароқ, таннархи эса арзон бўлади.
Гипскартон ва картонсиз листлар ёғоч каркасли асосга михланади, бошқа асосларга гипс-елим, кўпикгипс ва турли синтетик мастикалар ёрдамида махкамланади. Листларнинг қирра томонларида нуқсонлар бўлмаслиги керак. Уларнинг чоклари марли елимланиб шпаклевкаланиши ёки ёғоч, пластмасса бурчакли рейкалар билан беркитилиши мумкин.
Кейинги йилларда бино ва иншоотларни қайта қуриш ва таъмирлашда гипскартон листларни (ГКЛ) ишлатиш кенгаймоқда. Зарурат бўлганда, мавсум талаб этадиган хўл сувоқ қоришмалари ўрнига ГКЛ ларни ишлатиш таъмирлаш технологияси ва тезлигини буткул ўзгартирди.
ГКЛ лар биринчи марта 1935/36 йй. Москва шаҳри қурилишида ишлатилиб, 1950 йй. да давом эттирилган. Ҳозирги кунда МДХ да Германиянинг “Кнауф” фирмаси ГКЛ қурилиш тизимида кенг тарқалгандир. Кнауф ГКЛ ишлатишга қулай ва экологик тоза бўлиб, таъмирлаш тадбирларида мавсум танламайди ва осон монтаж қилинади.
Кнауф ГКЛ умумий схематик кўриниши 9.6-расмда ва турлари мос равишда 9.1- ва 9.2- жадвалда берилди.
9.6-расм. Гипскартон листи
9.1-жадвал. Гипскартон листи турлари
Do'stlaringiz bilan baham: |