13
Ғўзаларим бир ойлик бўлди.
Ана шунда бир шамол турди, бир шамол турди.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
www.ziyouz.com кутубхонаси
68
Афғон шамоли дейин дедим — шамол Ҳисор тарафдан эсди.
Шамол ғўзаларимни бир чапга қайирди, бир ўнгга қайирди.
Ғўзаларим айқаш-уйқаш бўлиб қолди. Ғўзаларим букчайиб-букчайиб қолди. Ғўзаларим
ётиб-ётиб қолди.
Пушталарда тизилмиш кўклар ғўза бўлдими ё бошқа бир майса бўлдими — билиб бўлмай
қолди.
Мен наҳор-наҳорлаб далаларим бошида чўк тушдим.
Ётиб-ётиб қолмиш ғўзаларимни қўшқўллаб-қўшқўллаб ростладим.
Айқаш-уйқаш ғўзаларимни кафтлаб-кафтлаб тарадим.
Ғўзаларим тағин бўй-бўйлади.
14
Мажлис қариди.
— Сиз билан биз ҳали-ҳамон дотацияда яшаймиз, ўртоқлар! — дея якунлади раисимиз. —
Дотациядан қутулиш учун қўлни қўлга бериб меҳнат қилмасак бўлмайди! Дотациядан
қутулайлик, ана ундан кейин одамдай яшасак бўлади!
Қабатимда ўтирмиш бригадир қулоғига шивирладим:
— Қаерда яшаймиз, дейди? — дедим.
— Дотацияда, —дейди.
— У қаерда?
Бригадир товони билан ер тепиб кўрсатди.
— Шу ерда, — деди. — Мана, мана шу ерда. Шуниям билмайсанми, ҳе, кўрсавод.
Гапимизга тағин бир бригадир қўшилди.
— Дотацияда яшаймиз дегани, муттаҳамларча яшаймиз, дегани-да?
— Унчалик эмас-е, ҳе, гапинг қурсин.
— Бўлмаса, нима дегани? Ё,
текинхўрларча яшаймиз, деганими?
— Ундай ҳам эмас. Нима десам экан, дотация дегани... давлат қарамоғида яшаймиз, дегани.
Йўқ, буям ундай тўғри бўлмайди. Дотация дегани... қарз бўлиб яшаймиз, дегани.
— Шунча ишлаб-а? — дедим. — Йил ўн икки ой тонгдан шомгача ишлаб-а?
— Тонгдан шомгача ишласанг, ишлаб ёта берасан-да. Пахтанг арпага увоқ ҳам бўлмайди.
Мажлисдан кейин эшагимни қичаб-қичаб ҳайдадим. Ўйлаб-ўйлаб ҳайдадим.
Аёлимиз бирдай бригадирлигимни гапиради, мажлисимизни гапиради. Худони берган
кечаси нимани мажлис қиласизлар, дейди. Аёлимиз одамни ё майна этади, ё қитиғимга
тегмакчи бўлади.
— Ана, мажлисда нимани гапирамиз! Дотация, дотация!
Аёлимизни ана энди боплайман! Дотация, дегич катталарбоп гаплардан гапираман.
Аёлимизни лол-лол қолдираман.
Аёлимиз оғзи очилиб-очилиб қолади. Бригадирлигим билан мажлисимизни майна этмагич
бўлади.
Чин-да — бригадир ўз оти ўзи билан бригадир-да. Катта, катта! Бригадир мажлисларда
иштирок этади. Бригадир раислар билан гап олиб, гап беради, Дотация, дегич гаплардан
гапиришади!
Йўл-йўлакай дотация-дотация... дея пичир-пичир этиб келдим. Эсимдан чиқиб кетмасин,
дедим-да.
Эшагим бир ўнқир-чўнқирдан ҳуркди. Чаппа бурилиб тувлади.
Мени ерга шундай олиб урди, шундай олиб урди! Ҳушим бошимдан учди. Ҳушим билан
қўшилиб дотация, дегич гап-да учди. Дотация эсимдан чиқди-кетди!
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |