www.ziyouz.com kutubxonasi
68
ростлигига шубҳа қилмасди. Буваси шундоқ машҳур эшон бўлса ҳам мол-дунё тўпламагани
аниқ. Дунёга ҳирс қўйса атиги бир уй, бир айвонга қаноат қилмай, қўша-қўша иморатлар
солдирган бўларди.
Қурбонойнинг эсидан чиқмайди. Дадаси қамалган йили қиш қаттиқ келди. Кетма-кет қор
ёғиб, совуқ заптига олди. Ҳовлидаги тут шохлари қор залвари остида эгилиб турар, мусичалар
айвонда пилдираб нон-ушоқ излар, она-бола илиқ-милиқ танчага тиқилиб, кечалари алла
маҳалгача ухлолмай ётишарди.
Шундай кечалардан бирида кўча эшик қаттиқ гурсиллади. Қурбоной сандалнинг нариги
томонида ётган онаси «Астағфирулло, ўзинг паноҳингда асра, Худойим», деб ўрнидан
турганини кўрди. Онаси токчадаги еттинчи лампани ёқди.
Қурбонойнинг юраги гупиллаб урар, ўрнидан туришга мажоли йўқ эди.
— Ким, ая? — деди қўрқувдан титраб. Кўча эшик ҳамон гурсиллар эди.
— Билмасам... — Онаси эгнига эски камзулини кия туриб тағин Аллоҳга тавалло қилди: —
Ўзинг асра, яратган Эгам!
Қурбоной лампани кафти билан пана қилган кўйи айвонга йўл олган аясига эргашди.
Ҳовлини қалин қор босиб ётар, аммо ҳаво очиқ, совуқ эди. Она-бола калишни пойма-пой
кийганча, катагига мушук оралаган каптардек типирчилаб, эшик-олдига боришди.
— Кимди? — деди онаси овози қалтираб.
Дарвоза ортидан эркак кишининг дағдағали буйруғи эшитилди:
— Очинг!
Онаси баттар титраб-қақшаган кўйи қайта сўради:
— Кимсиз ўзи?
— Қонун номи бйлан буюраман! Оч!
Буйруқ шу қадар қатьий эдики, онасининг қўли қалтираб, лампанинг шишаси жиринглаб
кетди. Беҳуш бир тарзда тамбани сура бошлади.
— Очманг, ая! — деди Қурбоной йиғламсираб. — Очманг, ёмон одамлар!
— Бўласанми-йўқмй? — Нариги томондан янаям дағдағали товуш келди.—Буйруққа
бўйсунмасанг, қонун олдида жавоб берасан!
— Мана, ҳозир... — Онаси титроқ қўли билан амаллаб тамбани сурди.
Ўша заҳоти эшик очилиб қора чарм плаш, шапка кийган одам остона ҳатлаб кирди.
— Ўлиб қолганмисан?! — деди ғазабдан тиши ғижирлаб. Қурбоной чироқ ёруғида таниди:
бу ўша! Дадасини олиб кетган одам. Соқоли қиртишлаб олинган. Шапкасини қуюқ қоши устига
бостириб кийган, кўзлари ёниб турибди.
— Ким бор уйингда? — деди атрофга аланглаб.
— Ўзимиз... — онаси шапкалининг кетидан бошқалари ҳам келиши муқаррардек тағин бир
лаҳза туриб қолди. Ҳамон қўллари қалтирар, лампа шишаси нола чеккандек ожиз жирингларди.
— Бошла! — деди шапкали ияги билан имо қилиб. Аввал онаси, кетидан шапкали, унинг
кетидан Қурбоной қори куралган сўқмоқдан тизилишиб айвонга чиқишди. Онаси калишини
ечмай кавшандозда туриб қолди.
— Бошла!
Онаси каловланиб уйга кирди. Шапкали унинг кетидан эргашди. Аммо ичкари кирмади.
Кавшандозда тўхтаб қолди.
— Чироқни қўй! — деди сандалга имо қилиб. Қурбоной айвон ўртасида тўхтаб қолган,
шапкалининг нияти нималигига ақли етмас, ҳамон қўрқувдан юраги гурсиллаб урар, фақат бир
нарсани аниқ билар эди: бу ёмон одам. Дадасини олиб кетган! Онаси талмовсираб, ичкари
кирди. Чироқни сандал устига қўйди шекилли, айвонни ярим зулмат чулғади. Фақат очиқ
эшикдан чироқнинг қизғиш нури тушиб турарди. Шапкали этигини ечмай, шиддат билан уйга
отилиб кирди. Қурбоной нима гаплигига ҳамон тушунолмай, кавшандозга келди. Онаси сандал
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |