МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК
Маълумотларга кўра, ер юзидаги икки юзга яқин давлатда 7 миллиард 700 миллион кишини ташкил этадиган, 7000 тил ва лаҳжада гаплашадиган аҳоли истиқомат қилмоқда. Жаҳоннинг этник харитасига эътибор берсак, бугунги кунда дунёда миқдоран бир неча юзтадан тортиб бир неча юз миллионни ташкил этадиган 2000 га яқин ҳар хил миллат ва элатлар яшаётганининг гувоҳи бўламиз. Шундай экан, миллатлараро бағрикенглик, улар орасида ўзаро ҳурмат ва дўстона алоқаларни ўрнатиш орқалигина дунёда барқарорлик, осойишталикни таъминлашнинг асосий омили бўлиб қолаверади.
Толерантлик тўғрисидаги замонавий концепция яқиндагина пайдо бўлиб, бу тушунчани шакллантиришда ЮНЕСКО кўп куч-қувват сарфлади. Жумладан, 1995 йилда ушбу ташкилот томонидан қабул қилинган “Толерантлик тамойиллари декларацияси”да толерантлик фуқаролик жамиятининг қадрияти ва ижтимоий нормаси, дея таърифланди. Ўзбекистондаги барқарорликни ҳамда давлат ва жамият тараққийсини мамлакатда истиқомат қиладиган 136 дан ортиқ миллат ва элатнинг ўзаро тотувлигисиз, расман рўйҳатдан ўтган 16 диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
7 февралдаги ПФ-4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар”и 5.1 бандида айни “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар”, деб белгиланган. Миллатлараро ҳамда динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий қисми эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Бу борада бугунги кунга қадар бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Охирги уч йилликда давлатимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5046-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5876-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 декабрь куни “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 1018-сон қарори ҳамда бошқа бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши катта аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.
Хусусан, Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур Қўмита зиммасига жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, тинчликсевар сиёсатни, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилган ютуқ ва муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, чет элдаги ҳамюртларимиз диаспораси билан дўстликни мустаҳкамлашга доир давлат сиёсатини изчил амалга ошириш вазифаси юкланади.
Қўмита миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш, миллатлараро муносабатлар маданиятини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, мувофиқлаштириш ва рағбатлантиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириши, миллий маданий марказларга амалий ва методик ёрдам кўрсатиши, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаши, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, “Ўзбекистон — умумий уйимиз” тамойилини амалга ошириш чораларини кўриши назарда тутилган. Фармонда хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатларни, чет элдаги ҳамюртларимиз ва турдош ташкилотлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий мамлакатларнинг ташкилотлари ва дипломатик ваколатхоналари, хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган турдош ташкилотлар билан самимий ва ўзаро ҳурматга асосланган алоқалар ўрнатиш ҳамда изчил ривожлантиришга қаратилган ишларни тизимли амалга ошириш вазифалари белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5876-сон Фармони билан миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилиб, Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси, 2019 — 2021 йилларда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ва Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга оширишни таъминлаш бўйича Комиссия таркиби тасдиқланган. Мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 январга қадар миллатлараро муносабатлар соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этишни назарда тутувчи чора-тадбирлар комплексини, 2020 йил 1 февралга қадар миллатлараро муносабатлар соҳасида юзага келиши мумкин бўлган можароли вазиятлар ва ихтилофларнинг барвақт олдини олиш ва уларни профилактика қилиш мақсадида мазкур соҳа ҳолатини мониторинг қилиш тизимини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тасдиқлаши белгилаб қўйилди.
Бағрикенглик ўзбек халқига хос бўлган чинакам исломий фазилатдир. У самимият, очиқ мулоқот ҳамда виждон ва эътиқод туфайли вужудга келади. Шунингдек, у фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу билан миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди.
Ҳукуматимиз раҳбарияти барча фуқароларимизга диний маросимларини, ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Динимизнинг асоси – Қуръони каримда ҳам бағрикенглик кенг тарғиб қилинган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида ғайридинга ҳам инсонийлик юзасидан яхши муомалада бўлишни тарғиб қилганлар. Масалан, "Кимки бир дарахт экса ва ундан ҳайвонми, қушми, ҳашаротми, одамзотми еса, уни эккан одамга савоб бўлади”, деган мазмундаги ҳадисни олайлик. Мана шу каби ҳадислардан ҳам динимизнинг бағрикенглигини яққол кўрамиз.
Юртимиз мўмин-мусулмонлари бу анъаналарга содиқ қолиб, диний ва миллий тотувликка катта ҳисса қўшиб келмоқдалар. Мамлакатимизда турли динлар вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши йўлида бирлашмоқда. Динимизнинг бағрикенглик фазилатини ўрганар эканмиз, гап бориб аслида одоб-ахлоққа бориб тақалишини кўрамиз. Халқимизга хос бағрикенглик ҳам ўзининг қадимий илдизларига эга.
Мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, фуқаролар тотувлигини таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли муносабатларни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.
Диний бағрикенглик ҳамиша диний заминдаги адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланишига йўл очган. Бу эса ўз навбатида юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавиятнинг кенг ривожланишига хизмат қилган.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб келишмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, анъана ҳамда қадриятларини сақлаш, ривожлантиришлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилган. Бундай эътибор натижасида кўп миллатли халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди ва қадр топди.
Инсоният тарихида кишилар орасидаги тенг ҳуқуқлиликнинг бузилишига, ўзаро зиддиятларга сабаб бўлувчи омиллардан бири бу турли дин вакилларининг бошқа динга эътиқод ва амал қилувчиларга диний айирмачилик асосида қараши, ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси, ўзга диндаги кишиларга бошқача назар билан қарашларидир. Мана шундай қарашлар оқибатида бугун дунёнинг турли давлатларида ҳар хил низо ва қарама- қаршиликлар юзага келаётир. Диний бағрикенглик айнан мана шу ҳодисаларнинг олдини олишда жуда муҳим саналади.
Истиқлол йиллари Ватанимизда яшаётган турли халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга, унинг қонуний асосларини яратишга жиддий эътибор қаратилди. Ушбу тамойиллар Ўзбекистон Конституцияси ва барча қонунларимизда аниқ ва қатъий муҳрлаб қўйилди. Жумладан, Конституциямизнинг 4-моддасида Ўзбекистон давлати ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожи учун шароит яратиши алоҳида кўрсатиб ўтилди. Конституциямизнинг 18-моддасида эса мамлакатимизнинг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилди.
Яхши биламизки, Ватанимиз қитъалараро маданий-тижорий алоқаларни яхшилашга хизмат қилган Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган. Бу ерда турли халқларнинг миллий анъана ва урф-одатлари ўзаро уйғунликда ривожланган. Демак, ўзбекона бағрикенглигимизнинг илдизлари жуда қадим замонларга бориб тақалади ва бу борада биз ҳамиша жаҳон аҳлига намуна бўлиб келганмиз.
Халқимиз шўролар замонида қатағон, қувғинга учраган кўплаб миллат вакилларига бошпана берди, оғир дамларда бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди. Натижада корейс, немис, поляк, юнон, қрим-татар, турк, тожик ва бошқа кўплаб миллат вакиллари ўзбек элида муқим яшаб қолишди. Уларнинг зурриётлари эса шу заминда туғилиб-ўсиб, шу ерда таълим-тарбия олдилар.
Ҳозирги вақтда диёримизда Республика байналмилал маданият маркази фаолият олиб бормоқда. Ушбу марказнинг бугунги кундаги асосий вазифаси миллатлараро муносабатларни янада такомиллаштириш, мамлакатимиздаги турли миллат вакилларининг миллий-маънавий урф-одат ва анъаналарини сақлаб қолишга кўмаклашиш, бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Юртимизнинг қатор шаҳар ва туманларида турли халқларнинг миллий-маданий марказлари ташкил этилган. Бу марказлар ҳар хил миллат фарзандларининг ўзига хос дўстлик кошонасига айланган. Республикамиз таълим муассасаларида эса ўқув дастурлари ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, туркман, қирғиз ва бошқа қардош халқларнинг тилларида олиб борилмоқда. Радио ва телевидениелар ўз эшиттириш ва кўрсатувларини бир неча тилларда узатади. Шунингдек, 10 дан ортиқ тилларда газета ва журналлар нашр этилмоқда. Табиийки, бу ерда ҳар хил миллат вакиллари ўзларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликларга жавобан давлат бошқаруви ишларида, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳаётда фаол ва эркин қатнашмоқдалар.
Дунёда миллий-этник муносабатлар тобора мураккаблашиб, ҳатто энг илғор давлатларда ҳам оз сонли миллат вакилларини камситиш, хўрлаш ва сиқиб чиқариш ҳолатлари кузатилаётган бир даврда диний бағрикенглик, тотувлик, ўзаро ҳамкорлик масаласи мамлакатларнинг тинчлиги ва тараққиёти учун энг муҳим тамойиллардан бири бўлиб хизмат қилади.
Турли динларга эътиқод қилувчиларнинг бир жамиятда диний бағрикенглик, динлараро ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида, тинч-тотув ва тенг ҳуқуқли тарзда ҳаёт кечиришлари аввало шу жамият гултожи бўлган инсонларга бевосита боғлиқдир. Шундай экан, ҳар биримиз жамиятдаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олийжаноб фазилатларни қарор топтиришда, аждодлардан мерос миллий ва умумбашарий қадриятларимизни давом эттиришда ўз ҳиссамизни қўшайлик.
Хулоса қилиб айтганда, қайд қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш, миллий маданий марказлар учун янада қулай ва кенг имкониятлар яратиш, уларнинг бунёдкорлик ташаббуслари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларини янада ривожлантириш, “халқ дипломатияси” воситасида чет элдаги ватандошлар билан муносабатларни кенгайтиришга хизмат қилади.
.
Do'stlaringiz bilan baham: |