www.ziyouz.com кутубхонаси
142
Аскар боши билан чиқ, имосини берди.
Мен узун даҳлиз бўйлаб йўл олдим.
Кетимдан келмиш аскар оғзи бурнидан кафтини олди. Бурчакда турмиш сатилга энкайди.
Томоғини чангаллаб-чангаллаб ўқчиди.
— Уҳ, туф, уҳ! — дея ўқчиди. — Энам-ай, ай, энам-ай!..
— Ўрганиб кетасиз-ўрганиб кетасиз! — дея далда бердим.
Аскар аччиқ билан елкамдан туртди.
— Юр, сендан сўраяпманми, юр! — деди. Мен бир қалқиб йўл олдим.
6
Қорағилоф эшикдан ичкариладим.
Иван Иванович қулоғидан телефондаста олди.
Шаҳодат бармоғи билан жой буюрди.
Мен буюрилмиш жой чўкдим.
Иван Иванович пўлатсандиқдан бир жузгир олди. Жузгир варақлаб-варақлаб қаради.
— Деҳқонқул Ақрабович, — деди. — Сиз порахўрлар билан ош-қатиқ бўлиб келдингиз. Сиз
текинхўрлар билан олди-берди қилиб келдингаз. Бор айбингиз шу. Бу эса, айб саналмайди. Шу
боис, мен бир-иккита савол бераман.. Сиз эса, саволларимга лўнда-лўнда жавоб берасиз —
бўлди! Қанчалик ҳаққоний жавоб берасиз — шунчалик тез озод бўласиз! Келишдикми?
Серқуёш Ўзбекистонда пахта хом ашёсини «оқ олтин» дейдилар-а? Ўзбек халқи ғоят зукко халқ
— топиб айтади! Ана шу серқуёш Ўзбекистонда «оқ олтин» терими бошланди! Тез-тез жавоб
берасиз — ана шу «оқ олтин» қўйнига етиб борасиз!
— Сўранг-сўранг, — дея бош ирғадим.
— Хў-ўш, биринчи сўров: ўртоқ Жамолиддинов, раисингизни олтинларини қаерга кўмиб
эдингиз?
Ўйладим-ўйладим — ўйлаб ўйимга етолмадим.
— Ўйнаб қўяй, сўровингиздан, — дедим. — Қандайчикин олтинни айтаяпсиз?
— Қандайчикин бўларди — Мурунтов олтини-да.
— Олтин сариқ бўлади, деб эшитиб эдим. Аммо-лекин олтинни ўзини кўрганим йўқ.
— Мумкин, кўрмаган бўлишингиз мумкин. Чунки раисингиз олтинларни очиқча бермайди-
да. Раисингиз... манавиларни кўмиб ташла... деб бирор нима бериб эдими? Ана шуни қаерга
кўмиб эдингиз?
— Ўйнаб қўяй-ўйнаб қўяй, раис қаерда — мен қаерда? Раис одам менга бир нима
берармиди?
— Беради! Ўзидан холис яшириб сақлаш учун беради! Ўртоқ Жамолиддинов, сиз ана шу
олтин кўммангиз қаердалигини айтсангиз бўлди — сизга жавоб бериб юбораман!
— Менда олтин кўмма нима қилади, катта?
— Олдин айтинг: раисингиз олтинларни сандиққа солиб бериб эдими ё бидонга солиб бериб
эдими?
— Ўйнаб қўяй, гапларингиздан, ўйнаб қўяй. Бидонга олтин соладиларми? Бидонга сув
соладилар!
Иван Иванович олдимга бир рўзнома олиб келди. Рўзнома номини кўз-кўз этди.
— Кўраяпсизми, ўртоқ Жамолиддинов? — деди. — «Собеседник» рўзномаси. Бутун дунё
ўқийди! Энди, «Собеседник» ичини қараймиз!
Иван Иванович рўзномани ёйди.
Рўзнома қўшалоқ бетида уюм-уюм олтин тангалар суврати бўлди. Уюм-уюм олтин узуклар
билан олтин сирғалар суврати бўлди. Қат-қат юз сўмлик билан қат-қат эллик сўмликлар суврати
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |