38
Мен ана шунда олибсотар бўламан-қоламан!
Олибсотар ориқдан-ориқ қўй боқади. Олибсотар тозидан-този қўй боқади.
Эрта бозорда ана шу този қўй ошиғи устидан тешади.
Олибсотар ана шу тешикка оғиз қўйиб пуфлайди. Лунж шишириб-лунж шишириб
пуфлайди. Чираниб-чираниб пуфлайди.
Қўй бир ўлиб тирилади. Қўй бир ўлимдан қолади.
Қўй бир кечада семиради. Қўй пуфланмиш шар мисол таранг бўлади.
Олибсотар азонлаб қўйни бозор солади.
Молбозорда молжаллоб дегич кимса бўлади.
Молжаллоб учун кирим бўлса бўлди — бузоқни ҳўкиз дея сотиб беради. Молжаллоб учун
кирим бўлса бўлди—эчкини қўй дея пуллаб беради.
Ана шу молжаллоб қўйни мақтаб-мақтаб пуллаб беради.
Далаларим ана шу қўй бўлиб-бўлиб қолади!
Катталар ана шу молжаллоб бўлиб-бўлиб қолади!
Мен ана шу олибсотар бўлиб-бўлиб қоламан!
39
Тўртинчи теримда қор ёғади.
Ҳаводан қиш нафаси келади.
Кечалари ҳалқоб сувлар музлайди.
Далаларим билч-билч лой бўлади.
Мен шилт-шилт лой ботиб кўсак тераман.
Мен қунишиб-қунишиб кўсак тераман.
Мен қалт-қалт қалтираб кўсак тераман.
Мен ҳовучларимга уфлаб-уфлаб кўсак тераман.
Кўсаклар тошдай-тошдай метин бўлади.
Кўсаклар муздай-муздай совуқ бўлади.
Тош-метин кўсаклардан қўлларим тилим-тилим бўлади.
Муз-муз кўсаклардан қўлларим йиринг-йиринг бўлади.
ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
1
Ит бемаврид-бемаврид ҳурди.
Мен уйқумда эшитиб ётдим.
Ит жон-жаҳди билан ҳурди. Ит қаҳр билан ҳурди.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
www.ziyouz.com кутубхонаси
138
Уйқум қочди. Чопонимни елкам ташлаб ташқариладим.
Тун тошдай-тошдай зим-зиё бўлди.
Тимирскиландим-тимирскиландим — ташқи чироқни ёқдим.
Ит хиёл забтидан тушди.
Мен дарвоза тарафладим.
Дарвоза одоб билан тик-тик этди. Дарвоза назокат билан тик-тик этди,
«Ким бўлса-да, ўзимиздан бўлмади, — дея ўйладим. — Ўзимиздан бўлса, тарақ-туруқ
уради».
— Ким у? — дедим.
— Биз идорадан келдик! — деди бир овоз. —Биринчи теримда сўйиш учун қўй олиб келдик!
Мен дарвоза зулфинига қўл узатдим.
— Ўйнаб қўяй, қўйларингдан! — дедим. — Ярим кечада қўйим нимам?
— Раис юборди, раис! Оча қолинг!
— Биринчи терим эртаматан бошланади. Эрта-матан олиб келардиларингиз-да?
— Энди, раис машъал бригадиримиз эрталаб шошиб қолмасин, деди-да. Оча қолинг,
қўйингизни ола қолинг!
— Ўйнаб қўяй, раисдан-да! — дея-дея дарвоза зулфинини олдим.
Шунда, учта одам забт билан ичкари ёпирилди. Бирови кўкрагимга тўппонча тиради.
Иккови ҳовлига автомат ўқталди.
— Қимирлама! — дея зуғум этди тўппончалик. — Қўлингни кўтар!
— Нима гап! — дея ҳанг-манг бўлдим.
— Қўлингни кўтар, деяпман!
Мен қўлларимни кўтариб-кўтариб турдим.
— Қўйнини ковланглар! — деди тўппончалик. Автоматчилар қўйнимга қўл тиқиб-қўл тиқиб
кўрди. Чўнтакларимни босиб-босиб кўрди. Уятли-уятли жойларимни ушлаб-ушлаб кўрди.
Ушламаган жойлари қолмади!
— Йўқ! — дея тўнғиллади автоматчи.
— Тўппончанг қаерда? — деди тўппончалик.
— Тўппонча? Қандайчикин тўппонча? — дея ҳайронландим.
— Кўп талмовсирама, сенларда пулемёт ҳам бор!
— Кетмонимдан бўлак балом йўқ! — дедим.
— Сенларда-я? Ҳали кўрамиз! Қани, ичкари бошла!
Автоматчилар елкамдан туртиб-туртиб ичкари ҳайдади.
Тўппончалик тўппончаси билан деразамизни зир-зир урди.
Ичкари чироқ ёнди.
Онамиз уй ўртасида серрайиб турди.
Болалар уйғониб қолди.
Болалар онамиз оёқларига осилди. Болалар уйқусираб-уйқусираб йиғлади. Болалар
кўзларини ним очим-ним очиб йиғлади.
Онамиз бир менга олазарак боқди, бир автоматчиларга олазарак боқди.
Бир автоматчи автомати қўндоғи билан онамизни туртиб юборди.
Онамиз кетилаб тисарилди-тисарилди — бурчак суяниб қолди.
Болалар онамиз гирдида ғуж-ғуж бўлиб олди.
Автоматчилар автомат қўндоғи билан сандиқ усти бўғжомаларни ағдариб-ағдариб ташлади.
Автоматчилар сандиқ қулф-зулфларйни суғуриб-суғуриб ташлади.
Бир сандиқда аёлимиз раҳматликдан қолмиш кийим-кечак тахлоқлик бўлди.
Автоматчилар аёлимиз раҳматликдан қолмиш кийим-кечакларни автомат учи билан
илдириб-илдириб отди.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |