Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
www.ziyouz.com кутубхонаси
78
Ўйнаб қўяй-ўйнаб қўяй, жигитни қаранглар-ай, жигитни-е, дедим.
Мен ўзимни ўзим танимадим. Мен ўзимга ўзим беш кетдим!
Қиз бурчакдан кўз олмади.
Қиз ер остидан калламга кўз қир ташлади.
Қиз бурун жийирди. Қиз пешона тириштирди.
Охир-оқибат — бир шляпа калламга чиппа ёпишди.
— Шуни нархини айт, — дедим. Қиз юзимга қайрилиб-да қарамади.
— Беш сўм! — деди.
— Ўзи тешик-тешик бўлса, яна-тағин, офтобдан сақламаса, буни нимаси беш сўм? — дедим.
Қиз жавоб бермади. Бурчак қараб тура берди.
Мен беш сўм узатдим.
Қиз бурчак қарамиш зайли пул олди. Бийқиллатиб ғаладон очди. Пулни ғаладон ташлади.
Тағин ғийқиллатиб ғаладон ёпди.
Шунда, пештахтада тахлоқлик бахмалга кўзим тушди. Гулдор бахмал кўзимни ўйнатди.
Олмасам-да, сўраб-суриштиргим келди.
— Бахмал қанчадан бўлди? — дедим.
— Олмасангиз нима қиласиз, — деди қиз.
— Ўйнаб қўяй, бахмалларингдан, ўинаб қўяй, оламан десам, оламан.
— Беш сўмлик шляпани кўриб юрагингиз ёрилиб кетди-ю.
— Ёрилган йўқ, қизим, ёрилган йўқ, ундай дема.
— Сўзана қиммат, эллик сўм, — деди қиз.
— Юз сўм турса-да, бер қани, бир кўрайинқани.
Қиз бахмални зарда билан олдимга ташлади. Ўзи бир бурчидан ушлаб турди.
Мен гўё олар одамдай бахмални силкиб-силкиб ёйдим.
Шунда, бахмал бурчи қиз қўлидан чиқиб кетди.
Қиз қўлини белига тиради, Қиз уччосини чиқарди. Қиз кафти билан бетига шамол этди.
— Уф-ф-ф... кўриб бўлдингизми? — деди.
Мен бир қизга қарадим, бир бахмалга қарадим, бир ёнимга қарадим.
Ёнимда пул бўлди. Аёлимиз ун
оласиз, дея бермиш пул бўлди. Пул бир ҳафтадан буён
ёнимда юрди.
Мен ёнимни ковладим. Ана шу пулни олдим.
Мен бармоқ тупуклаб-бармоқ тупуклаб пул санадим. Мен қиз қулоғига қуйиб-қуйиб пул
санадим:
— Бир сўм, икки сўм, уч сўм... Эллик сўм! Ана, эллик сўм! Энди, шу бахмалингни берман
бер!
Қиш пештахтадан пулни олди. Санаб-санаб ғаладон солди.
Қиз бахмал ўраб бошлади.
— Ўрама, шундай бер! — дедим. Қиз бахмални олдимга сурди.
Мен бахмални олиб бурчак бордим. Ер жойлашиб ўтирдим.
Этикларимни бирин-кетин
суғурдим.
Бахмални тирр-тирр икки бўлдим.
Бир бўлагини бу оёғим ўрадим, бир бўлагини у оёғим ўрадим.
Этикларимни тортиб-тортиб кийиб олдим. Этикларимни ер тепиб-ер тепиб кийиб олдим.
Дўконда юрмишлар ажаблана-ажаблана қараб-қараб ўтди.
Қиз... кўрдим демади! Қиз... мижжа қоқмади!
Қиз ойна қараб қош силади. Қиз ойна қараб зулф тоблади.
— Бахмал сўзана... — дея минг-минг этди.
— Далага бўла беради, — дедим. — Бизни далага бахмал сўзанаям бўла беради!